Пайшанба, 20 Сентябрь 2018

Шоира Мирсодиқова: “Қаҳрамонларимни кўриб, ўзимни тарбиялайман”

Шоира Мирсодиқова таъсирли воқеаларга бой муаллифлик кўрсатувлари билан кўпчиликнинг эътиборига тушган ижодкор. Айни пайтда у шахсий ҳаётидаги муҳим янгиликни кутмоқда. Шундай бўлса-да, томошабинларга экран орқали ўз кўрсатувларини тақдим этиш учун тинимсиз ҳаракатда.

Томошабинлар сизни дастлаб Шоира Юнусова сифатида танишган. Аммо янги лойиҳаларда Мирсодиқовага айландингиз”…

— Дарҳақиқат, аввалги фаолиятимда ҳамма мени Юнусова сифатида таниган, аслида бу — қизлик фамилиям. “Гувоҳман” кўрсатувидаги терговчи образи учун эса болаларга янгилик бўлиши ва уларни ишонтира олиш мақсадида оила қурганимдан кейин олган фамилиям билан чиқишга қарор қилдим.

— Бошловчилик, телевидение соҳасига қачондан қизиққансиз?

— Тошкент шаҳрида туғилганман. Ота-онам — тадбиркорлар. Аввал Чилонзордаги 202-мактабда, кейин Тошкент вилоятидаги 30-мактабда ўқиганман.

Болалигимдан “Келажакда ким бўласан?” дейишса, “Диктор бўламан” дердим. Она тили ва адабиёти фани ўқитувчимиз Маҳмуда опа мендаги қобилият, саҳнадан қўрқмаслигимни сезиб, мактабдаги барча тадбирларда бошловчиликни менга ишониб топширардилар, мендан яхши бошловчи чиқишини айтиб, руҳлантирардилар. Бу соҳага кириб келишимда устозимнинг мана шу ишончи ҳам катта роль ўйнаган.

Мактабни тугатганимдан кейин журналистика соҳасида ўқиш истагимни билдирсам, ота-онам кўнишмади. Айниқса, онам “Телевизорда чиқадиган қизга уйланишни ҳеч бир йигит хоҳламайди” деб, бу фикримни маъқулламадилар. Отам маданият институтини битирганлар бўлсалар-да, лекин барибир “Қиз болага бу соҳа қийинлик қилади”, деб қўрққанлар. Уларнинг ундови билан банк коллежига ўқишга кирдим.

Болалигимда математика фанини унча хушламасдим. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда математикадан уй вазифаларини бажаришда доим партадошим, синфдошим Дилшод ёрдам берарди. Аксига олиб, коллежда ўзим ёқтирмайдиган фан — математика дарслари кўп эди, яна олий математика дарслари! Шу боис, бир йил ўқидим, кейин қийналиб кетганимдан уйдагиларга ўқишимни сиртқига ўтказиб, “Ишлайман” деб туриб олганман. Биринчи босқичдан кейин ўқишимни ростдан сиртқи бўлимга ўтказиб, Миллий банкка ишга бордим. Суҳбат чоғида дарҳол ишга қабул қилинганимни айтишди, аммо бу соҳага қизиқишим йўқлиги учунми, узоқ ишлай олмадим. Ҳисоб-китобни ҳозиргача ёмон кўраман (кулиб).

Шу орада академияда ишлайдиган бир аёл уйимизга меҳмонга келди. У кишидан қизиқиб, “Сизларда иш йўқми?” деб сўрадим. У аёл лаборантлари бошқа бўлимга ўтаётганини айтиб, “Эплай оласанми?” деб сўради. Мен дадил “Ҳа, ўргатсангиз, эплайман!” деб жавоб бердим. Шундай қилиб, ўн етти ёшимда мени Нилуфар Алимова Давлат ва жамият қурилиш академиясининг аспирантура ва докторантура бўлимига ишга олганлар. У ердаги муҳит, ўқимишли, зиёли инсонларга ҳавасим туфайлими, кейинроқ ўзим ҳам тайёрланиб юриб, институтга ўқишга кирдим. ТошДУнинг тарих факультетида бакалавр босқичини ўқиб тугатгач, магистратурани фалсафа факультетида сиёсатшунослик бўйича тамомладим.

— Ижодий иш фаолиятингизни қайси даргоҳда бошлагансиз?

— Илк бор телевидениега, “Ўзбекистон” каналидаги “Хонадон” кўрсатувига “проба” топширганман. Синовдан муваффақиятли ўтиб, Нилуфар Умрзоқова, Рустам ака Муродовларнинг ишчи гуруҳида бирга тўрт йилча ишладим. Шу орада “Ёшлар” канали раҳбарига “Навбатчи” деб номланган лойиҳам маъқул келди. Кейин у кишининг таклифи билан “Ёшлар” каналига ўтдим ва шу каналда ишладим. Ўзбекистон радиосида ҳам ўн йилча фаолият юритдим. “Фильм тугади”, “Орзуга ишон”, “Соғинч” каби эшиттиришлар тайёрладим.

— Сизни мухлислар “Гувоҳман” ва “Бу менинг онам” кўрсатувлари орқали янада яхшироқ танишди. Аммо бу икки кўрсатувда сизни икки хил қиёфада кўрамиз. Ҳаётда уларнинг қай бирига яқинроқсиз?

Ҳаётда “Бу менинг онам”даги бошловчига яқинроқман, назаримда. Чунки жуда ҳам таъсирчанман. Ҳар бир кўрсатувни суратга олиш жараёнида қаҳрамонларим билан гаплашиб, уларнинг дардини чин дилдан ҳис этишга уринаман ва “Уларнинг ўрнида мен бўлсам, нима қилардим?” деган саволни ўзимга бериб кўриб, уларга ҳам шундан келиб чиқиб саволлар бераман. Кўпинча кўрсатув иштирокчиларининг ҳикояларидан таъсирланиб, кўзимга ёш келади. Операторлар қаҳрамоним қолиб, ўзимни юпатишга тушиб кетишади...

Бу кўрсатувлар муаллифи — ўзим. Аслида кўрсатувнинг илк сценарийсини дастлаб Ўзбекистон телеканалларидан бирида ишлаб юрган пайтимда раҳбариятга олиб кирганимда, уларга маъқул келганди. Аммо нимадир сабаб бўлиб, кўрсатув тасдиқдан ўтмади. Хусусий каналга ишга ўтганимда, айнан шу лойиҳани кўрсатиб, фикрларини сўрадим. Кўрсатувнинг илк сонларини тайёрлаб келганимда, лойиҳам маъқул бўлганини айтишди.

— Кўрсатувнинг “Тавба-тазарру” қисми ғояси қандай туғилди?

Илк кўрсатувим қаҳрамони Умид исмли йигит билан танишиб, вазиятни ўрганиш учун анча суҳбатлашганман. Шу жараёнда билдимки, бу йўлга адашиб, билиб-билмай кириб кетаётган ёшлар кўп экан. Фарзандининг нотўғри йўлга кириши ва панжара ортига тушишидан энг кўп азият чекадиган одам эса она бўлади. Мен болаларнинг оналари билан гаплашиб кўриб, шу нарсани ҳис этдим ва кўрсатувни давом эттириш ғояси туғилди. Баъзида томошабинларнинг ўзлари ҳам ажойиб ғоялар беришади. Томошабинлар орасида менга мактуб ёзиб, “Бир ойдан кейин қамоқ муддатим тугайди, илтимос, чиқадиган куним мени эшик олдида кутиб олинг ва онамнинг олдига бирга борайлик”, деган ёшлар ҳам бор.

Телебошловчи сифатида ишлашимга бошида ота-онам роса қаршиликларини билдиришган. Лекин бугун улар “Ўз орзуларингни амалга ошириш учун охиригача курашиб, адашмаган экансан, қизим!”  деб, эришган ютуқларимдан жуда фахрланадилар”.

— Ижодий жараёнда чиқарган хулосаларингиз…

— Адашган ёшлар билан, уларнинг оналари билан гаплашиб шу хулосага келдимки, улар мендан хафа бўлишмасин-у, болаларнинг бу йўлга кириб қолишига тўқсон фоиз ота-оналар айбдор. Ҳозирги ёшлар ҳам катталар билан доим муносабатда бўлгиси келади, аммо кўп катталар фарзандига етарлича вақт ажрата олмайди. Ёки баъзилари боласининг кўнглига қараб, ортиқча эркалатиб юборади. Оналарнинг қизларга қараганда, ўғилларига меҳри барибир бошқача экан. Уларни меъёрдан ортиқ меҳр бериб эркалатишади-да, кейин натижада ўзлари ҳам жабр чекишади…

Бу қаҳрамонларимнинг ҳаётини кузатиб, ўзимни тарбиялайман, тўғри хулосалар чиқаришга ҳаракат қиламан. Ҳаётда жавобини топа олмаган кўп саволларимга, жумбоқларимга шу кўрсатув орқали жавоб топишга ҳаракат қиламан.

— Қаҳрамонларингизнинг кейинги тақдирига қизиқасизми?

— Албатта, кўп қаҳрамонларим билан ҳозир ҳам гаплашиб тураман, қизлар ўзлари қўнғироқ қилиб туришади.

Ўзим ўн йилдан бери жуда яхши биладиган, тўйларимизнинг ошини дамлайдиган ошпаз танишим бор. “Худо хоҳласа, ўғлимни сизга шогирдликка бераман”, деб ният қилардим. У кишидан қаҳрамонларимнинг бири Умидни шогирдликка олишини сўрадим ва бу шунчаки кўрсатув учун эканлигини айтдим. У киши илтимосимни эшитиб, “Мен кўрсатув учун эмас, агар ўша бола ўзи ростдан қизиқса, уни шогирдликка албатта оламан”, дедилар. Бу жавобдан кейин ўзим ҳам Умид бу ишни эплай олармикин, деб иккиландим. Кейин ошпазнинг уйига бирга бордик. Эшикдан кириб бораётганимиздаёқ, унга ошпаз ҳақида гапириб, аввал ўқитувчи бўлганларини, ошпазлик ҳунари ҳам борлигини, шу ҳунари, ҳалол меҳнати орқасидан шунақа чиройли уй-жойлар қилгани, машина олганини сўзлаб бердим. Умиднинг кўнглида ростдан ҳам ҳалол меҳнат қилиб нимагадир эришиш мумкинлигига ишонч, бўлажак устозига ҳавас уйғонди.

Улар учрашиб, гаплашишганидаёқ бир-бирларига маъқул келишди. Мана, ўша қаҳрамоним ҳалигача ошпазнинг шогирди бўлиб ишлаб юрибди. Умид ошпазга шогирд тушгани, ҳаётда ўз ўрнини топганидан унинг онаси ҳам жуда хурсанд бўлди. Шу кўрсатувда қилган энг катта ишим шу бўлганидан ўзим ҳам хурсандман.

— ТВда бошловчи сифатида эришган барча ютуқларингиз учун кимлардан миннатдорсиз?

— Ҳаётимда ижодий жараёнларда менга яқиндан ёрдам берган устозларим кўп. Тўғриси, бирон жумлани тўғрилаб йўл кўрсатган инсон борки, устозим деб биламан. Асосий иш фаолиятимни бошлаган пайтимда устозларим — Нилуфар Умрзоқова, Феруза Файзиева ва Фурқат Зокировлардан кўп нарса ўрганганман. Хусусий телеканалга ўтганимдан кейин мухлислар мени “Бу менинг онам” лойиҳаси орқали яхшироқ танишди. Лойиҳани тайёрлашимда, кўрсатувни эфирга олиб чиқишда, айнан шу йўналишда кетишимда Нигора Назарова менга худди онадек ўз маслаҳатларини аямадилар, йўл-йўриқ кўрсатдилар. У кишини ҳам устозларимдан деб биламан. Бунинг учун улардан, ҳамма устозларимдан жуда миннатдорман!

— Келгусида яна қандай режаларингиз бор?

— Келгусида тасдиқдан ўтган иккита лойиҳам бор. Уларни худо хоҳласа, баҳор фаслига томошабинларга тақдим этиш ниятидаман.

Оилалиман, уч фарзандим бор. Катта ўғлим 15 ёшда, иккинчи ўғлим бир ярим ёшда. Кўп мухлисларимиз телефон қилиб вилоятларга таклиф қилишади. Уларга шу кунгача ҳозир узоқ сафарларга чиқолмаслигимни айтишга ийманардим. Аммо охирги пайтда учинчи фарзандим дунёга келишини кутаётганимни, ҳомиладорлигимни очиқ айтишга мажбур бўляпман. Мана шу фарзандларимни эсон-омон катта қилиб, тарбиялаш — келгусидаги энг катта мақсадимларимдан яна бири.

Муҳаббат ШАРИФОВА суҳбатлашди.