Жума, 22 Июнь 2018

Шаҳар ва туманларда ҳунармандликни ривожлантириш марказлари ташкил этилади

Миллий матбуот марказида ўтказилган навбатдаги тадбир мамлакатимизда ҳунармандликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланди.

“Ҳунарманд” уюшмаси ҳунармандларга қулайликлар яратиш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг декабрь ҳолатига кўра, уюшма аъзолари 10 минг 247 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилда улар сафига яна 8 мингдан ортиқ ҳунарманд қўшилди.

Ҳунармандлик маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини ошириш ҳамда ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда дунёнинг 20 дан ортиқ давлатида 113 кўргазма ва ярмарка ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, уюшма таъсисчилигида “Uz craft and art” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Келгусида мазкур корхона тизимида мамлакат туристик объектлари, диққатга сазовор жойлари, ҳудудлардаги ҳунармандлик марказларида ҳамда бир қатор бозорларда “Аср салон”лар, яъни амалий ва тасвирий санъат асарларининг савдоси билан шуғулланувчи дўконлар очилади.

Матбуот анжумани қизғин баҳс-мунозаралар ва савол-жавоблар билан якунланди.