Душанба, 18 Ноябрь 2019

Сабабсиз асабийлашишни қандай тўхтатиш мумкин?

Аҳамиятсиз нарсаларга асабийлашиш ва арзимаган кўнгилсизликларни хотиржам қабул қилиш учун энг аввало сизни безовта бўлишга мажбур қилаётган сабабларни тушунишга ҳаракат қилинг. Хафагарчиликни асосан оиладаги муносабатлар, яқинларимизнинг саломатлиги, ишдаги хатолар ёки амалга ошмаган режалар келтириб чиқариши мумкин. Умуман олганда эса бу сабабларни санаб адоғига етиш жуда мушкул.

Мулоҳаза билан ўйлаб, хафагарчиликларингизни икки тоифага бўлинг. Биринчи гуруҳга аниқ хавф солиб турган ташвишлар(оғир хасталик, кутилмаган фалокатдан кейинги хавотир, қаергадир кетишга тўғри келаётгани)ни киритинг. Бу ташвишлар кўпинча инсонда мураккаб муаммоларни ҳал қилиш кўникмасини оширади ва мавжуд қийинчиликларни  енгишга куч беради.

Бу муаммо ҳал бўлиши билан ташвишлар ҳам ўтиб кетади. Барча қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтган инсон эса ўзининг одатдаги ҳаётини давом эттиради.

Ташвишларнинг иккинчи гуруҳи — кутилаётган, аммо ҳали мавжуд бўлмаган хавфлар — яқин инсонингизнинг ишда ушланиб қолиши, қизингиз телефонини кўтармаётгани ёки ишда бошлиғингиз саломингизга алик олмаганидан қайғуриш ҳисобланади.

Бу ҳолатда инсон содир бўлмаган кўнгилсизликлардан хавотир олиб, ташвишланади. Аммо аслини олганда кўнгилсизлик фақат унинг хаёлидагина содир бўлади. Бу безовталик секин-асталик билан бўлса-да, организмни невроз ва кучсиз кўринишда акс этадиган руҳий бузилишларга мубтало қилади. Натижада унинг уйқуси бузилиши, бу ҳолатда умуман ёрдам бермайдиган тинчлантирувчи дориларга мурожаат қилишига тўғри келиши мумкин.

Бу ҳолатда қандай чора кўриш тўғрироқ? 

Асабий зўриқишларни мустақил равишда енгишга қодир бўлмасангиз, яқинларингиз ёки дўстингиз билан гаплашиб кўринг. Яхшиси, бу ҳақда ҳамма нарсанинг ижобий томонини кўрадиган инсондан маслаҳат олганингиз маъқул. Воқеаларга фақат салбий кўз билан қаровчилар эса ўз фикрлари билан сизни баттар асабийлашишга мажбур қилишади, холос.

Мусиқа таранглашган асабларни тинчлантиришга ёрдам беради. Шунингдек, очиқ табиат қўйнида сайр қилиш мумкин. Чунки қалб оғриғига энг яхши даъво — тоза ҳаво, дея бежиз таъкидлашмаган.

Ўзингизни севинг ва ўз устингизда мустақил шлашдан эринманг. Унутманг, ҳеч ким эътиборингизга сизнинг ўзингизчалик муҳтож эмас! Шуни доим ёдда тутинг ва шу тарзда бора-бора қалб хотиржамлигини сақлаш, кераксиз қўрқувларни ўз вақтида ҳайдашни ўрганиб борасиз.

Руҳан соғлом бўлиш учун нима қилиш зарур? 

Инсон салбий ва ижобий туйғулари ўртасидаги кўзга кўринмас мувозанатни сақлай олса, унинг руҳияти соғлом бўлади. Чунки одамлар айнан бу икки ҳолатда ўзларини турлича тутадилар ва ҳар бир шахснинг таъсирланиш даражаси фақат унинг ўзига хосдир.

Ўзини маданиятли ва тараққий этган дунё одами деб ҳисобловчи инсон нафақат ўзига, балки атрофдагиларга ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлиши зарур. Ҳар бир одам ўз тақдирига ўзи жавобгар, шундай экан, у қарорлар қабул қилишни ва масъулиятни ўз бўйнига олишни ҳам билиши керак.

  • * Руҳан соғлом бўлиш учун туйғуларингизни назорат қилишни ва тўғри намоён этишни ўрганинг. Инсон туйғуларини тийиши эмас, балки бошқара олса, бу организмга ҳам фойдали. Бу айниқса, кучли ҳаяжон билан кечадиган туйғуларга тегишли.
  • * Ўзингизга ишончни сақлашни ўрганинг ва шу билан бирга, оқилона муроса йўлини топишга ҳам ҳаракат қилинг. Яъни фақат ўз нуқтаи назарингизни билдиришга эмас, мулоқот қилишга ҳам тайёр туринг.
  • * Зиқликка сабаб бўладиган ҳолатлардан қочинг. Улар инсонда тажовузкорлик ва руҳан ожизликни уйғотади. Туйғуларингизни ўзингизга муносиб тарбияланг, ахир бошқаларга ҳурмат муваффақиятнинг энг асосий  белгиси ҳисобланади.
  • * Соғлиғингизга эътиборли бўлинг. Тоза ҳавода кўп сайр қилиш инсоннинг руҳан ва жисмонан саломат бўлишига катта таъсир кўрсатади.

Руҳан соғлом одам ҳамиша маънавий камолот ва қизиқарли янгиликлар сари  интилади.

Зоҳида РИЗАЕВА,

1-Республика тиббиёт коллежи ўқитувчиси.