Душанба, 17 Декабрь 2018

Рўза тутиб толиқиб қолмаслик учун…

Муборак рамазон ойи барча мусулмонлар учун азиз ва муқаддасдир. Рўза  нафсни тийишга, сабр-бардошли бўлишга ўргатади ҳамда саломатликка маълум даражада ўз таъсирини ўтказади. Аммо айрим кишилар рўза тутиб толиқиб қолишади, бу жараён айримларга эса умуман таъсир қилмайди. Хўш, нега шундай? Рўза тутиб толиқиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш лозим?

Замонавий тиббиёт нуқтаи назари билан қарайдиган бўлсак, рўза фақат ва фақат соғлом кишиларнинг саломатлиги учун фойдалидир. Яъни у айрим касалликларнинг олдини олади. Бу фақат тўғри, яъни ифтор ва саҳарликда овқатланиш меъёридан ўтмай тутилгандагина ўз самарасини беради. Чунки рўза тутиш танани бир йил давомида тўпланиб қолган зарарли токсинлардан тозалайди. Юрак, ошқозон-ичак, буйрак, жигар, ошқозон ости бези доирасидаги барча аъзоларга маълум муддат дам бериб, янада кучлироқ бўлиб қувватга кириш имкониятини яратади. Шу тариқа рўзадан сўнг вужудимиз тартибли ишлай бошлайди. Натижада кексайиш жараёни секинлашиб, умр узаяди.

Рўза тутиш сезги аъзоларнинг ишини ҳам мустаҳкамлайди, хотирани, кишининг фикрлаш қобилиятини кучайтиради.

Шунингдек, у организмдаги ортиқча ёғларни эритиб, ҳаддан зиёд оғирликни камайтиради. Зеро, замонавий тиббиёт рамазон ойида ва йилнинг бошқа пайтларида вақти-вақти билан тутиб туриладиган рўза озишнинг энг яхши ва безарар усули эканини аллақачон илмий жиҳатдан исботлаб берган.

Кун давомида организм қандай қилиб очлик ва ташналикка кўникаркин, дея ажабланяпсизми? Маълумотларга кўра, рўза тутишга ният қилинганида бош мияга маълум “сигнал” юборилиб, у бутун организмни очликка тайёргарлик кўришга буюради ва тана ўзини кун бўйи давом этадиган очлик ва ташналикка мослаштириб боради.

 Саломатлик кўтарса…

Рўза тутиш ҳамманинг саломатлигига бирдек таъсир қилмайди. Орамизда шундай кишилар ҳам борки, ёзда кунлар узун ҳаво ҳарорати юқори бўлганлиги учун рўза тутмасалар ҳам ўзларини яхши ҳис қилишмайди.

Рўза тутиш қуйидаги касалликлар билан оғриган беморларга умуман мумкин эмас:

  1. Юрак хасталиги билан оғриганлар — ёзда киши кўп терлайди, натижада тез-тез суюқлик ичилмагач, тана сувсизланиб, қон қуйилади. Бу ҳодиса киши ички аъзолари ишемиясига ҳамда қон томирларида тромблар ҳосил бўлишига олиб келади.
  2. Ошқозон-ичак хасталиклари билан оғриган беморлар ҳам рўза тутиши мумкин эмас. Айниқса, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичагида яраси бор кишилар рўза тутмай, тез-тез кам миқдорда овқат истеъмол қилиб туришлари керак. Агар улар рўза тутса, ошқозон ости безлари ишлаб чиқарадиган кислота (панкратин) ошқозонга вақтида етказилмаслиги сабабли яралар очилиб, кишининг аҳволи оғирлашади, кўп қон йўқотади.
  3. Жигар, ўт йўли ҳасталиклари билан оғриган беморлар эса рўза тутишлари натижасида кун бўйи овқат емай, кечга бориб бирданига кўп овқат тановул қилса, овқат ҳазм қилиш тизими бузилиб, кучли оғриқлар хуружига олиб келади.
  4. Йўғон ичак ҳасталиклари билан оғриган беморлар рўза тутсалар, уларда қабзият ҳолати кузатилиб, дификация жараёни пасаяди. Оқибатда қорин соҳасида кучли айланма оғриқлар пайдо бўлиб, беморнинг аҳволи оғирлашади.

Булардан ташқари сил, камқонлик (ўта оғир даражаси), ўпка касалликлари билан касалланган, иситмалаётган, қон босими баланд ёки паст бўлиб турган, касалдан энди оёққа турган, жисмонан заиф, ҳомиладорлар, эмизикли боласи бўлган оналар, саломатлигидан шикояти бўлган кексалар, моддалар алмашинуви бузилган, хусусан, қандли диабети бор беморлар, узоқ вақт давомида сурункали касаллик туфайли ҳолдан тойиб қолган одамлар рўза тутишда эҳтиёт бўлганлари маъқул.

 Тўғри овқатланиш

Рўзада саҳарлик ва ифторлик таомномасини тўғри ташкил этиш лозим. Бу киши саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки эътибор билан қарасак, кўпгина рўзадор кишилар кун бўйи оч қолмаслик учун саҳарликда бирданига кўп овқат ейишади, айниқса, кечқурун қовурилган ёғли ва сергўшт таомларни тўйиб истеъмол қилишади. Бу нотўғри. Кучли калорияли таомлар кун бўйи оч юрган кишининг меъдасига оғирлик қилади, ҳазм бўлиши кечикади. Шу боис ичакларда заҳарли моддалар камайиш ўрнига янада кўпайиб, кишининг аҳволига салбий таъсир қилади. Шундай экан, рўза тутган кишилар саҳарликда енгил, тўйимли, қувватни оширишда ёрдам берадиган таомларни истеъмол қилганлари маъқул. Уларга қатиқли ва сутли овқатлар, буғда пиширилган таомлар киради.

 Саҳарликдаги иштаҳасизликни енгиш учун…

Саҳарликда бир пиёла илиқ сув, асал, суви қочган нон, суюқ дамланган чой, қаймоқ ва буғда пиширилган енгил овқатлар ейилса яхши. Буғда пиширилган витаминли овқатлар танага енгил сингиб, киши руҳан бардам ва тетик бўлади.

Ифторлик таомлари ҳам кун бўйи оч бўлган ошқозон учун оғир бўлмаслиги лозим. Яъни унчалик ёғли бўлмаган суюқ овқатлар, сабзавот ва кўкатлардан тайёрланган салатлар истеъмол қилиш мумкин. Таомларни эса  оз-оздан, бўлиб-бўлиб еган маъқул.

Муҳими, рўза даврида меъёрида овқатланишга амал қилинг. Шундагина меъда зўриқиб қолмайди, рўза туфайли соғайиб бораверасиз.

 Шўр таомлар кишини чанқатади

Ташналик сизни безовта қилмаслиги учун сут ва қатиқли таомлардан кўпроқ истеъмол қилинг. Чунки сут билан пиширилган таомлар кишини чанқатмайди. Шунинг учун саҳарликда биринчи таоми сифатида сутли бўтқалар, ширгуруч ҳамда қуртова, окрошка каби овқатларни истеъмол қилиш керак.

Тузи кўп бўлган таомлардан истеъмол қилмасликлари керак. Салатларни ҳам, иложи бўлса, тузини бир оз камайтирган ҳолда истеъмол қилинг. Тузланган, дудланган ва консерваланган маҳсулотлар эса  чан­қоқни кучайтиради.

                                       Холида ОЧИЛОВА,

                     олий тоифали шифокор-гастроэнтеролог.

ҲАДИЙЖА тайёрлади.