Жума, 20 Сентябрь 2019

Текин башорат

“Эҳ, баҳор! Баҳор! Шундай ажойиб ҳавода шаҳарда нима бор?!”деган экан, жудаям доно бир инсон. Тўппа-тўғри айтибди ўша одам, бежизга доно, эмас-да! “Тоғу-тошлар, қир-адирларга чиқ, табиат манзараларидан баҳра ол, деган-да”, барака топгур! Оҳ, оҳ, оҳ! Бутун борлиқ қушларнинг чиройли нағмалари билан тўла. “Шундай пайтда табиат қўйнида бўлсанг, мазза-да!” деб қалб ҳаяжонимни ташимга чиқарганимни биламан! Йўл-йўлакай ҳансираб келаётган рафиқамдан ваниҳоят садо чиқди:

— Шундан шу ёққа кўтарилишимиз шартмиди, ўзи?! Пастда, ўт-ўланларнинг устида дастурхон ёзиб, очиқ ҳавода тамадди қилсак ҳам бўларди-ку?! Йўқ, “тоққа чиқамиз”, деб қўймадингиз! Уфф, жоним нақ ҳиқилдоғимга келди-я, тоғингизга чиққунча!

— Азизам, кампирга ўхшаб жавраманг, хўпми? Сизга умуман ярашмайди. Ундан кўра, теварак-атрофга қаранг: қандай гўзал манзара!

— Жуда гўзал! Айниқса, бутун танамни қамраб олган чарчоқ, гўзалликка ҳамоҳанг, симиллаяпти…

— Э, ўқимаган! Табиатнинг бунақа бетакрор манзарасини кўриш учун энг баланд чўққига чиқсанг ҳам  арзийди, тентак. Қара, тепадан қараганда водий қандай чиройли! Дарёни айтмайсанми, дарёни?!

— Водий гўзал, дарё чиройли?! Тан олдим, бўлдими? Фақат  гўзалликнинг ҳаммаси пастда экан, ярим кун овора бўлиб, тоққа чиқиб нима қилардик, шуни тушунолмаяпман. Тилим тиззамгача осилиб қолди-ку, романтик эржоним?! Э-э, ўргилдим! Бўлди, кетдик, пастга тушамиз. Табиат манзараларидан баҳра оламиз. Ҳолимиз қолса, албатта!

— Сен ниманиям тушунардинг, нодон хотин!  Қир-адир, дала-даштга чиқсам, ёшлигим эсимга тушади.  Айниқса, шу дарёга кўзим тушса,  юрагим қинидан чиққудек потирлаб, алланечук бўлиб кетаман.

— Чўмиламан, деб шу дарёга чўкиб кетишингизга озгина  қолганми, нима бало? Ким қутқариб қолган экан, бориб раҳмат айтиб келай, ундан кўра!

— Нафасингни ел учирсин, хотин… Сабаби бошқа, тополмадинг! Қачонлардир бир қиз мени деб, айнан шу дарё бўйида, тасаввур қиляпсанми, шу тошқин дарёда ҳаётини хавф остига қўйганди!

— Йўғ-э?! Қанақасига?

— Шу дарё бўйида учрашганмиз. Шу дарё бўйида уйига совчи юбормоқчилигимни айтганман.

— У-чи? Рози бўлувдими?

— Салкам. “Сизга теккандан кўра, ўзимни шу дарёга ташлайман”, деганди…

Бу гапдан хотиним чарчоқниям унутиб, мазза қилиб кулди. Фақат менга тегмай, армонда қолган ўша қизнинг устиданми ёки у қутулиб ўзи менга рўпара келганиданми, шунисини билолмадим. Ўша пайтда бирдан какку сайраб қолса бўладими? Мен дарҳол аввалдан ўйлаб қўйган “операция” мни амалга оширишга киришдим.

— Эшитяпсанми, онаси, какку сайраяпти?  Кеча суҳбатини олганман.

— Қанақасига? — деди ҳайрон бўлиб рафиқам.

— Ундан яна қанча яшашимни сўрадим. Агар айтгани рост бўлса, эллик учга кирарканман, кейин озгина ўларканман-да, яна ҳаётни давом эттириб, тўқсон етти ёш умр кўрарканман.

— Зўр-у?! Мен-чи, мен? Мени сўрамадингизми?

— Ўзинг учун ўл етим, онажониси?! Ҳамма ўзи учун ўзи сўрайди. Ана, сайраб турибди, ўзидан сўра.

— Айтадими?

— Айтади. Энг муҳими — текин. Башорати учун пул сўрамайди.

— Какку, какку, айт-чи, мен яна қанча умр кўраман? — деди  хотиним. Каккудан “Ҳаётингизнинг ҳисоб кўрсаткичида қолган муддат, ўн беш йилу уч ойдан иборат…” деган жавобни эшитган маликамнинг бошидан ҳуши учиб, чайқалди. Бу ёғи яхшиликка олиб бормаслигини сезиб, телефонимга ёзилган “Какку”нинг овозини қўйиб бердим. Хайрият, кўнгли жойига тушди. “Айтилган муддат эса менинг ҳаётимни хавф остига қўяди”, дедим рафиқамнинг ҳайратини баттар ошириб. Сабаби, ўн беш йил-у уч ойдан кейин бизнинг хоним, 50 ёшлик юбилейларини нишонлайдилар. Шу кунни муносиб ўтказиб беролмасам, тамомман-да!..

Ана шунақа, ҳурматли эркаклар, аёлларимизни фақат бошга эмас, тоғу тошга чиқариб ҳам балога қолганлар бор, орамизда! “Ёмон бўлишсаям, бахтимизга омон бўлишсин, ишқилиб!

ЭҲСОНБЕК.