Душанба, 23 Июль 2018

Рамазон — маънавий юксалиш ойи

Истиқлол шарофати ила миллий ва диний қадриятларимизга эркинлик берилиб, Рамазон, ҳайит каби ибодат ва маросимларни мукаммал адо этиш, фазилатли кунлар шарофатидан кенгроқ баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлдик. Айни пайтда диёримизда муборак Рамазон ойининг шукуҳи кезмоқда. Мўмин-мусулмонлар бу қутлуғ ойда рўза тутиб, Аллоҳ буюрган фарз амални адо этмоқдалар. Зеро, Рамазон ойи мусулмонни фазилатли қадриятлар, улуғ хулқлар, гўзал ўрнаклар ила тарбиялайдиган ойдир.

 Икки нафснинг тийилиши

Рамазон — меҳру мурувват, хайру саховат ойи. Ушбу ойда инсонларга хос бўлган яхши фазилатлар юксалади. Бу ойда кишилар бир-бирларига ҳар қачонгидан ҳам меҳр-оқибатли бўлишади. Ана шу яхши фазилатларнинг амалда намоён бўлиши, нафақат инсоннинг ўзига, балки оиласидаги фарзандларининг тарбиясига ҳам ўз таъсирини ўтказади.

Рамазон ойида инсон қуйидаги ёмон фазилатлардан ўзини тияди: ёлғон гапиришдан, бировнинг дилини оғритишдан, бировга ёмонлик қилишдан, ғийбат қилишдан, ҳақоратлашдан тийилади.

Бундай олиб қараганда, бу ойни маънавият ойлиги, десак ҳам муболаға бўлмайди. Рўза тутиш нафақат инсонни маънавий камолотга етаклайди, ҳаттоки унинг саломатлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Рамазон ойини динимизда айтиб ўтилган “инсоннинг икки нафси тийилиши” ва “покланиш ойи” деб ҳам айтилади. Ана шу икки нафсининг тийилиши натижасида инсон саломатлиги янада соғломлашади.

Бир сўз билан айтганда, бу ойда инсон онгу тафаккурига ўрнашиб қолган ёмон фазилатларга қарши курашади ва ўзида яхши фазилатларни кўпайтиради. Ана шундай саодатли дамларимиз Рамазон ойи билан боғлиқ бўлиб, бу ойда тутиладиган рўза амали инсонда ўз нафсини бошқара олиш, сабр-қаноатли бўлиш, мақсад сари собитқадамлик билан интилиш каби фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилади. Бу фазилатларни касб этган инсон эса ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай тўсиқларни осонлик билан енгиб ўта олади.

Мунира КАҲҲОРОВА,

Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий

маркази бош мутахассиси.