Сешанба, 25 Июнь 2019

Севара Назархон: “Оилам билан ҳамиша қалбан яқинликка интиламан”

Ўзбек санъатига бундан роппа-роса 20 йил аввал янги овоз соҳибаси кириб келди. У бошқаларга ўхшамасди, унинг қўшиқларидан тортиб, кийиниши ва саҳнада ўзини тутиши ҳам ўзгача эди. Назаримизда, у бошқа хонандалардан фарқли равишда мусиқани ижрога бўйсундира оладиган ижодкор эди.

Истеъдод, меҳнат ва тажриба сабаб, бугун нафақат ўзбек, балки хориж санъатида ҳам Севара НАЗАРХОН номи ўз ўрнини топди. Унинг мухлислари миллат танламайди.

 — 1998 йили катта орзу-умидлар билан cаҳнага қадам қўйган Севара ўтган вақт давомида уларнинг неча фоизига эришди?

— Мен режалаштириш бўйича жаҳон чемпиони эмасман (кулиб). Тўғрироғи, мен учун асосийси — бахтли яшаб, ҳаёт завқини туйиш. Қўшиқ эса яшашга ҳам ёрдам беради. Агар илк кунларни назарда тутадиган бўлсам — ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётгандек… Ҳаётим ижод билан боғлиқ, севимли оилам, уйим бор. Худодан яна нима сўрашим мумкин?!..

— Санъаткор бўлишингизда ота-онангизнинг ўрни беқиёс. Улар билан боғлиқ энг ширин хотираларингизни эслаб турасизми?

— Яратган ҳаётимни шу оилам билан боғлаганидан миннатдорман. Чунки бу оилада биз болалигимиздан меҳр-муҳаббат, ғамхўрлик ичида улғайдик. Ота-онам мусиқачилар, улар бизни санъатни қадрлашга ўргатишди, мени мусиқа мактабига ёздиришди, у ердан сўнг Ўзбекистон давлат консерваториясига ўқишга кирдим. Шу билан бутун ҳаётим санъат билан боғланиб кетди. Шубҳасиз, санъаткор бўлишимда ота-онамнинг ҳиссаси катта. Истеъдодни табиат инъом этса-да, уни парваришлайдиган ота-она ва устозлар бўлар экан. Менга шундай имкониятни яратиб берганликлари учун ҳам улардан миннатдорман.

— Яқинларингиз орасида санъатга қизиқувчилар борми? Бир ота-онадан туғилган фарзандлардан нега айнан сизга ижодкорлик қобилияти ато этилди? Бу ҳақида ҳеч мулоҳаза юритиб кўрганмисиз?

— Қобилият, истеъдод  тушунчалари — сирли жумбоқ. Буни инсон белгиламайди, истаган тақдирда ҳам унга эришолмаслиги мумкин. Оилада барча фарзандларга бир-хил таълим-тарбия берилса ҳам, барчасининг ҳаёт йўли турлича бўларкан. Касб танлашда ҳам. Жумладан, бизнинг оиламизда ҳам ҳаммага профессионал артист бўлиш насиб этмади. Аммо ҳаммамизда мусиқий товушларни фарқлаш, санъат моҳиятини англай олиш қобилияти бор. Ҳозир жиянларимдан бири Ўзбекистон давлат консерваториясида таҳсил оляпти. Ундан умидимиз катта, аммо санъатда қандай натижага эришишини вақт кўрсатади.

Мусиқа басталайсиз, уларни ўзингиздан бошқа кимлар ижро этади? Умуман, сизда ижодий қизғаниш, рашк борми?

— Ҳаётда ҳам, ижодда ҳам тан олиш — мардлик. Инсон ҳамкасбларининг ютуғини тан олишни ҳам билиши керак (кулиб). Ҳақиқатан ҳам, бошқа бастакорларнинг куйидан камдан-кам ҳолларда фойдаланаман. Мусиқаларни ўзим тасаввур қилгандек яратаман. Бошқа хонанда тасаввуримни қанчалик тушуна олиши менга қоронғи.

— Қўшиқ шеъри ҳақидаги тушунча бир оз ўзгарган. Шеър эмас, матн дейилади. Аксарият хонанда ва кўпчилик бастакорлар матнни ҳам ўзлари ёзишади. Сиз-чи?

— Йўқ, ўзим матн ёзмайман — талабларим жуда юқори (кулиб). Яхшиямки, атрофимда ўз ишининг усталари бор. Мен билан ишлашнинг машаққати шундаки, атрофимдагилар мен ҳис қилаётган нарсани тушунишлари керак. Яхшиямки, атрофимдаги шоирлар менинг ғоямни ўзгартириб юборишмайди. Бунинг учун ҳам Яратганга шукур!

— Иймон Анвар туғилгач, бир муддат саҳнадан четлашдингиз. Ижтимоий тармоқларда уни сайрга олиб чиқишингиз ва асосий вақтингизни у билан ўтказишингизга гувоҳ бўлгандик. Бугун-чи?

Оилам билан ҳамиша қалбан яқинликка интиламан. Ҳаётда бу жуда муҳим. Баъзи инсонлар бир ерда туриб ҳам яқинликни ҳис қилмайди. Баъзан ижод уммонига шўнғиб, бир неча кун унинг таъсиридан чиқмай қолишим мумкин. Ёки ижодий сафар — дунёнинг у чеккасига кетиш зарурати ҳам туғилади. Аммо фикру хаёлим фарзандларимда бўлади. Қизим туғилгач, икки ҳисса бахтли эканлигимни ҳис қилдим. У кичкина бўлгани боис, ҳамиша мен ёки дадаси билан бирга. Ҳаётда ҳар нарсанинг ўрни бор. Ижодкорман деб, яқинлар қувончини ўғирлаш ёки улардан меҳрингизни дариғ тутиб, бор эътиборингизни санъатга бағишлаш ҳам ярамайди.

— “Севара Назархон енгилмайдиган, қатъиятли ва жасур аёл”. Ҳамкасбларингизнинг ушбу таърифи ҳақиқатга қанчалик яқин?

— Инсон ўз-ўзига холис баҳо беролмайди. Аммо бир нарсани аниқ биламан: ҳаётга қанчалик кулиб боқсангиз, у ҳам сизга шундай жавоб қайтаради. Майда-чуйда, эътибор талаб қилмайдиган нарсаларга вақт ажратаверсангиз, умрингиз қандай ўтганини ҳам сезмай қоласиз. Менинг оилам ва севимли касбим бор. Менга бундан ортиқ нарса керак эмас!

Ҳаёт курашлардан иборат. Сизнингча, энг оғир кураш…

— Ўз-ўзингиз билан кураш. Майдондаги ғолиб ҳам, мағлуб ҳам ёлғиз СИЗ.

— Ўзбек миллий эстрадасига қанчалик яқинсиз?

— Ўзбек миллий оҳангларини дунёнинг бошқа мусиқа санъатида учратмайсиз. Соф миллий қўшиқларни соғинаман. Аммо бугунги ижодкорларнинг қўшиқларида ана шу соғинчни қондирадиган кучни тополмайман. Шу боис ҳам, қўшиқларни камдан-кам эшитаман.

— Деярли ҳар йили юртимизда концерт берасиз. Аммо бу йилги дастур аввалгиларидан томошабин сиғими жиҳатидан анча фарқ қилди. Бу йилги концертни қанчалик кутгандингиз?

— Яқинда ўтган концертлар менинг умидларимга тўлиқ жавоб беради. Аввал менга нима керак бўлганини аниқлаб олайлик: акустикаси яхши зал, маҳоратли мусиқачилар  ва, албатта,  ажойиб шеърлар асосида яратилган қўшиқлар. Аммо энг зарури — тингловчи ва қўшиқни ҳис қилувчи томошабин. Залда ақли тиниқ, мулоҳазали одамлар йиғилган бўлса, артистга яна нима керак?!

— Концертнинг ўзига хослиги нимада бўлди, деб ҳисоблайсиз?

— Кўпчиликдан “Нега “Халқлар дўстлиги” санъат саройида концерт бермадингиз?” деган саволни эшитдим. Тўғри, бу сарой  Ўзбекистондаги энг обрўли, томошабин сиғими катта бўлган жой. Аммо менинг концертимда акустика бир оз кучлироқ. Менинг қўшиқларим рақс, чироқлар ва қандайдир шоуларга боғланиб қолмаган. Мусиқа ва ижро бир-бирига ҳамоҳанг бўлса бас. Форумлар саройи шу мезонларга жавоб беради.

Балки кейинги сафар шу санъат саройида концерт берармиз. Бу принципиал масала эмас. Шахсан мен концертимнинг шоуга айланишини, газета-журналларнинг бош муқовасида пиар мақолалар пайдо бўлишини истамадим. Ниятим, фақат мухлислар концертни кўриб, руҳий оламим билан танишишса, мен яратган ижод оламида сайр қилишса, бас.

— Cизни тиним билмас, дунё санъати бўйлаб парвоз қиладиган ижодкор, деб биламиз. Концертингиздан кейин ҳам олис сафарга отланибсиз…

— Сафар қилишни, турли-туман дунёқарашдаги инсонлар билан учрашишни ва, энг муҳими, тажриба орттиришни ёқтираман. Саёҳат — инсон тасаввурини кенгайтиради. Концертдан сўнг Қозоғистоннинг Остона шаҳрига бораман. Ундан кейин Швеция сари сафар қилишни режалаштиряпман.

— Дастурдан ижодкор сифатида қанчалик қониқдингиз?

— Аслида, мен кўпроқ куйлашни истардим — аммо меъёр бор, биз қанчалик истамайлик, яхши қўшиқларни танлаш лозим эди. Шундай бўлса-да, мен танловдан буткул мамнунман.

— Келгуси режаларингиз билан ўртоқлашсангиз…

— Режалар кўп. Ҳаммаси ҳозирча мана шу ерда (бошига ишора қилади). Навбати билан улар ноталарга солиниб, дунё юзини кўради. Шу боис, олдиндан улар ҳақида гапиришни истамайман. Ҳар нарсанинг ўз вақт-соати бор.

Наргиза МУРОДОВА суҳбатлашди.