Сешанба, 11 Декабрь 2018

Шифобахш редиска

Редискафойдали элементларга жуда бой. У эрта баҳорда, ҳамма сабзавотлардан илгари етилиб пишади. Унинг таркибида темир, магний, калий, кальций, фосфор, С, РР, В ва К витаминлари борлиги туфайли инсон танасига қувват бағишлади. Шунингдек, у дармондориларга, айниқса аскорбин кислотасига, минерал тузларга бойдир. Бир кунда атиги бир марта редиска қўшилган салат ёки егулик эсангиз, аскорбин кислотасининг бир кунлик миқдорига эга бўласиз.

Редиска  вужудимизда овқат ҳазм бўлишини яхшилайди, сафро ва пешоб ҳайдовчи восита сифатида таъсир қилади. Унинг таркибидаги хантал мойи эса ичакдаги микробларни ўлдириб, йирингли жароҳатларни бартараф қилади. Кўклам пайти толиққан аъзоларга тетиклик улашади. Авитаминознинг олдини олади.

 Шифоси нимада?

Редиска меъда ва ичакларни тозалайди, суякларни мустаҳкамлайди. Қон босими ошган беморлар редискани сомонча шаклида тўғраб, қатиққа ботириб ейишлари керак. Меъда касали билан оғриганлар уни шўрвага солиб, пиширилган ҳолда истеъмол қиладилар. Жиғилдон қайнаганда редискани тиш билан қириб, сели ютсангиз, муаммодан қутуласиз. Редискали салатларни муттасил еб туриш юрагини ёғ босганлар учун ҳам фойдалидир, у оздиради, нерв тизими фаолиятини яхшилайди ва мушак тўқималарини мустаҳкамлайди.

Таомни ҳазм қилишга ёрдам беради

Редиска меъда касалликлари билан оғриганлар учун жуда фойдали неъмат. Негаки, унинг таркибидаги клетчатка ошқозон суюқлиги ишлаб чиқарилишига кўмаклашади. Агар кечки таомномада қовурилган, ҳазми қийин таом истеъмол қилсангиз, дарҳол редискали салат енг. Чунки у бундай таомларнинг тез ва осон ҳазм бўлишига ёрдам беради.

 Хотирани кучайтиради

Ҳар куни асосий таом билан бирга редиска қўшилган салат ейишга одатланинг. Таркибидаги фойдали витаминлар ақлий фаолликни ошириб, хотирани мустаҳкамлайди. Салат тайёрлашда майонездан эмас, ўсимлик ёки зайтун ёғларидан фойдаланинг. Чунки ушбу сабзавот майонез билан фойдали хусусиятини йўқотиши мумкин.

 Касалликларни даволайди

Агар сизни радикулит безовта қилса, бир боғ редискани қирғичдан ўтказиб, икки қават докага ўранг. Сўнг оғриқ бераётган соҳага компресс қилинг.

Бош оғриғидан безор бўлсангиз, уни ҳам редиска ёрдамида даволаш мумкин. Бунинг учун 2-3та редиска шарбатини пешона, чакка ва кўз атрофига суртиб чиқасиз.

Агар қабзият қийнаса, ҳар куни ярим коса редискали салат истеъмол қилинг. Бундай салат учун бир боғ редиска, шивит ва кашнични майда тўғраб, қатиқ қўшиб аралаштиринг.

 Шарбати юз терисини озиқлантиради

Кўклам қуёши юз терингизда пигмент доғларни кўпайишига сабаб бўлдими? Бу муаммони редиска ёрдамида ҳал этса бўлади. Бунинг учун 2 ош қошиқ сметанага битта қирғичдан чиқарилган редиска, ярим боғ тўғралган кашнични аралаштиринг. Ҳосил бўлган аралашмани юзингизга суртинг-да, 15 дақиқага қолдиринг. Сўнгра илиқ сувда чайинг. Муоалажа бир ҳафтада уч марта бажарилса, бир ойдан сўнг натижаси сезилади.

Агар юз терингиз қуруқлашиб кетаётгандек туюлса, эрталаб ва кечқурун битта редискани қирғичдан чиқаринг ва  шарбати билан юзингизни артинг. 15 дақиқадан кейин илиқ сувда чайиб олинг. Редиска шарбати юз терисини озиқлантириб, қуруқлашишидан ҳимоя қилади.

 Редискани арчиб еманг!

Редискадай ажиб неъматни исроф қилиб, пўстини ажратиб ейиш яхши эмас. Уни бир неча бор ювиб, банди, учи ва илдизларнигина қирқиб ташлаб, пўчоғи билан ейиш керак. Негаки, таркибидаги фойдали неъматларнинг асосий қисми пўчоғидадир.

 Кимлар истеъмол қилиши шарт?

Қандли диабет билан оғриган беморлар редискани кўпроқ тановул қилишлари лозим. Чунки у қонда қанд миқдорини меъёрлаштиради. Шунингдек, семизлик дардидан қийналиб, озиш ниятида бўлган кишилар ҳам уни ҳар куни истеъмол қилишларини маслаҳат берамиз. Чунки у ичакларни тозалаб, организмдаги ортиқча холестеринни ювиб тушади.

 Илҳом ОТАЖОНОВ, диетолог.

КАМОЛА тайёрлади.