Чоршанба, 19 Сентябрь 2018

Ширинликли “уйча”

Янги йил байрамида ширинликли “уйча” эртак ва сеҳргарликнинг энг яхши тимсоли ҳисобланади. Уни оила аъзолари билан бирга тайёрлаш мумкин. Бунинг учун аввало турли зираворлар, мазали безакларни олиб, ажойиб ғоялар билан илҳомланамиз ва яхши кайфиятда энг зўр рецепт бўйича “уйча”ни тайёрлашга киришамиз!

“Уйча” хамири учун:

Ун — 1 кг, тухум — 3 дона, шакар — 200 г, асал — 250 г, сариёғ — 200 г, ичимлик содаси — ярим чой қошиқ ва ¼ чой қошиқдан зираворлар (долчин, занжабил, қалампирмунчоқ, янчилмаган қора мурч ва кардамон).

Биринчи навбатда, барча зираворлар биргаликда ҳовончада янчиб олинади. Ун ва сода алоҳида идишда аралаштирилади. Янчилган зираворларга асал, шакар, тухум ва сариёғ қўшилади. Сўнг ичимлик содаси ва унли аралашма солиниб, хамир қорилади. Хамир 3 соат музлатгичга қўйилади.

Хамир тингунича “уйча”нинг шаклини танлаймиз. Ширинликни биринчи марта тайёрлаётган бўлсангиз, деразали икки ён қисми, орқа қисми, эшикли олд қисми ва иккита бир хил том қисмлари бўлган оддий уйча шаклни танлашингиз мумкин. Уларни қоғозга чизиб олиш керак, кейин хамирга қўйиб кесилади.

Тайёр бўлган хамир музлатгичдан олиниб, зар қоғоз устида 0,5 см қалинликда ёйилади. Устига тайёрлаб олинган андазаларни қўйиб, “уйча”нинг қисмлари кесиб олинади ва 170-180 даражали газ печида 10-15 дақиқа пиширилади.

Ёпиштириш учун карамелли қиём

Металл идишда 100 г шакарга 2 ош қошиқ сув қўшиб аралаштирилади. Аралашмали идиш оловга қўйилади, қайнаб чиққач, паст оловда оч жигар ранг тус олгунча қайнатилади.

“Уйча”нинг пишган қисмлари совигач, уни йиғишга киришиш мумкин.

Безаклар

Асосий безак — ширин оқсилли қиёмдан чизиладиган нақшлар. Қиёмни тайёрлаш учун битта тухум оқи, 2 томчи лимон суви ва 180 г қанд упаси аралаштирилиб, қуюлгунча кўпиртирилади. Уни ширинликка қандолат шприци билан суриш мумкин.

“Уйча”ни безатиш учун энг асосий безаклар — шоколадчалар, ёнғоқ, рангли думалоқ конфетчалар, кокос қириндиси, қандолат упаси ва мармеладларни унутманг.