Чоршанба, 21 Август 2019

Санъат гулшанининг боғбони

Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов ўзбек миллий қўшиқчилик санъатига  кўплаб мумтоз қўшиқлари билан муносиб ҳисса қўшган ҳофизларимиздан. Шунга қарамай, уни айнан ҳиндча қўшиқлари ва  туркманчада айтилган “Елпесе” қўшиғи машҳурлик шоҳсупасига олиб чиққан… 

“Мукешни Ўзбекистондан топдим…”

1981 йилда Тошкентда ўтадиган Халқаро кинофестивалга Раж Капур келадиган бўлди. Ўшанда мен 41 ёшда эдим. “Ўзбектелефильм”да ижодимга бағишланган фильм-концерт суратга олинаётганди. Фильм режиссёри: “Капурлар келишаяпти, сиз уларга ҳиндча қўшиқ куйлаб берасиз!”, деб қолди.

Уларни Тошкент меҳмонхонасида кутиб олдик. Мен ҳинд тилида қўшиқ айтдим. Ўшанда у мени қаттиқ бағрига босиб: “Ҳиндистонда йўқотган Мукешимни мен Ўзбекистондан топдим!”, деган гапни айтганди. Мукешни биласиз, у машҳур ҳинд қўшиқчиси.  Раж Капур бош ролларни ижро этган барча фильмлардаги  қўшиқларини айтган одам. Кейин Капурларнинг таклифи  билан  бир ойга Ҳиндистонга сафарга бориб,  концерт бердик. Битта ўзбекча айтсам, иккита ҳиндча қўшиқ айтардим. Чунки ҳиндлар бизга ўхшаб, туркча, арабча, эрончани тинглашмас экан, фақат ўзлариникини эшитишади. Ўзбекча айтсам, жим ўтиришади, ҳиндча куйлашим билан бутун зал менга жўр бўлади.

Гастроль тугашига оз қолганида, гуруҳ раҳбари: “Эртага кетамиз. Қўлингизда рупий бўлса, ишлатинглар!”, деб огоҳлантирди. Совға-саломларни олиб, аэропортга бордик. Аксига олиб, самолётимиз беш соатга кечиккан, қўлимизда пул йўқ, рупийларни ишлатиб қўйганмиз, куннинг иссиғига эса чидаб бўлмайди. Ўшанда гуруҳдаги 14та ўзбек аэропорт буфетига кириб, бир шиша оддий сув сотиб олиш учун роса қўшиқ айтганмиз. Улар “гана-гана” дейишади. Бу “яна, яна айтинг”, дегани экан. Қўшиқ айтиб, сувга тўйганмиз. Ўшанда мабодо Ҳиндистонда туғилганимда ҳам, қўшиқчи бўлар эканман, деб ўйлаганман…

“Ўзбекистонга келмаганимда мендан қўшиқчи чиқмасди”

1940 йилнинг 4 мартида  Туркманистоннинг Чоржўй (ҳозирги Лебап вилояти Туркманобод) шаҳрида туғилганман.  Қўшиққа ҳавас болалигимдан уйғонган, 13 ёшимдан бери ҳиндча қўшиқ айтаман. Биринчи ижро этган қўшиғим ҳиндча “Авараҳу” қўшиғи бўлганди. Шу қўшиқни ижро этганимда ҳамма ишини ташлаб қўшиғимни эшитгани учун, қурилишдан ишдан ҳайдалганман.

1964 йил, 24 ёшимда Туркманистондан Хоразмга устоз Комилжон Отаниёзовни излаб бордим. У кишига: “Мен ҳофиз бўлмоқчиман”, дедим. “Қани, бир қўшиқ айт-чи?” дедилар. Ҳиндларнинг “Дайди” фильми қаҳрамони тилидан ҳиндча қўшиқ айтиб берганимда, тинглаб туриб, “Ўғлим, аввал ўз тилингда қўшиқ айт, кейин бошқа миллатларникини айтасан”, деган гаплари билан  “Феруз”ни, “Сегоҳ”ни ўрганганман.  Комилжон ака мени шогирдликка олдилар, уйларида уч йилдан ортиқ яшаб, ўғилларидек хизматларини қилдим. Устознинг дуоларини олдим. Хоразмда очилган филармонияда Комилжон устанинг ишини давом эттирдим. Чини билан айтаман, агар  Ўзбекистонга келмаганимда мендан қўшиқчи чиқмасди.

“Сен санъат фидойиси бўлсанг…”

Ёшларни ёмон деб бўлмайди,  орасида истеъдодли, санъатга астойдил кирганлари кўп. Менга ҳозирги қўшиқчилардан Озодбек Назарбеков, Оғабек Собировлар ёқади. Улар чинакам ҳофиз, яхши куйлашади. Қўшиқларининг шеърларини ҳам чертиб танлашади. Хонанда ўзига нисбатан талабчан бўлиши керак. Халқ буни билади, ўшанга яраша, ҳурматини жойига қўяди ҳам. Агар сен санъат фидойиси бўлсанг, мухлисларинг сенга фидо бўлади, дейман мен. Ёдингларда бўлса, гуруҳимизда бир чилдирмакашимиз бўларди, Ҳамроқул Одилов! Уни халқ жуда яхши кўрарди… Олти-етти йил аввал, оламдан ўтиб кетди, Аллоҳ раҳматига олган бўлсин! Завқли, хушчақчақ одам эди, доим бирга юрардик. Сухандон “Навбат Бобомурод Ҳамдамовга”, дейиши билан аввал мен, кейин чолғучилар саҳнага чиқиб келардик. Ҳамроқул доирасини қиздириб, доим орқада қоларди. Биз қайта-қайта таъзим қилиб, вақтни чўзиб турсак ҳамки, ундан дарак бўлмасди. Бир пайт  бир ўзи “Мен шу ердаман”, дегандай, чирмандасини  кўтарганча саҳнага чиқиб келарди, залда қарсакбозлик бўлиб кетарди. Халқ унга биздан кўпроқ қарсак чаларди. Саҳнага чиқиб, уни бағрига босиб кетганлар кўп бўларди. Чинакам санъат фидойиси эди, мана халқнинг дилида ўчмас из қолдириб кетди. Мухлислар ҳалигача сўраб-суриштиришади…

 “Санъаткорда  шахсий ҳаёт йўқ…”

Очиғини айтиш керак, санъаткорнинг шахсий ҳаёти бўлмайди. Ёки, бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, ўзи истаганидай яшай олмайди. Шу боис менда бир йўқотиш бўлган. Болаларимга кўп вақт ажрата олмаганман. Мен кўпинча гастролларда юрардим. У пайтда алоҳида “концерт плани”, “томошабин плани”, деган гаплар бўларди. Бир ойда камида 19 кун концерт берардик. Тожикистон, Туркманистон, Чимкент, хуллас, бормаган жойимиз қолмаган. Шу боис уйда кам бўлардим. Болалар онасига қолиб кетарди…

Тўрт ўғил, бир қизим бор. Бир неварам “Пахтакор” футбол командасида тўп суради. Ўғилларимдан Шамсиддин билан Фахриддин яхши қўшиқ айтишади. Айниқса, Шамсиддиндан умидим катта. Овози меникига ўхшайди, бирга қўшиқ айтсак, ажратиб бўлмайди. Унга ўзим устозлик қиляпман.  Мендан “Нега ўғлингиз сизга ўхшаб машҳур бўлиб кетмаяпти?” деб сўрашади. Бир пайтлар устозим Комилжон Отаниёзов  “Олтин ер тагида ётади, аммо одамлар уни топиб, чиқариб олишади”, деган эди. Истеъдод ҳам олтинга ўхшайди. Хушовоз хонанда барибир тилга тушади. Лекин мен машҳур бўлиш учун телевидениега фалон сўм тўлаб чиқиш шарт эмас, деб ўйлайман. “Чиройли қиёфангни одамларга кўрсатишдан  нима наф, агар санъатинг бўлмаса?!” деган фикрдаман.

“Ким экан?”

Ижодимдаги қўшиқларим ҳиндча оҳангни ўзбекча куйга “пайванд” қилиб яратилган. Ахир боғбоннинг пайванд қилиб яратган мевалари ҳам ширин бўлади-ку?! Ҳатто яқинда Махтумқулининг “Дард ёмони кексаликдир, ёронлар…” ғазалига куй басталаб яратган қўшиғимда ҳам, ҳиндча оҳанг сезилади.

Бугунги кунда кўпчиликка манзур, ёшлар томонидан ҳам қайта айтилаётган “Ким экан?” қўшиғини айтиб, келинойингиздан балога қолганман. Бир куни уйда: “Узоқдан бир пари келар, у ким экан…” деб қўшиқ машқ қилаётсам, аёлим жаҳл билан кириб келди. “Ҳой чол, ёшингизга ярашадиган қўшиқ айтсангиз бўлмайдими?” деса бўладими!  Шеърни мен эмас, шоир ёзган, деб қутулдим. Анча вақт ўтиб, “Телефон қилсам олмайсан, “sms” ёзсам очмайсан…” деган қўшиқниям айтдим. Ахир ҳозир техника асри, ёшларбоп қўшиқлар ҳам айтиш керак, деб ўйлагандим-да. Яна келинойингиздан “Ўзингиз “sms” ёзишни билмайсиз-у, яна “sms”имни очмайсан…” деб куйлаганингизга ўлайми?” деган танбеҳни эшитдим. ..

 Санъат доимий меҳнат

Санъат — спорт каби машқ талаб қилади. Фақат тўй бўлса қўшиқ айтиб, бошқа пайт ўз устида ишламаган санъаткор, яхши санъаткор бўлолмайди. Шу ёшга етиб ҳам, ҳар куни машқ қиламан. Уйда бир ўзим қолсам ҳам, қўшиқ айтиб, зерикмайман. Зериксам, кўчага чиқиб бир оз айланиб келаман, кейин яна рубобимни қўлга оламан. Шеърни яхши  танлаш ҳам жуда муҳим. Ўзим бўлар-бўлмас сўзларни  ёзиб, ўзим қўшиқ қилиб айтмайман. Баъзида миямга яхши бир мисра келиб қолган тақдирда, уни ёзиб, шоирларга бераман. Шеър яхши эмаслигини сездингизми, уни қўшиқ қилиб овора бўлмаслик керак. Биласиз, халқимиз санъатини ардоқлаган хонандалар Муҳаббат Шамаева ва унинг турмуш ўртоғи Илёс Маллаевлар анча йиллар аввал  АҚШга кетиб қолишганди. Илёс Маллаев ўша ердан менга бир шеър йўллабди. Ўзбекистонни соғиниб, ўртаниб, шундай шеър ёзганки, ўқиган одамни йиғлатади. Мен уни қўшиқ қилиб айтдим. Шеърдаги  “Мен ўлсам, Ватанга ўлигимни киргазсангиз ҳам майли…”, деб ёзган жойлари айниқса таъсирли чиқди. Ўз Ватанини соғинган бир инсоннинг қалб садоси бўлиб янгради бу қўшиқ! Ватандан узоқда юрган одам Американинг осмонўпар биноларидан Ўзбекистоннинг бир сиқим тупроғини афзал билгани кўп ёшларга сабоқ бўлишини хоҳлардим. Ватан ҳақида кўп қўшиқ айтганман. Уларнинг бирида: “Беватан инсонга мозор омонат!” деган жойи  бор. Чиндан ҳам ватанини ташлаб кетганларга — мозор омонат! Бугунги кун санъаткорлари тингловчига ана шундай ҳаётий ҳақиқатларни етказиш ишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари керак, деб ўйлайман.

Туҳфа НАЗАРОВА.