Душанба, 18 Ноябрь 2019

Ризқ барибир келаверади

Инсонлар одатда кунлари яхши ўтмаслигидан, ризқлари камайиб ёки тўхтаб қолишидан, турмушлари ёмонлашувидан ва рўзғорларининг кемтик бўлишидан ҳамиша ҳадикда яшашади. Ҳамма ана шу кемтикликларни тўлдириш учун эртадан-кечгача зир югуради. Ҳаётини яхшилаш учун бутун билими, заковати, бойлиги, салоҳиятини сарфлайди. Бу йўлда ақл бовар қилмайдиган тадбирларга, ҳийла-найрангларга ҳам боради. Оқибатда ризқ ахтариб руҳий хотиржамликдан, оилавий фароғатдан, маънавий камолотдан маҳрум бўлади. 

Инсон хотиржам бўлиш, руҳий сакинатга эришиш учун ризқ масаласини яхшилаб тушуниб олиши керак.

 

Ризқ-рўз (кунлик ризқ) деганда инсон ва бошқа махлуқотларга Яратган томонидан уларнинг доимий манфаатланиши учун бериладиган емиш, ичимлик, кийим, маскан, шунингдек, яхшиликка йўллаб қўйиш тушунилади. Ер юзида ўрмалаган нарса борки, у одамзодми, ҳайвон ва паррандами, ҳашарот ёки қурт-қумурсқами, ҳамма жонзотнинг ризқи бериб қўйилган. Ўтиб бўлмас чангалзорлару фақат қумдан иборат саҳроларда, тошдан иборат тоғдаю шимолий музликларда, ҳамма ерда ризқ топиш имкони бор.

Илоҳий туйғуга бўйсунган жонзотлар

Биз одатда жонсиз деб ўйлайдиган, аммо бошқа мавжудотлар каби тирик ҳолда яшнаб турган дарахтнинг “ҳаёти”ни кузатайлик. Унинг яшаши учун қуёш нури ва ҳарорати, сув, ҳаво, ўғит, мева тугиши учун гулларини чанглаш зарур бўлади. У бошқа махлуқларга ўхшаб учолмаса, юролмаса, суза олмаса, бу нарсаларни қандай топади, деган савол туғилиши табиий. Аммо дарахт бу нарсаларни жойидан қимирламаса ҳам олаверади. Шундан кўриниб турибдики, инсонлардан фарқли ўлароқ, барча жонзотлар ризқ талабида илоҳий туйғуга бўйсуниб, эртанинг ғамини асло ейишмайди.

Ҳеч эътибор берганмисиз: уйингизга уя қурган қалдирғоч инидаги палапонларини овқатлантириш учун кунига юзлаб марта ҳавога парвоз қилади. Унга кимдир емиш тайёрлаб турмаган, ёки фалон жойда ҳашарот кўп деб маълумот ҳам бермаган. Ҳар гал у емиш излаш учун таваккал қилиб кўкка кўтарилади. Ва ҳар гал ноумид қайтмайди. Тумшуғида қандайдир луқма-емак бўлади.

Капитан Кусто тасвирга туширган фильмларни кўрган бўлсангиз, бу борадаги жуда кўп ажойиботларга, мўъжизаларга гувоҳ бўласиз. Уммонлар тубида  қимирламай ётган балиқлар ҳам ризқдан бенасиб бўлмайди. Улар рангини муҳитга мослаб, қумга кўмилиб, индамай оғзини очиб ётади, ўйнаб юрган майда балиқлар ўзи билмаган ҳолда унинг оғзига кириб кетади. У фақат оғзини юмиб, лиқ этиб ютишга ҳафсала қилади, холос. Кунига тонналаб емиш тановул этадиган улкан китларнинг ризқи асло камайиб қолмайди. Абадий музликларда овқат излаб юрган оқ айиқлар ҳам ризқини топиб ейди, бақувват қўллари билан музни тешиб, сувдаги балиқ ва бошқа жонзотларни тутиб олади.

Инсондан бошқа махлуқотлар “кунлик ризқ” қонунига амал қилиб, фақат бугунлари билан яшашади, ҳар куни Яратган албатта ризқ юборишини ботиний бир туйғу билан “сезиб” туришади. Фақат махлуқларнинг энг олийи ва энг онглиси инсонгина ризқ келмай ёки тугаб қолишидан қўрқиб яшайди. Шунинг учун уни ҳафталарга, ойларга, йилларга етадиган қилиб ғамлайди. Илоҳий таълимотлардан узоқда бўлган инсонлар эса дунё ҳаётини ризқ-рўз учун мунтазам кураш олиб боришдан иборат, деб тушунишади. Улар ризқни ўзимизнинг саъй-ҳаракатларимиз, елиб-югуришларимиз эвазига ёки бирон кишининг кўрсатган марҳамати туфайли қўлга киритяпмиз, деб ўйлашади. Ваҳоланки, ризқ инсонни худди ажали уни қувгандек қувиб юради. Бировнинг ризқи адашиб бошқаникига бориб қолмайди. Бирор киши ризқини тўла олмагунича бу дунё билан видолашмайди.

Ривоят қилишларича…

Якка хонага қамаб қўйилган бир маҳбус девор бурчига тўр тортган ўргимчакни кўриб қолиб: “Хонанинг ҳамма ёғи тош-девор бўлса, ташқарига игна сиққулик тешик бўлмаса, бу ўргимчак нима билан озуқланар экан?” деган ўйга борибди. У хаёлига ғарқ бўлиб ўтирганида турма назоратчиси эшикдаги туйнукчани очиб, маҳбусга аталган овқатни узатибди. Шу аснода аллақаёқдан бир пашша бўлмага учиб кирибди-да, тўғри бориб ўзини ўргимчак тўрига урибди. Бу ҳодиса кейинча ҳам бир неча бор такрорланганини кузатган маҳбус, ҳайратини яшира олмай, ризқнинг ҳар ерда ҳам келиб туришига амин бўлган экан.

Тоғ чўққисининг устида ёки кимсасиз саҳрода қолиб кетган одам ҳам ризқдан бенасиб қолмайди. Бунга мисол тариқасида жуда кўп ривоятларни келтириш мумкин. Улардан бирида шундай ҳикоя қилинади: бир киши ризқ масаласидаги қарашлар исботига гувоҳ бўлиш учун кимсасиз саҳрога чиқиб кетибди. “Қани, ҳеч ким бўлмаган жойда ризқни кутиб ётай-чи, у қандай келаркин?” деган хаёлга борибди ва бир бута тагида ғужанак бўлиб қимирламай ётибди. Кеч бўлгач, унинг олдига бир гуруҳ одам келиб тушибди. Фаҳмлашича, улар карвонларни тунайдиган қароқчилар экан. Бояги одам нима бўлишини кутиб, индамай ётаверибди. Хулласи, қароқчилар аввал уни гапга солмоқчи бўлишибди. Индайвермагач, тилсиз-соқов киши бўлса керак деб ўйлашибди. Имо-ишораларига ҳам жавоб қилмагач, балки очликдан силласи қуриб, гапиришга мажоли ҳам қолмагандир, деб ўйлаб, унинг оғзини йириб, овқат қуйиб, ризқини едиришган экан.

Дарвешлик хирқасига алмашилган либос

Иброҳим Адҳам Балх ўлкасининг подшоҳи эди. Унга беҳисоб шон-шуҳрат, амал-мартаба, мол-давлат берилган, ризқи мўл эди.

Бир куни у овга чиқди. Ов қилаётиб маҳрамларидан узоқлашиб кетди. Юравериб қорни очди. Халтасидан нон-сув олиб дастурхон ёзди. Шу пайт бир қарға учиб келди-да, дастурхондаги бурда нонни кўтариб қочди. Иброҳим Адҳам қарғанинг бу сурбетлигига чидолмай ортидан от солиб қува кетди. Қарға  баланд тоғ чўққиси сари учди. Подшоҳ ўша томонга отини бурди. Қарға учиб-қўниб қочаверди, отлиқ шоҳ қуваверди. Ниҳоят юксак қоялардан бирида қарға ерга қўнди. От солиб етиб борган шоҳ қарасаки, қарға ерда оёқ-қўли боғлиқ бир одамнинг олдига бориб тушибди. Бояги бурда нонни майдалаб унга едиряпти. Бу ҳолдан таажжубда қолган Иброҳим Адҳам отдан тушиб, у одамни саволга тутди:

— Эй инсон, сен кимсан? Не ҳолки, бунда оёқ-қўлинг боғлиқ ётибсан?

— Мен бир бадавлат савдогар эдим. Баттол қароқчилар йўлда мени тунаб, бутун бойлигимни тортиб олишди. Ўзимни эса оёқ-қўлимни боғлаб, мана шу кимсасиз чўққига ташлаб кетишди. Иложсиз, имконсиз Аллоҳнинг тақдирига кўниб қолавердим. Унинг қудратини қарангки, тутқунликнинг иккинчи куни очлик ва ташналикдан бемажол ётсам, олдимга бир қарға келиб қўнди. Оғзида бурда нон. Уни майдалаб, оғзимга сола бошлади. Нафсим ором олди. Кейин қарға бир парча латтани оғзимга қўйиб кетди. Уни шимиб ётиб ташналигимни қондирдим. Бир неча кунки, Аллоҳ қарға воситасида ризқимни етказиб турибди…

Бу воқеадан таъсирланган подшоҳ салтанатдан совиди, дунё молидан кўнгли қолди. Саройни, мол-дунёни тарк этиб, сўфийликни афзал кўрди, шоҳлик либосини дарвешлик хирқасига алмаштириб юборди…

Аталганидан ортиғи насиб қилмайди

Одамлар нега ато этиб қўйилган ризққа қаноат қилмай ўзларини ҳар тарафга уришади? Фақат ҳалол йўл билан, касб-ҳунар орқасидан тирикчилик ўтказишга буюриб қўйилганига қарамай, ҳаром йўллардан ризқ излашади? Ўзгаларни алдашади, ҳақига хиёнат қилишади, алдов ва зулм билан мол-мулкини тортиб олишади, ёмон молларини алдаб сотишади, тарозидан уриб қолишади, судхўрлик қилишади, пора олиб-беришади, ҳаром нарсалар олди-сотдиси билан шуғулланишади…

Яна берилган ризққа рози бўлмай, аҳли-аёлини ташлаб ўзга юртларга ризқ ахтариб кетишади. У ерларда иймонларига, эътиқодларига, ибодатларига, миллий асосларига завол етаётганига ҳам парво қилишмайди (Жанубий Кореяга ишлашга кетган ўзбек йигитларидан бир нечаси яқинда насроний динига кирганини афсус билан сўзлаб беришди). Агар уларни очлик, муҳтожлик иссиқ ўринларидан ҳайдаб чиқарганида ҳолатларини тушунса бўларди. Асосан орзу-ҳавас, ҳавойи нафс, “бошқаларга ўхшаб яхши яшаш” васвасасига учиб, ўзга юртларда хор бўлиб юришибди.

Инсон қанча елиб-югурмасин, ўзини ҳар кўйга солмасин, белгиланган кунини кўради, аталган ризқини ейди. Ундан бир дақиқа ҳам, бир мисқол ҳам ортиқ ёки кам бўлмайди.

Нафс инсоннинг ўзлигидир. Нафсига қул бўлган одам фақат ўз роҳатини, осойишини, кайфу сафосини ва манфаатларини ўйлайдиган бўлиб қолади. Ана шу нафс кўйида бошқалар билан олишади, ўзига беҳисоб душманлар орттиради, ўзгаларга ёмонлик, зулм қилишдан қайтмайди. Яратганнинг ўлчов ва чегараларини бузиб, инсониятга хиёнатлар қилади ва охири разолат йўлини тутади.

Яна бир мулоҳаза: инсонларнинг ризқ талабида елиб-югуришлари, ҳаракатга тушишлари, интилишлари, орзулар қилишлари табиий бир ҳолат. Чунки Аллоҳ ризқни яшириб қўйган. Бу эса инсоният тараққиётига, жамият равнақига хизмат қилади. Агар ризқ қаердан, қачон, қанча келиши маълум бўлиб қолса, инсонлар танбаллик билан тўшакларидан турмай, ризқ келишини пойлаб ётган бўлардилар.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси,

“Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби.