Якшанба, 21 Yanvar 2018

Ёрқинхўжа УМАРОВ: “Мухлислар далдаси менга куч бағишлади”

“ZO’R TV” каналининг энг шов-шувли лойиҳаларидан бири бўлган — “The cover up-2” Янги йил арафасида ўз ғолибини аниқлади. Ҳаяжонлар, шубҳа ва тахминлар ортда қолди. Истеъдодли хонанда Ёрқинхўжа Умаров барча босқичларни шижоат билан енгиб ўтди ва мухлислари умидини оқлади.

 — Лойиҳанинг  мутлақ ғолибига айланганингиз билан табриклаймиз. Бугунги олқишлар, ғурур, қувонч ортида нималар бор? 

— Менимча, орзу, интилиш, тинимсиз меҳнат. Агар инсон сидқидилдан бор кучини аямай меҳнат қилса, натижаларга эришар экан. Айниқса, мухлислар далдаси менга катта куч бағишлади. Бунинг учун улардан миннатдорман.

    — Болаликдан санъатга қизиқармидингиз?

— Агар менга микрофон бериб қўйишса, икки метр узоққа қочиб кетардим. Жуда ҳам тортинчоқ ва уятчан эдим. Санъат соҳасидан кетишим етти ўйлаб тушимга ҳам кирмаганди. Онам, Зоҳида Умарова — хонанда. Балки қондан-қонга ўтгандир.

— Илк таълимни қаерда олгансиз?

— Мактабни тамомлагач Тошкент архитектура-қурилиш институти қошидаги академик лицейда таҳсил олганман. Сўнг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясига ярим йил тайёргарлик кўриб, имтиҳонга кирганимда ДТМ топшириш ёдимдан кўтарилгани учун балл ололмадим. Ўша йили Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига топшириб олийгоҳга киролмадим. Анча тушкунликка тушдим. Кейин бокс билан шуғулланиб, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтига топширгандим, машғулот чоғида бурнимни синдириб қўйдим. Шу сабабдан  омад мендан юз ўгириб, яна қабул қилинмадим. Уйда қўшиқ ижро этганимни кўрган онам Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият олийгоҳига олиб бордилар. Натижа кутганимдек бўлди.

— Сиз “The cover up-2” лойиҳасини мутлақ ғолибига айландингиз. Қувончларингиз ичингизга сиғмаётгандир?

— Ҳа, албатта. Айниқса мухлисларимнинг кўмаги менга куч бағишлади. Агар инсон сидқидилдан бор кучини аямай меҳнат қилса, натижаларга эришар экан.

—  Лойиҳага ташриф буюрган меҳмонларнинг аксарияти сизни яхши танишар экан. Бу танишув юқори баҳо олишингизга кўмаклашдими?

— Мен унақа деб ўйламайман. Улар билан кўп хизматларда бирга бўлганлигимиз туфайли ишга ёндашишимни кузатишган. Қолаверса, томошабинларнинг ўзи ҳам кўриб туришибди.

— Меҳмон санъаткорлар орасида сиз биладиган санъаткор келганида ҳаяжон юқори бўлмадими?

— Йўқ. Мен ҳаяжонни енгишни биламан. Саҳнага чиққанимда севинчим ичимга сиғмай кетади. У менга уйимдек азиз. Балиқ сувда қанақа эркин сузса, мен ҳам саҳнада эркинман. Агар ҳаяжон устунлик қилса, мен хоҳлаган ютуққа эришолмаслигим мумкин. Шунинг учун саҳнага чиққандан сўнг ҳар қандай ҳис-туйғуларни жиловлаш лозим.

Сиз саҳнада қўшиқ ижро этганингизда бамисоли оламга қувонч улашаётган қушдек енгил ҳаракатланасиз. Бундай эркинликка қаерда ўргангансиз?

— Мен аввалари ресторанларда ашула айтиб юрардим. Эҳтимол, шу ҳам менга кўмаклашгандир.

— Овоз имкониятларингиз неча йил давомида шаклланди?

— Уч йил тинимсиз изланишлар эвазига. Мен бирор-бир ишга киришсам, охирига етказмай қўймайман.

— Ижро пайтида кўпроқ кимга тақлид қиласиз?

— Ҳеч кимга. Фақат ҳолатдан келиб чиқаман. Ҳар бир қўшиқ устида ишлаганимда, қандай янгилик киритсам одамларга ёқади, деб ўз устимда изланаман.  Мен бировга тақлид қилиб эмас, аксинча  ўзимгагина хос бўлиб шаклланишим керак. Ҳар хил йўналишларни тинглаганимда, ўзимникини ҳам топишим лозим.

Лойиҳада “cоver” қилиш жараёнида кимлар билан кўпроқ маслаҳатлашдингиз?

— Гуруҳ аъзолари, созандалар билан келишиб ишладик.  Улар куйлаган қўшиқларимнинг асосий ижодкорларидир.

— Қўшиқларингизда ўзига хос нолалар ва қочиримлар бор...

— Булар юракдан куйласамгина келиб чиқади.

Сиз  кўпроқ миллий қўшиқларимизни тинглайсизми ёки хорижий?

— Профессионал тарзда ижро этилган ашулаларни эшитаман.

Кўпчилик хонандалар жонли ижрода овоз чарчаб, зўриқади, деб фонограммада куйлашга ўтиб олишган. Сизнинг бунга муносабатингиз?

— Жонли ижрода овоз чархланиб, ўсиб боради. Фонограмма овоз, эшитиш, томоққа зарар. Масалан, гулга сув қуймасангиз, сўлиб қолади. Уни сунъий сув билан ўстириб бўлмайди-ку! Овознинг устида ишлаган сари очилиб боради. Лекин мен фонограммада айтолмайман.

Илк бор куйлаганингиздаёқ мусиқага тушганмидингиз?

— Йўқ. Фақат табиат тортиқ қилган овозим борлигини англаганман. Мен 21 ёшимда куйлашни бошлаган бўлсам, овозимни мукаммаллаштириш учун ҳозирги кунгача ўз устимда ишлаб келяпман. Заргар ўз  ишига  қандай қилиб ёндашса, мен ҳам худди шундай.

Санъат ва маданият институтининг мусиқали  театр актёрлиги йўналишини тамомлагансиз. Нима сабабдан театрда фаолият юритмаяпсиз?

— Чунки саҳнада роль ижро этишдан кўра, куйласам кўпроқ ўзимдан кўнглим тўлади. Ашула айтиб роль ижро этиш эса янгича йўналишни олиб киряпти. Санъаткор ҳеч қачон чегара нималигини билмаслиги керак. Саҳнада турдими, пардани олиб ташлаш лозим. Агар сиз куйлаганда мазза қилсангиз, шубҳасиз, кузатувчига ҳам маъқул келади. Мендаги ҳаракатлар импровизация асосида қурилади.

— Энди сизни мухлисларингиз талайгина. Кутилмаганда келган машҳурлик сизни чўчитмаяптими?

— Ўзимга яраша тингловчиларим бор. Мана шу даражани ушлаб қолиш учун ижоддан тўхтамаслигим керак.

Афруза билан дуэт куйлаш жараёни қандай кечди?

— У билан ишлаб жуда ҳам мазза қилдим. Нимадан кўнглингиз тўлди-ю, нимадан йўқ, шуни дарҳол илиб олар экан.

— “Тhе cоvеr up-2” лойиҳасида қайси иштирокчи сизга ҳақиқий рақобатчи бўлди, деб ўйлайсиз?

— Мен кимлардандир устун томонларим бўлса, бошқаларнинг ҳам мендан устун томонлари бўлди. Масалан, овоз томонлама Афруза кучли, Зоҳиданинг техникаси, нолаларини тан оламан. Бу лойиҳага фақат кучлилар йиғилган.

Сизнинг фақат юқори баллар олишингиз миш-мишларга сабаб бўлди…

Хабарим бор. “Бу бола олигархнинг фарзанди, баҳоларни сотиб оляпти”, деганлар ҳам бўлибди. Лекин келган меҳмонлар ҳар хил эди-ку!

— Қайси хонанданинг қўшиғини куйлаш қийин кечди?

— Жаҳонгир Отажонов келган кунлари кайфиятим яхши бщлмади. Шу сабабдан ўзимни кўрсата олмадим.

Лойиҳа давомида кутилмаган вазиятлар ҳам бўлдими?

— Шаҳзода келганида “Қўллар тепага” қўшиғини куйлашим керак эди. Аммо иситмам чиқиб, ҳамма жойим зирқираб оғрияпти, тобим йўқ эди. Қарасам, бу созандаларимга ҳам таъсир қилиб, руҳлари тушиб кетди. Ўшанда йигитларга сизлар зўр чалиб беринглар, мен ҳам яхши ижро қилиб бераман, дедим. Ўзимга-ўзим “3-4 дақиқага бўлса ҳам, куч топишим керак” дедим. Саҳнада буни сезишмаган. Ғалабага эришиш учун охирги кучингиз қолгунча курашишингиз даркор.  Ҳар қандай ишни бошлашдан аввал бу имконият эртага берилмайди, деб ёндашган маъқул.

Жаҳонгир Отажоновнинг қўшиғини куйлаганимдан сўнг, унча мазза қилмадим, дедилар. Шунда беш, олти баҳо олсам  керак, деб ўйлагандим. Охирида “энг катта баллни сизга қўйдим”, дедилар. Уларга йўналишим маъқул келибди.

Ўз табиатингизни таърифлай оласизми?

— Очиқкўнгил, меҳрибон, қувноқ, ҳамма нарсадан яхшилик излайдиган, дангаса, ҳеч қаерга ўз вақтида бормайман… Мен ҳақимда кўпроқ атрофимдагилар яхши билишади.

“Сулола Band” гуруҳида Муштарий билан биргаликда фаолият олиб бораркансиз. Лойиҳадаги иштирокингиз муносабатларингизга таъсир қилмадими?

— Йўқ. Аввал қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам ўша-ўша.  Лойиҳа давомида ҳам  бир-биримизга маслаҳат бериб юрдик.

Алишер Узоқов томонидан суратга олинган “Янги вақт” фильмидаги иштирокингиз ўзингизга ёқдими?

— Ушбу фильмда қурувчи ролини талқин қилдим. Лекин роль ижро этишимни кутмагандим. Алишер акадан жуда ҳам миннатдорман. Лойиҳа иштирокчиларини бирдек қўллаб-қувватлади. Ҳаётимда бурилиш бўлишига сабабчи бўлган инсон, дейишим мумкин.

Лойиҳада берган охирги интервьюнгизни кўрганлар “Ёрқинхўжа кибр отига минибди”, дейишди. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

— Алишер Узоқов ҳаммага “Лойиҳада энг зўр қўшиқни ким ижро қилди?” деб савол берганида, иштирокчилар аниқ жавоб беришмади. Мен кўрсатувга озгина кулгу олиб кириш мақсадида “Мана, мен-да, ака!” дедим. Шуни кибрга йўйишган. Ахир бу — шоу! Шундай экан, томошабин мазза қилиб кўриши керак.

 Лойиҳа ғолиби бўлдингиз. Бунинг ўзига яраша масъулияти бор. Режаларингиз қандай?

    — Тўғриси, мен лойиҳага бу қадар боғланиб қоламан, деб ўйламагандим. Ҳаётим ранг-баранг бўёқлар билан бўялганди. Ҳамма иштирокчилар ва лойиҳа ижодкорлари билан аҳил оила бўлиб қолгандик. Энди эса… Менга билдирилган ишончни оқлашим керак, ижод оламига шўнғимоқчиман.

Туронбека ШАРОФИДДИНОВА суҳбатлашди.