Сешанба, 18 Декабрь 2018

Севги учун тождан кечганлар

Севган одам доим ҳамма нарсага тайёр бўлади. Ҳамма нарсадан кечишга. Ҳатто ўша нарса жуда қадрли бўлса ҳам. Баъзан эса муҳаббат йўлида тожу тахтдан ҳам кечиш мумкин. Қуйидаги тождорлар ўз хатти-ҳаракатлари билан бунинг тўғрилигини исботлашди.

Ҳақоратга тўла мактублар келарди…

Бу борадаги энг машҳур воқеа британ тахти вориси Эдуард VIII ва 30 ёшдан ошган оддийгина америкалик аёл, болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлайдиган, икки марта ажрашган (иккинчи эри билан шаҳзодани учратгандан сўнг ажрашган) Уоллис Симпсоннинг севги қиссасидир. Айтишларича, у аёлнинг асосий фазилати тинглай олишида бўлган, аксар қироллик оиласи аъзолари сингари ўзини ёлғиз ва ғамгин сезадиган Эдуард билан мулоқотда айнан шу фазилатини намоён қилган. Зеро, ота-она давлат ишларига кўп вақт ажратиб, болаларни энага ва мураббиялар қарамоғида қолдиришарди.

Симпсон қиролича бўлишга умид қиларди — бундай имкон Эдуард VIIIнинг отаси, қирол Георг V вафот этгандан сўнг пайдо бўлди, аммо қирол оиласи, парламент, инглиз черкови ва Буюк Британия халқи қарши чиқди — улар тахт вориси ажрашган аёлга уйланишига қарши эди. Лондонда намойишлар ўтказилди. Намойиш қатнашчилари Симспонга қаратилган таҳдидлар ёзилган плакатларни кўтариб юришар, ўзига эса ҳақорат ва қарғишларга тўла хатлар келарди. Эдуард VIII мушкул танлов қаршисида қолди: муҳаббатми ёки тож? Ўз қарорини британ халқига радиомурожаатида эълон қилди. Бу мурожаатда у “қиролнинг вазифасини ўзи севган аёлнинг далдасисиз бажаролмаслигини” айтди. Қирол бўлолмаган шаҳзоданинг танлови тўғри экан: эр-хотин Эдуард VIII ўлимига қадар аҳил ва муҳаббатли ҳаёт кечиришди.

Йоханнинг энг дадил қарори

Нидерландия қироличаси Беатрикс ва Клаус фон Амсбергнинг ўғли — Йохан Фризо аввалига эркин ҳаёт кечирди — саройдан кетиб, иккита университет — Калифорния ва Делфтдаги университетни тамомлади, Роттердам университетининг иқтисодиёт магистри даражасини олди ва банк соҳасида муваффақиятли фаолият олиб борди. Бироқ Йоханнинг энг дадил қарори — тадбиркор Мейбл Виссе-Смитга уйланиш қарори бўлди. Фризонинг рафиқаси бўлишга даъвогар аёлнинг таржимаи ҳолини жуда синчиклаб ўрганишди ва унинг шаънига доғ бўлиб тушадиган маълумотни топишди: маълум бўлишича, 80-йилларда у нидерланд мафиясининг “чўқинтирган отаси” Клаас Брейнс билан таниш бўлган. Яқин дугонасининг мафиози билан аслида у яқиндан мулоқот қилганини, Мейбл эса уни шунчаки таниганини уқтириши ёрдам бермади — Фризонинг унга уйланишини тақиқлашди.

Севимли аёлига уйланиш имконига эга бўлиш учун Йоханнинг қачондир Нидерландия қиролига айланиш имконидан воз кечишига тўғри келди. Душманлар унинг учун бу имконият шартли бўлганини таъкидлашарди — тахтга ўтирадиганлар навбатида Йохан акаси Виллем-Александр ва унинг катта қизидан сўнг учинчи эди. 2013 йилда қиролича Беатрикс тахтдан воз кечгач, айнан Виллем-Александр Нидерландия қироли бўлди. Йохан Фризо эса 2004 йилда Мейбл Виссе-Смитга уйланди. Шундан сўнг бирин-кетин икки қиз — Луана ва Йоханна дунёга келди. 2014 йилнинг февралида Фризо Австриянинг Лех тоғ-чанғи курортида кўчки остида қолди. Комага тушиб қолиб, ярим йилдан сўнг ҳушига келмай 44 ёшида вафот этди.

Тахтга ўтиришга умид ҳам қилмасди

Люксембурглик шаҳзода Луи, ҳукмдор монархлар Анри ва Мария Терезанинг ўғли, бўлажак рафиқаси, сержат Тесса Антони билан Косовада танишди — Тесси ўша ерда хизмат қилар, тахт вориси эса ҳарбий бўлинмалар инспекцияси билан борган эди. Муҳаббат тез аланга олди, ёшлар учраша бошлашди. Аммо Тесси ҳомиладор бўлиб қолганини билмаганда, воқеалар ривожи қандай кечарди – аниқ айтиш қийин. Қироллик оиласи биринчи ўғли Габриэл туғилгандан сўнг шаҳзоданинг Антонига уйланишига розилик берди, аммо бунинг учун у тахтдан воз кечиши керак эди. Аслида, Луи тахтга ўтиришига унчалик умид ҳам қилмасди — чунки у тахт ворислар қаторида акалари Гийом ва Феликсдан сўнг учинчи ўринда турарди. 2007 йил ноябрда рафиқаси шаҳзодага яна бир ўғил — Ноани туғиб берди. Аммо ўн йил ўтгач, 2017 йилнинг январида Луи ва Тесси ажрашишди.

Муҳаббат ғолиб чиқди

Ҳозирги япон императори Акихитонинг ёлғиз қизи, малика Саяко, умр йўлдоши сифатида дизайнер Есико Куродани танлади. Дизайнернинг оиласи ҳурматли оила эди, аммо император оиласи аъзолари турмуш қуриши мумкин бўлгандан эмасди. Саякони Есико билан турмуш қургандан сўнг фақат тождан эмас, балки, император оиласи аъзоларига жоиз бўлган нафақадан ҳам маҳрум бўлиши ҳақида огоҳлантиришди. Малика буларнинг бари арзимаган нарсалар эканлигини — бир умрлик муҳаббатини учратганини, қолгани ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини айтди.

Саяконинг ортга чекинмаслиги маълум бўлса-да, император саройи унга тўй совғаси сифатида — 1,3 миллион доллар маблағ ажратди. Малика ва Есико Куроданинг тўйи 2005 йил 15 ноябрда  бўлди. Шундан сўнг Саяко эрининг фамилиясига ўтиб, император оиласини тарк этди. Куродалар ҳозир тинч ҳаёт кечирмоқда. Малика умр йўлдош танлашда адашмаган кўринади.

Мако Акисинонинг танловини маъқуллашди

Яна бир япон маликаси — Мако Акисино, шаҳзода Акисинонинг қизи ва император Акихитонинг катта невараси ҳам, Саяконинг йўлидан юрди. У ҳуқуқшунос Кей Комурони танлади. Ёшлар институтда ўқиётганда танишиб қолиб, беш йил давомида учрашиб юришди. Мако ва Кейнинг фотиҳаси ҳақида 2017 йил майда хабар берилди. Ўшанда у ҳам аммаси Саяко сингари ўз даражасидан воз кечиб, император оиласи томонидан моддий таъминланиш ҳуқуқини йўқотиши маълум бўлди. Шундай бўлса-да, Маконинг яқинлари Комуро билан танишгач, унинг танловини маъқуллашди: уларга ошпазлик, скрипка чалиш ва тоғ чанғисига қизиқадиган камтар йигит маъқул тушди. Мако Акисино ва Кей Комуронинг тўйи шу йил бўлиши режалаштирилган.

СЕВИНЧ тайёрлади.