Жума, 20 Aprel 2018

Тақиқлаш ёки рухсат бериш — қай бири тўғри? 

Фарзандларимизни зарарли одатлардан қандай ҳимоя қилишимиз зарур? Бола кутилмаганда катталар билан гаплашишни хоҳламай, одамови бўлиб қолса, уни қандай тушуниш лозим?

Ўғли ёки қизи билан тил топишишга уринаётган, аммо бунинг уддасидан чиқолмаётган ота-оналарни шу каби саволлар қийнайди.

 Кўпинча ўсмирларнинг ота-оналари қарама-қарши икки ҳолатга тушиб қолишади. Уларнинг баъзилари боласига ҳамма нарсани тақиқлайди. Натижада у мустақил ҳаракат қила олмайдиган ёки индамас бўлиб улғаяди. Бошқа тоифадаги ота-оналар эса назоратдан умуман бош тортиб, ўзига ишонмайдиган, паст баҳо берадиган, яқинлари унга бефарқ бўлган шахсни тарбиялашади. Аслида тарбияда ҳам мувозанатни сақлашнинг йўли борми?

Фарзандингизга яқин бўлинг 

Яхши ота-она бўлишни ўргатувчи махсус мактаблар мавжуд эмас. Афсуски, бу борада айнан руҳшунослик бўйича ақлли китоблар ва мутахассис маслаҳатлари ҳам ёрдам бермайди, чунки маслаҳатлар умумий, вазиятлар эса ҳар хил. Бир ўсмирга ёрдам берган усул, иккинчиси билан муносабатда тўғри келмайди. Агар нима қилишни билмай, ҳар доим хавотирга тушаверсангиз ёки ниманидир нотўғри қилишдан қўрқсангиз, вазиятни фақат мураккаблаштирасиз. Фарзанд тарбиясида ҳамма хатога йўл қўяди, бусиз иложи йўқ. Ҳар бир бола, айниқса, ўсмир учун ота-онасининг қийин вазиятда ёрдамга келишга тайёр, ўзига ишонган одамлар эканлигини билиш муҳим!

Кўпчилик яхши ота-она бўлишга ҳаракат қилиб, болага ўз болалигини тасвирлаб, у эҳтиёж сезмаган нарсаларни бисёр қилишга интилади. Ўсмирлик даврингизда истаган нарсангизни олиб беришга ота-онангизнинг қурби етмаган, энди сиз фарзандингиз ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, ҳеч нарсага эҳтиёж сезмаслиги учун қўшимча иш олишга тайёрсиз. Бу орқали уни ота-она билан ўтказадиган вақтидан маҳрум қиласиз. Гарчи фарзандингиз қимматбаҳо гаджет олиб беришингизни ялиниб сўраётган бўлса-да, сиз унга берадиган меҳрнинг ўрни барибир бошқа. Фарзандингизга яқинроқ бўлинг, у айнан сизнинг ўсмирлигингизга ўхшамайди. Унинг эҳтиёжлари ҳақида ўйлаб кўринг, у билан кўпроқ суҳбатлашинг.

Ишонч ёки назорат? 

Ҳар бир ота-она уйдаги қўпол муомала ёки жанжалдан кейин ғазабланган ўсмир фарзандининг уйдан кетиши, кўчада безориларга дуч келиши, ижтимоий тармоқларда ножўя гуруҳларга қўшилиб қолишидан қўрқади. Мураккаб вазиятлардан ҳеч ким ҳимояланмаган ва сиз ҳам барчасини назорат қилолмайсиз. Аммо муаммонинг ечими фарзандингиз ўзини қандай тутишига ҳам боғлиқ. У ўйлаганларини сиз билан ўртоқлашадими? У сизга ишона оладими? Маълумки, ишонч йиллар давомида шаклланади, аммо бир лаҳзада уни йўқотиб қўйиш мумкин.  Шусиз ҳам ўзига ишонмайдиган болага қарата билдирилган салбий баҳоловчи фикрларингиз (“Сен нимани ҳам билардинг”, “Қўлингдан ҳеч нарса келмайди”), шунингдек, доимий саволларингиз ўртадаги яхши муносабатларнинг бузилишига олиб келади. Ўсмир бирон мавзу ҳақида гапиришни истамаса, уни ортиқча савол бериб мажбурлашнинг ҳожати йўқ, чунки барибир ҳақиқатни билолмайсиз.

Фарзандингиз шахс бўлишига имкон беринг, бу унинг гапиришни хоҳламаганида сукут сақлаш ҳуқуқини тан олишингизни англатади. Агар тақиқласангиз, бу аксинча таъсир кўрсатади. Қаршингизда турган катта одам эмас, бола эканини унутманг. Чунки у ҳали ўзи ва ҳаёти учун жавобгарликни тўлиқ ҳис қилолмайди, сиз эга бўлган ҳаётий тажриба унда йўқ, демак, қўллаб-қувватлаш ва маъқуллашингизга муҳтож. Уни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишингиз, яхши кўришингиз зарур. Ҳамиша қўллаш ва ёрдам беришга тайёрлигингизга боланинг ишончи комил бўлса, қийин вазиятларда у сиздан албатта маслаҳат ва ёрдам сўрайди.

Қоидалар фақат бола учун эмас! 

Ўсмирлар ёлғонга ўта таъсирчан бўлишади. Болани тўғри гапиришга ўргатиб туриб, ўзингиз ёмон сўзларни ишлатсангиз, компьютер олдидан ҳайдаб, қўлингиздан телефонингиз тушмаса, зарарли одатларни тақиқлаб, ўзингиз уларни ташлай олмасангиз, ҳеч қандай ишончли муносабатлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас! Уйда ўрнатилган қоидалар барча учун баравар бўлиши лозим.

Ёдда тутинг! 

Қоғоз варағини икки устунга бўлинг: биринчи устунга фарзандингизнинг яхши фазилатларини, иккинчисига у катта бўлганида эга бўлиши лозим сифатларни ёзинг. Энди таққосланг. Агар ўнг томонда “муваффақиятли, мустақил”, чап томонда “ҳар доим гапимга киради” деган сўзлар турса, демак, тарбия усулингизда қарама-қаршилик мавжуд.

ДИЛОРОМ тайёрлади.