Душанба, 26 Август 2019

Саломатликми ёки мўмай даромад?

Сифати кафолатланмаган дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари инсон учун энг азиз неъмат — сиҳат-саломатликка жиддий хавф туғдириши шубҳасиз. Афсуски, ушбу оддий ҳақиқатдан кўз юмган айрим кимсаларни юртдошларимизнинг саломатлигидан кўра, мўмай даромад кўпроқ қизиқтираётган кўринади.

Амалдаги тартибларга кўра, республикамизга четдан олиб келинадиган дори-дармон воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари мажбурий тартибда сертификатланадиган товарлар турига киради. Шунингдек, бу турдаги товарлар давлат тилида ҳам маркаланиши лозим.

Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари мамлакатимизга сифати кафолатланмаган дори-дармон ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйишди.

Жумладан, “Келес” темир йўл чегара божхона постида “Москва-Тошкент” йўловчи поездида кириб келган фуқаро Ж.Усмоновнинг (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, унда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ҳамда божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилмаган 735 дона турли дори воситалари борлиги аниқланди. Хорижда ишлаб чиқарилган 21 турдаги мазкур дори-дармонларнинг умумий қиймати 24 млн сўмдан ошар экан.

Шунингдек, мазкур пост ходимлари худди шу йўналишда кириб келган йўловчи поезднинг яна бир йўловчиси Ф.Қосимовнинг қинғир қилмишларига чек қўйишди. Божхона назоратидан ўтиш вақтида ушбу шахс қиймати 23 миллион 400 минг сўмлик 4680 дона сақични яширинча олиб ўтишга урингани фош бўлди.

Ҳозир мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати.