Душанба, 16 Июль 2018

Тадбиркор қорбобо

— Индинга синфимизда Янги йил базми бўлади. Менга чиройли кўйлак олиб беринг, — сўради Гулноза ойисидан. — Яна кўпроқ пул ҳам беринг. Чунки Қорбобо биз билан лотерея ўйнар экан. Ким яхши ўйнаса, қимматбаҳо совға олади, устозимиз айтди.

Саёҳат қизининг хурсандлигини кўриб қувонди ва эртасигаёқ бозорга тушиб, чиройли кўйлак сотиб олди. Ниҳоят, қизи кутган кун ҳам келди. Она-бола байрамга астойдил тайёргарлик кўришди. Уйдан чиқишдан олдин Гулноза онасининг қўлига шеър, топишмоқлар ёзилган қоғозни тутқазиб, яна бир марта такрорлаб олди.

— Бўлди, қизим, ҳаммасини ёдлабсан. Қорбобонинг олдида ҳаяжонланмай айтавер.

Кечки пайт мактабдан қайтган Гулнозанинг кайфияти йўқлигини кўрган ойиси ундан сўради:

— Нима бўлди, қизим? Янги йил базми қолдирилдими?

— Йўқ, қолдирилмади. Фақат Қорбободан хафа бўлдик.

— Келмадими?

— Келди… Фақат… Қорбобонинг қопида совғалар ёзилган қоғозчалар бор экан. Ким беш юз сўм тўласа, қопга қўлини тиқиб қоғозчаларни олади.

— Хўш, хўш… кейин нима бўлди?

— Ҳеч кимга совға чиқмади. Шу, холос.

— Ҳа, мактабга келган Қорбобо тадбиркор экан-да, — кулди она. — Майли, қўявер, хафа бўлма. Совғанинг энг яхшисини ўзим бераман!

Нигора РАҲМОНОВА.