Сешанба, 11 Декабрь 2018

“Эркинлик” исканжасида

— Ойи, мен қарор қилиб бўлдим. Бунақа аросатда яшаб бўлмайди. Ҳаёт эмас бу! Асабийлашганимдан болаларни ҳам жинни қилиб бўлдим. Сиз меникига келиб ўтириб олади, деб қўрқманг. Ижара уй топиб қўйдим. Қўлимдан иш келади, кечаси болаларни ухлатиб, ижара пулини ишлайман.

— Қизим, барибир калта ўйлаяпсан. Қайнонанг тилло аёл бўлса, эрта кетдинг, кеч қолдинг, демайди, болаларингни бағрига босиб ўтиради… Хўп, ижара уйга ҳам ўтдинг, дейлик, мен ўзимдан ортмасам, шанба, бозор юришларинг бор, ким қарайди болаларингга?

— Қайнонамдан илтимос қиламан…

— Ўғлини ташлаб кетиб, қайси юз билан онасини чақирасан? Сен мен туққанманми ўзи? Сени “ўрганиб кетади, кўникмайдиган қиз борми?” дея турмушга узатган мен — ахмоқ…

— Ана, энди ўзингизга келдингиз, ойи. Мен сизга бошидан айтдим. “Мени эрга бераман, деб овора бўлманг. Мен эркин яшашни хоҳлайман, деганманми, деганман. Сизларни иснодга қўядиган иш қилмайман, фақат ўзимча, ўз хоҳишимча яшайман. Кўчага ташлаган ҳар бир қадамим учун бировдан рухсат сўрамайман. Кийинишимга ҳеч ким хўжайинлик қилмайди…

* * *

— Қаёққа, Гулноз? Кўргазмага боришингиз керак-ку. Институт номидан сиз гапирасиз. Исм-фамилиянгиз, рўйхатга кетган. Албатта, боришингиз керак.

Гулноз пальтосини йўл-йўлакай кийиб, шошилиб чиқиб кетаётган эди, масъул котиб тўхтатди.

— Эрталаб ўғлимнинг эти увишиб турганга ўхшаган эди. Боғча опасига қўнғироқ қилгани ҳам чўчидим, иситмаси чиқяпти, олиб кетинг, дермикан,  деб… Зокир ака бора қолсинлар, гапни ҳам қойиллатадилар… — Гулноз турган жойида шоша-пиша пальтосининг тугмаларини солиб, оқ қалпоғини кийди. Асли ўзи кўзга яқин аёл эмасми, оқ қалпоқ, оқ шарф уни яна ҳам очиб юборди.

— Зокир акангиздан ўзингиз илтимос қилинг бўлмаса… — Гулноз узун “уф” тортди-да, йўлакнинг охирига қараб юрди. Зокир ака деганлари ўттиз бешдан ошиб қирққа яқинлашган, баланд бўйли эркак эди. Гулноз доим ўз хаёллари, ўз оламида яшагани учун ҳамкасблари, хусусан, эркаклар билан кўпам ош-қатиқ бўлавермасди. Шунинг учун “Зокир ака илтимосимга кўнармикан?” деган андиша билан унинг хонасини тақиллатди.

Зокир ака Гулноз ҳеч кутмаганида ўрнидан туриб қаршилади. Гулноз остонада тўхтади.

— Зокир ака, ёш рассомлар кўргазмасининг очилишида мен гапиришим керак экан. Лекин ўғилчамдан хавотирдаман… Бу гал мен учун кўргазмага бориб туринг, деб илтимос қилмоқчи эдим… Гулноз ҳамкасбини юмшатмоқ ниятида бўлса керак, очиқ чирой билан кулимсираб гапирди.

— Майли, майли, Гулноз, сиз илтимос қиласиз-у, биз йўқ, деймизми?

— Раҳмат, Зокир ака, кеч соат олтилар атрофида кўргазмалар залида бўлишингиз керак. Сизга раҳмат! Мен ҳам бир кун бу яхшилигингизни қайтараман… — Гулноз шундай деб тезгина чиқиб кетмоқчи эди, боядан бери тик турган  Зокир ака унга яқинроқ келди:

— Бирор кунни кутиш шарт эмас, Гулнозхон… — Гулноз ўзининг исмига “хон” қўшиб айтилишини мутлақо истамас эди, шунинг учун Зокир аканинг биринчи гапиданоқ пешонаси тиришди. Лекин ўзининг иши тушиб, келиб тургани учун: “Менинг исмим — Гулноз, “хон”и, “йўқ”, — деб жеркиб ташлай олмади. Индамай, иложи борича, сокин, мулойим кўринишга ҳаракат қилди.

Зокир ака Гулнознинг жим турганини ўзича “сукут — аломати ризо” деб тушундими:

— Эрта-индин вақтингиз бўлганда айтсангиз, шаҳардан ташқарига олиб чиқиб кетаман, б-и-и-р ёзилиб келасиз, — деди томдан тараша тушгандек: Назаримда, анча сиқилиб қолганга ўхшайсиз. Биламан, иккита бола, ёлғизлик осон эмас…  Эрингиз сиздай аёлнинг қадрига етмаганига ачинаман…

Гулнознинг миясига қон тепди. “Нималарни хаёл қиляпти бу одам? Нималарга ҳадди сиғаяпти?”

— Эрим мени ташлаб кетгани йўқ. Мен ўзим уйдан чиқиб кетдим. Шаҳардан ташқарига чиқиб айланмоқчи бўлсам, ўзимнинг оёқ-қўлим, машина ёллагани пулим бор. Сиз мутлақо овора бўлманг. Бугун ҳам кўргазмага бориб, оёғингизни чарчатиб юрманг, ўзим бораман, жа ўладиган жойда эмасман! — деди-да, эшикни қарсиллатиб ёпди. Орқасидан Зокир аканинг:

— Пишарсан, пишарсан, бу дамингдан тушарсан! — деган овози эшитилди. Гулноз аччиғидан тез-тез юрганидан бир-икки марта нимагадир қоқилиб, йиқилиб кетай, дейди. “Кўнглингнинг кўчасидан ўргулдим, келиб-келиб сен билан айлангани чиқаманми? Нима мен… кўчада қолган одаммидим…” Ичидан  келаётган аччиқ сўзларга қўшилиб, кўзидан шашқатор ёш дувиллади.

Кўчага чиқар-чиқмас, телефони жиринглади. Қайнонаси: “Гулноз, қаерларда юрибсиз? Боғча опаси қўнғироқ қилса, олмабсиз. Бунёд иситмада  куйиб ётибди-ку, яхшиям менга қўнғироқ қилибди”, — деди. Гулнознинг оёқ-қўллари дармонсизланди.

— Нима бўлибди? Қаерда болам? — деди жонҳолатда.

— Келдим, топган уйингизга. “Тез ёрдам” чақирдим. Муздек нарса еб қўйгандир-да, ангинаси шишибди…

— Ҳозир етиб бораман, ойижон, кетмай туринг. Раҳмат, сизга! Гулноз йўл-йўлакай томоқ-қулоқ-бурон шифокори бўлиб ишлайдиган синфдошига қўнғироқ қилди. У вилоятда ишлар, яқинда шаҳарга келиб, хусусий шифохона очган эди. Кўчада тасодифий учрашиб қолишганида:

— Болаларнинг тез-тез  томоқлари оғриб  туради. Кичкинтойларингда муаммо бўлса, қўнғироқ қил, — дея ташриф қоғозини берган эди.

* * *

Гулноз ижара уйига келганида, уйни хушбўй таом ҳиди тутган эди. Самира қизи остонада:

— Бувижоним келдила, бувижоним келдила, — дея қаршилади. Уят, гуноҳкорлик ҳисси бутун вужудини исканжага олган бўлса-да, Гулноз қайнонаси билан бяхши кайфиятда сўрашишга ҳаракат қилди.

— Эрталаб қунишиб турганга ўхшаган эди. Иш кўп, бошлиқлар қовоқ-тумшуқ қилишмасин деб, боғчага қўйиб кетгандим. Телефонимни эрталаб йиғилишга кирганимда  овозсиз қўйгандим, шунга боғча опасининг қўнғироғини эшитмабман, — деди.

— Шўрва қилиб қўйдим, совитиброқ, илиқ ҳолда ичиринг, мен борай энди, уйдагилар йўлимга кўз тикиб ўтиргандир, — деди қайнонаси. Бу билан унинг овозида: “Сиз ташлаб кетган уйда ҳам  менга азиз одамлар бор”, деган писанда йўқ эмасди.

— Бувижон, кетманг, сиз билан ачомлашиб ётгим келяпти! — Самира  ер тепиниб, бувисига осилиб олди.

— Олиб боринг болаларни, этни  тирноқдан ажратиб бўлмайди. Ҳилоланинг эси кетяпти Самирани кўргиси келиб… — Қайнонаси овсинининг қизини орага қўшди.

— Борамиз, ойижон, мен сиздан ҳам, уйингиздан ҳам, ўғлингиздан ҳам ёмонлик кўрганим йўқ. Шунчаки биз бошқа-бошқа одамлармиз, холос. У кишиям  бахтли бўлсин, ўз тенгини топиб… — Гулноз иложи борича мулойим гапиришга ҳаракат қилди.

— Ота бир ёқда, она бир ёқда… Бола қайдан бахтли бўлсин! — Қайнонаси барибир бир ачитиб олди.

… Қайнонасини “овқатланиб кетинг”, деб қанча қистаса ҳам ўтирмади. Бунёд-ку укол таъсирида ухлаб қолган экан, Самира бувиси кетгач, анча хархаша қилди. Шифокор синфдоши Эркин келиши билан бегона эркакдан ҳайиқди, шекилли, бурчакка сиқилди. Бунёд уйғонгунча, Гулноз дастурхон ёзди. У ёқ-бу ёқдан, болалик, ўқувчиликдан гапиришди. Эркин фаросатли йигит, “Нега болаларинг билан ёлғизсан, нега уйингдан кетдинг?” деган саволларни бермади. Бунёд уйғонгач, уни аввал эркалатиб, тиззасига ўтқазиб, кейин асбобларини ола бошлаган эди, телефони жиринглади. Энди:

— Ҳа, тинчмисизлар? — дея бошлаши билан, Гулноз қизига: “Самира, телевизорнинг овозини пасайтир!” деганини  билади, Эркиннинг телефонини овози гулдирай бошлади. Телевизорнинг овози баланд бўлгани учун Эркин ҳам телефонининг овозини баландлатган, шекилли…

— Ким у аёл? Жазманингизнинг уйидамисиз дейман? Бола овози ҳам эшитиляптими? Ишхонам, деб алдай кўрманг. Ишхонангиздан чиқиб кетганингизга қирқ дақиқа бўлган!

Овоз шунақа важоҳат билан келар эдики, Бунёд қўрқиб кетиб, йиғлаб юборди:

— Ойи, — деб Гулнозга талпинди.

— Ана, айтмадимми? Доим шубҳаларинг бекор, дердингиз тутдимми, ниҳоят! Беринг ўшанингизга телефонни!

Эркин ғалати бир кайфиятда қолган эди, Гулноз  унинг қўлидан телефонни олиб: “Синглим, сиз нотўғри тушундингиз. Мен эрингизни болам касаллиги туфайли чақирдим. Биз — синф…” Аёл уни мутлақо эшитмади, бирпасда лойга қориб ташлади. Ниҳоят, Эркин ўзига келди, шекилли, телефонини олиб: “Чакагингни ўчирасанми, йўқми? Уйда гаплашамиз!” — деб телефонини ўчириб қўйди. Кийиниб, остонага боргач:

— Ишим яхши, зўр мутахассисман. Шаҳарга олиб келсам, у ёқ- бу ёқни кўриб ўзгарар, дегандим… ֫— Эркин икки қўлини икки тарафга ёйди. — Узр, хафа қилиб қўйдим…

— Қўявер, болаликда синфдошлар билан тушган расмларимиз бўлса, кўрсат, тушунар, — деди…

Эркин қўлини силтаб қўйди-да, хайрлашиб чиқиб кетди. Гулноз ҳали ҳеч кимдан Эркиннинг хотинидан эшитган ҳақоратларини эшитмаган эди. Болалар ётгандан сўнг юзини ёстиққа босиб, ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади.

* * *

Гулноз уйдан кетгандан буён эри билан энди кўришиши эди. Ишхонадан чиқишини пойлаб турган экан. Гулноз уни кўриб, алланечук бўлиб кетди. Кейинги ойда бўлган-бўлмаган одамларнинг ёлғиз аёлга қарагандек илжайиб  қарашлари… яна нималардир сабаб ўзини ожиз, ҳимоясиз сеза бошлаган эди. Ўз-ўзига тинимсиз: “Ҳаммаси ўтиб кетади, кучли бўл, Гулноз!” деётган бўлса-да, ичидан нимадир нураб бораётгандек эди.

— Болаларни кўрай дегандим. Пул-мул керакдир… — Алишернинг овози ҳам синиқроқ туюлди.

— Йўқ, раҳмат. Ҳозирча  ҳамма нарса етарли… Ойижон айтгандирлар, келиб турибдилар-ку…

Улар сўзсиз ёнма-ён юра бошладилар.

— Болаларнинг ҳақини мана шунақа, келиб-келиб ташлаб кетаверайми ё алиментга бермоқчимисан? — Ниҳоят Алишер гап бошлади.

— Расмиятчиликнинг нима кераги бор? Келаверинг, болалар — сизники!

Алишер енгил нафас олди. Гулноз ҳозир эри билан бирга боғчага боришини, болалари:

— Адам, адажоним! — дея унинг бағрига  отилиб шовқин солишларини сезиб турарди. Кейин-чи? Алишер болаларини етаклаб ижара уйга борадими, уйга кирадими, ўтирадими ё кетадими? Кетадиган бўлиб келган бўлса… болаларининг боғчасини биларди-ку, ўша ердан кўриб кетаверса бўларди-ку… Демак, Гулнозниям кўргиси келган… Гулноз-чи, эрини кўргиси келганмиди? Ё ўзи “эркинлик” деб ўйлаган, аслида  тўрт тарафи очиқ жойда муаллақ, ҳимоясиз тургандек ҳаётда Алишерсиз яшаш яхшимиди унга? Ҳозир бу саволга аниқ жавоб беролмас, шунчаки эри ёнидалигидан, ҳозир уни кўриб болалари хурсанд бўлишидан суюнарди, холос.

 Қутлибека РАҲИМБОЕВА.