Душанба, 18 Ноябрь 2019

Сумкангиз  феъл-атворингизни фош этади!

Табиатда аёл каби сирли жумбоқ бўлмаса керак. Руҳшуносларнинг айтишича, аёлнинг феъл-атворини билмоқчи бўлсангиз, унинг ҳамроҳи бўлмиш сумкасига эътибор бериш лозим. Қуйидаги фикрларни ўқиб, унда тасвирланган сумкадан ўзингизни танисангиз ажабмас.

Ишбилармон  аёл

Бу каби аёлларнинг сумкаси доимо классик шаклда бўлиб, қайсидир жиҳатлари эркаклар сумкаси, портфелларга ўхшаб кетади. Сумканинг ичида иш билан боғлиқ бўлган турли-туман қоғозлар (албатта, файл ичида) мужассам. Шахсий анжомлар, пардоз буюмлари жуда кам. Негаки ишбилармон аёл пардозни одатда уйда (ишга кетишдан олдин) бажаради, ишдан чиқишда эса сочини енгилгина тараб қўяди. Улар лаб бўёғини сезилар-сезилмас лабига бир теккизиб қўйса, кифоя.

Ишбилармон аёлнинг сумкасида ҳаётидаги каби тартиб ҳукмрон бўлади. У тозаликка муккасидан кетган, ҳар бир нарсани асраб-авайлаб ишлатади. Шу сабабли унинг сумкаси йиллаб тутса-да, эскирмайди. Бундай аёлларнинг сумкасида калит, телефонга мўлжалланган ярқироқ безакларни тополмайсиз. Аммо у ҳеч қачон ҳамёнини ҳеч қаерда унутмайди. Негаки, ҳамёни доимо қаерда туришини аниқ эслайди.

Ишбилармон аёлнинг кучли томони: доимо ақл-идрокка асосланиб фикрлайди, хотираси кучли. Ишончли, яқинларидан ёрдамини аямайдиган кучли шахс. Яна бир жиҳати, у қанчалик банд бўлмасин, фарзандларининг тарбиясига доимо вақт топа олади.

Тегманозик

Бу тоифа аёллар кичик ҳажмдаги сумкачаларни хуш кўрадилар. Уни кўтариб юриши ҳам ўзига хос: сумканинг учидан ушлаганча нозланиб юришини кўрганлар унга эътиборсиз ўта олмайдилар.

Унинг сумкаси ичида фақат пардоз буюмлари, қўл ва юз териси учун мўлжалланган нам сочиқча, крем, бош оғриғини қолдирувчи дорилар бўлади. Ҳамённи ҳам ним пушти ёки бошқа “ажабтовур” рангдагисини танлайди.

Бу тоифадаги аёлдан асло қарз сўраманг, барибир бермайди, аммо кўнглингизни кўтариш учун “фалон фирмага тегишли” бўлган лаб бўёқ ёки фаранг упасидан бир марта фойдаланишга бериши — унинг энг олий ҳиммати.

Унинг кучли томони: бу аёл ҳар қандай вазиятда ҳам ўзининг фикрини эркин ифода эта олади. Шуниси ҳайратланарлики, кўп ҳолларда унинг фикри тўғри чиқади.

Хаёлпараст

Сумкасининг шакли ғайриоддий. У доимо модага амал қилади. Аммо сумка ичига назар солсангиз, чўчиб кетасиз. Негаки, ичида йўқ нарсанинг ўзи йўқ: эски визитка ва харид чеклари, турли пишириқ ёки шифобахш малҳамлар рецепти, телефон рақамлари ёзилган қоғоз парчалари, флешка, диск, ейилган ширинлик қоғозлари… Ҳамённинг ўзи йўқ, транспортга чиққанда доимо пул излаб, паттачини кутишга мажбур қилади.

Шундай бўлса-да, бу сумканинг эгаси барча яқинларининг туғилган кунларини эсида сақлаб, уларни табриклашга вақт топади. У ҳар доим намойиш этиладиган барча премьера, концертлар ҳақида хабардор бўлиб, у ерга тез-тез бориб турмаса, юраги сиқилиб кетади.

Унинг кучли томони: ўзига хос хаёлот оламида яшайди, аммо айнан шу “хом хаёл”лари уни мақсад сари етаклайди. Негаки, бундай шахслар режасини аввал ичида обдон пишитиб, кейин амалга татбиқ этадилар.

Бекажон

Доимо катта, юмшоқ (иложи бўлса, тоза чармдан) сумка тутади. Сумканинг белбоғи узун, мустаҳкам. Ичида ҳамма нарса бор. Ҳа-ҳа, агар бундай аёллар кимсасиз оролга тушиб қолишса ҳам, 1-2 ҳафта бемалол кун кечиришлари мумкин. Биринчи ёрдам учун мўлжалланган  дори-дармонлар (энг сифатлиси ва синалгани), яқинлари, атрофдагилари учун кутилмаган совғалар доимо бисёр. У яқинларини тез-тез йўқлаб туради. Унинг келишидан ҳар қандай мезбон хурсанд. Чунки ўзи билан олиб келган егуликлар қуп-қуруқ дастурхонни ҳам тўлдириб юборади. Ҳамёнида доимо даста-даста пул, у кўпроқ йирик пулларни сарфлашни яхши кўради.

Унинг кучли томони: мулоқотга тез киришиб кетади, доим кимгадир ёрдам беришга ошиқади, уй ҳайвонлари унинг жону дили, аразлашни ёқтирмайди.

Психолог Дилором Сагдуллаева тавсияларига асосан

 Ҳадийжа тайёрлади.