Пайшанба, 16 Август 2018

Саёҳатни юртимиздан бошлаймиз!

Она Ватанимиз Ўзбекистон ҳам саёҳат, ҳам зиёрат учун қулай мамлакат. Юртимизда туризмнинг янги истиқболлари очилиб, турли йўналишларда кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Альпинизм, отда, туяда ва велосипедда саёҳат қилиш, off-road саёҳатлари, балиқ ови, рафтинг, геотуризм, таълим туризми, тиббий туризм каби янги сайёҳлик йўналишлари оммалашяпти. Ўтган 2017 йилда туризм соҳасида қандай эътиборга молик ишлар амалга оширилди? Янги 2018 йилда мазкур соҳада қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Байрам чегирмалари йўловчиларни хурсанд қилди

Мамлакат тарихида илк маротаба Президент Фармони билан Янги йилда беш кунлик узлуксиз дам олиш кунлари белгиланди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси 2017 йилнинг 30 декабридан 2018 йилнинг 3 январига қадар ўзбекистонликлар мамлакат бўйлаб саёҳат қилишлари, Буюк Ипак йўли шаҳарларидаги тарихий-маданий обидаларга ташриф буюриш имкониятидан фойдалана олишлари учун маҳаллий йўналишларда 50 фоизгача чегирмаларни киритди.

Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси томонидан компаниянинг республика ичидаги барча қатновларига 2017 йилнинг 30 декабридан 2018 йилнинг 3 январига қадар чегирмалар ишлаб чиқилди.

Андижонлик сайёҳлар ҳам Янги йилни Хоразмга сафар билан бошлашди. 2018 йил 4-5 январь кунлари Андижон вилоятининг мутасадди идора ташкилотларидан ташкил топган саёҳатчилар гуруҳи Хоразм вилоятига ташриф буюришди. Саёхатчилар Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа” музей қўриқхонасида, “Нуруллабой” мажмуасида ва Урганч шаҳрининг диққатга сазовор жойларида бўлишди.

Шунингдек, муҳтарам Президентимиз томонидан юртимизда Янги йил байрамини янада кўтаринки кайфиятда ўтказиш ва дам олиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида эълон қилинган 5 кунлик дам олиш даври “Олтин ҳафталик” сифатида Бухоро аҳолисини ҳам қувонтирди. Бу борада Вазирлар Маҳкамаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар асосида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида дам олиш кунлари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари томонидан йўловчиларга чегирмалар жорий этилганлиги, шунингдек, меҳмонхона ва ресторанларда 50 фоизгача махсус чегирмалар эълон қилиниши Бухорога саёҳатчилар оқимини янада оширди.

Янги йил байрамининг дам олиш кунлари Бухоро вилоятининг аҳолиси, жумладан, Бухоро шаҳридаги нефть ва газ саноати, политехника, туризм, тиббиёт коллежлари, Қоракўл, Пешку ва Ромитан тумани мактабларининг юзлаб ўқитувчи-мураббийлари маданий-мерос обектлари ва зиёратгоҳларга саёҳат қилишди.

Соҳада янги тизим ва хизматлар

Ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиши билан Ўзбекистон туризм саноатида ҳам туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Зеро, замонавий технологиялардан фойдаланиш соҳада муваффақиятли фаолият юритишнинг муҳим шартларидан биридир. Улар асосида туристик фирмалар веб-сайтини яратиш, меҳмонхонада хона, авиа ва темир йўл чипталарига онлайн буюртма қилиш имкониятини берувчи янги тизим ва сервислар ишлаб чиқилмоқда.

Мамлакатимиз мутахассислари томонидан меҳмонхоналарни бронлаш, туристик йўналиш танлаш, авиа ва темир йўл чипталари, турпакетларни онлайн харид қилиш, автотранспортлар трансфери ва ижара хизматлари, туристларга хушмуомала бўлиш ва чегирмалар таклиф қилиш, шунингдек, сафар давомида уларни туну кун қўллаб-қувватлаш хизматларини ўзида мужассам этган “Uzbekistan Pass” интерактив туристик сервиси ишлаб чиқилган. Ўзбекистонга кириш визасини олаётган хориж фуқароларига “Uzbekistan Pass” карталарини бепул тақдим этиш ҳам режалаштирилган. Хизматдан фойдаланувчилар бутун Ўзбекистон бўйлаб хизмат ва товарлар учун, жумладан, маҳаллий меҳмонхоналарда яшаш, маданий-тарихий муассасалар, кўнгилочар марказлар, ресторанларга боришда транспорт корхоналари хизматидан фойдаланганлик учун тўловни амалга ошираётганида, пулини тежаш имконига эга бўлади. Сервис бутун Ўзбекистон бўйлаб туристик пакетлар тақдим этади, уни тўрт йўналиш —Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкентда синовдан ўтказиш ишлари бошлаб юборилди. Бу тизимга фақат юксак талабларга жавоб берадиган туроператорларгина уланиши мумкин.

Темир МИРЗАЕВ,

Туризмни ривожлантириш

давлат қўмитаси матбуот котиби.


Самарқанд сайқали жилоланмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан шаҳарда трамвай қатнови йўлга қўйилиши ва Рудакий кўчасида олиб борилаётган реконструкция ишлари, эҳтиёжманд оилалар учун кўп қаватли, арзон уй-жойлар бунёд этилаётгани Самарқандни яна ҳам обод қилиш, шаҳар аҳолиси учун муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган улкан эътибор натижасидир. Давлатимиз раҳбари кейинги бир йил давомида Самарқандга бир неча бор ташриф буюриб, шаҳарни янада ободонлаштириш, унинг туристик салоҳиятини ошириш, янги йўллар очиш юзасидан кўплаб ташаббуслар билдирди ва улар айни пайтда амалга оширилмоқда.
Айниқса, халқимизнинг ардоқли фарзанди, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов дафн этилган Ҳазрати Хизр мажмуаси ва унинг атрофида олиб борилаётган улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари, Регистон майдони яқинида, Буюк Юртбошимиз туғилиб ўсган ҳудудда унинг салобатли ҳайкали қад ростлаши Самарқанднинг қутлуғ зиёратгоҳларини янада кўпайтирди.
Самарқанд шаҳрида хорижий сайёҳларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун хизматларнинг кенг кўламини ва шарт-шароитларни яратувчи замонавий меҳмонхоналар, коттежлар, маданий-ҳордиқ ва кўнгилочар-савдо масканларининг қурилишини кўзда тутувчи “Samarkand city” туристик зонасини Самарқанд шаҳрида барпо этиш белгиланган. Туристик зонада 5та миллий, европа, осиё, араб ва рус давлатлари услубидаги ҳар бирида 200та ўринли 4 юлдузли замонавий меҳмонхоналар, туристлар учун 11та коттеж, 16та таунхауз, СПА салон, соғломлаштириш маркази, аквапарк, ресторанлар, кафелар, истироҳат ва дам олиш майдончалари ҳамда бошқа инфратузилма объектлари жойлаштирилиши кўзда тутилган.

Шу билан бир қаторда, Самарқанд туманидаги Эшкак эшиш канали ҳудудининг 14 га майдонида туристик рекреацион спорт-дам олиш маскани ташкил этилади. Вилоятда зиёрат-туризм йўналишини янада ривожлантириш мақсадида Имом ал-Бухорий, Абу Мансур ал-Мотрудий, Маҳдуми Аъзам мажмуалари, “Чор Чинор”, Ҳазрати Довуд зиёратгоҳларини ободонлаштириш, туризм инфратузилмасини яхшилаш бўйича тадбирлар олиб борилмоқда.

Хорижий инвесторлар билан музокаралар

Вилоятнинг туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида, хорижий инвесторлар билан музокаралар ўтказилди. Биргина Туркия давлати меҳмонхона бизнеси мутахассислари билан биргаликда “Афросиёб Палас” ва “Самарқанд” меҳмонхоналарини тубдан таъмирлаш ва ишга тушириш бўйича қўшма корхона тузиш ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунда вилоятда фаолият кўрсатаётган туристик фирмалар дунёнинг турли мамлакатлари ва йирик шаҳарлари (Лондон, Берлин, Мадрид, Милан, Токио, Шанхай, Сеул, Москва ва бошқалар)да ташкил этилаётган туризм ярмаркаларида фаол иштирок этиб, Республикамизга хорижий сайёҳларни жалб этишда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Улар хорижий давлатлардан сайёҳларни жалб қилиш бўйича 100дан ортиқ шартномалар тузиб қайтишди. Вилоятнинг зиёрат-туризм йўналиши учун бой салоҳиятини инобатга олиб, янги зиёрат-туризмга мўлжалланган маршрут ишлаб чиқилди ва 2017 йил 30 июлдан 1 августга қадар Малайзия ва Индонезиядан чартер рейс орқали Самарқандга ташриф буюрган 130 нафардан иборат сайёҳлар учун амалиётга татбиқ қилинди.

Агротуризм йўналиши бўйича Самарқанд туманидаги “Амирхон Ноз Неъматлари”, “Оҳалик Олтин боғи меваси”, Тайлоқ туманидаги “Сиёб саҳовати” ва “Сиёб-Шавкат-Орзу” фермер хўжаликлари тўғрисидаги маълумотлар умумлаштирилди ва сайёҳлик маршрутига киритиш учун саёҳат фирмаларига тавсия этилди.

Бугунги кунда “Тахта қорача” довони,  “Бешкон”, “Кенагас” маҳаллалари ҳудудида экотуристик хизмат кўрсатиш мажмуаларини қуриш мақсадида, коммуникациялари мавжуд участкалар манзилли рўйхатлари ҳамда мазкур ҳудудларда туризм ва овқатланиш объектларини қуриш истаги бўлган ташаббускорлар томонидан жами 5,8 млрд сўмлик 8та лойиҳа шакллантирилмоқда. 2018 йилда Самарқанд тумани ҳудудида экологик, тиббий-соғломлаштириш, спорт туризми, якка тартибдаги қишлоқ меҳмонхона уйлари, овқатланиш ва бошқа туристик хизматларни ташкил қилиш мақсадида “эко” ва “агротуризм” йўналишларини ўз ичига олган сайёҳлик мажмуасини ташкил этиш мақсадига жами 15 млрд  300 миллион сўмлик 3та лойиҳа ишга туширилиши белгиланган.Шунингдек, 2017-2018 йилларда қиймати 26 миллиард 150 миллион сўмлик 14та янги меҳмонхона қурилиши бўйича лойиҳа таклифлари ва лойиҳа ташаббускорлари аниқланиб,  шундан жорий йилда 3та меҳмонхона фаолиятини бошлаган, қолган 11та янги меҳмонхона 2018 йил давомида ишга туширилиши кўзда тутилган.

Дилшод НАРЗИҚУЛОВ,

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Самарқанд вилояти ҳудудий бошкармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи.


Юрган дарё, ўтирган бўйра

Зукко халқимиз томонидан айтилган бу мақолнинг нечоғлик тўғрилигини бугун амалда кўриб турибмиз. Зеро, саёҳат инсонга дам олиш завқи билан бирга бир олам тассурот, янги билимлар ва амалий тажрибалар беришини бугун ҳамма билади. Мутахассислар томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли эса юртимизда туризм соҳасининг ўрни, баҳоси янада ошади. Айни замон имкониятларини ҳис қилиб дарёдай тошиб, ҳар бир соҳага янги ҳаво олиб кириш қандай яхши! Умид қиламизки, кўзланган эзгу ишлар туфайли янги йилда Она юртимизга ташриф буюргувчи туристлар оқими янада ошади. Зеро, туризм мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтириш, жойларда янги иш ўринлари яратишда муҳим ўрин тутади. 

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА.