Жума, 20 Aprel 2018

Саратоннинг давоси  — эрта ташхис ва тўғри даволаш

Онкологик касалликлар ўлимга олиб келувчи касалликлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллайди. Бироқ эрта ташхис қилиш ва тўғри даволаш мўъжиза яратишга қодир!

Касалликнинг энг кўп тарқалган турлари – ўпка, ошқозон, жигар, йўғон ичак ва сут безлари саратони. Афсуски, улар, одатда, жуда кеч аниқланади. Фақат мунтазам ташхис қилиш қоидаларига риоя қилган ҳолдагина касалликнинг олдини олиш мумкин.

Ким учун хавф юқори?

Ҳар ким ўзи учун шахсий хавф омилини аниқлаб олиши керак. Бу ирсият, зарарли одатлар ва ҳаёт омиллари бўлиши мумкин. Қон-қариндошлардан кимдир саратоннинг у ёки бу тури билан касалланганми йўқми, буни ҳам билиш лозим. Саратоннинг баъзи турларига генетик мойиллик ҳам сабаб бўлиши мумкин, аммо бу албатта саратонга учрайсиз, дегани эмас, шунчаки соғлиғингизга  эътиборли бўлишингиз учун яна бир турткидир.

Бувисида тери саратони кузатилган набиралар офтобда камроқ тобланишлари, теридаги туғма доғлар, холлар, сўгаллар ва бошқа ҳосилаларга эътибор беришлари, дерматолог кўригидан мунтазам ўтиб туришлари керак. Қариндошларингиздан бирортасида тўғри ичак саратони бўлган бўлса, парҳезга аҳамият бериш, гўштни камроқ, сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиш, ахлатдаги яширин қонга таҳлил топшириш лозим.

Зарарли одатлар, ишлаб чиқариш шароитларининг ёмонлиги, камҳаракатли турмуш тарзи, нотўғри овқатланиш, тез-тез зиқлик ҳолатларига тушиш окологиянинг у ёки бу турининг пайдо бўлиши эҳтимолини оширади.

Кўкракка эътибор

Аёллар учун энг юқори хавф — бу кўкрак саратонини ривожланиши. Сут безлари онкологиясини эрта аниқлашнинг муҳим усули маммография ҳисобланади. Сўнгги аналитик тадқиқотларнинг кўрсатишича, 50 ёшдан кейин маммография текширувидан ҳар йили ўтиш ўлим ҳолатларини 20-30%га камайтиради. Маммографиядан йилда бир марта ўтиш зарур. Оиладаги қон-қариндошлар орасида кўкрак саратонига ёшлигида учраганлар бўлса, УТТ текширувидан ўтишни 30-35 ёшда бошлаш керак.

Муаммо бачадон бўйнида бўлса…

Аёллар ҳар йили Папаниколау (Пап-тест) таҳлилини топширишлари керак. Бу бачадон бўйни юзасидан олинган синама таҳлили бўлиб, уни онколог шифокорлар муҳим ютуқ ҳисоблашади. Чунки бундай тест ўтказиладиган мамлакатларда аёллар ўлими ҳолати 80-90%га қисқарган. Бундай текширув ёрдамида касалликни “саратон олди” босқичида аниқлаш ва осон даволаш мумкин.

Ошқозон-ичак йўлида

Ичак онкологияси ташхиси бутун дунёда тобора ошиб бормоқда. Фастфудга қизиқиш ва жисмоний фаолликнинг камлигини эътиборга оладиган бўлсак, бунинг ажабланарли жойи йўқ.

Ахлатдаги яширин қонга таҳлил топшириш текширувнинг энг арзон ва оддий усули ҳисобланади. Бундай текширувни оммавий ўтказишда ўлим ҳолларини 30%га қисқартиришга муваффақ бўлинмоқда. Қон-қариндошлар орасида йўғон ичак саратони кузатилган ҳолларда ҳар йили колоноскопия (тўғри ичак шиллиқ қаватини визуал текшириш) текширувидан ўтиш лозим. 50 ёшдан ошганда бундай муолажани ҳар 3-5 йилда бир марта ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Эркаклар муаммоси

Эркакларда простата бези саратони аниқланиши ҳоллари кўп учрамоқда. Простата бези саратонини олдини олиш учун простатик специфик антигенини (ПСА) текшириш ҳамда бармоқ билан ректал текширувдан ўтиш тавсия қилинади. Яқинларингизга йилда бир марта мунтазам текширувлардан ўтишнинг муҳимлигини тушунтиришга ҳаракат қилинг.

Ўпкага хавф туғилса…

Чекувчилар ва кўп йиллар чанг даражаси юқори бўлган шароитларда меҳнат қилганлар учун ўпка саратонини ташхис қилиш ўта муҳим. Бунинг учун ҳозирда кам миқдорли компьютер томографияси самарали натижа бермоқда. Оддий флюорография ва рентген текширувлари эса фақат ривожланган ҳосилани аниқлайди. Бу текширувдан камида икки йилда бир марта ўтишга ҳаракат қилинг. Нафас тизимида қандайдир хавотирли белгилар пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Дилором ТОҒАЕВА тайёрлади.