Жума, 22 Июнь 2018

Хоҳлаган одам ўқув курслари очиши мумкинми?

      Савол:

   Хусусий ўқув курслари кўпайиб бормоқда. Уларда ҳар хил тилларни ва фанларни ўргатишади. Лекин пул тўлаб, ўқишни бошлагач, ўқув жараёнида ўқитувчиларнинг савияси пастлиги яққол кўринади. Шундай ўқув курсларини фаолияти қонунийми? Хоҳлаган одам ўқув курси очиб, ёшларни ўқитиши мумкинми?

      Жавоб:
— Хоҳлаган одам ўзича ўқув курси очиб фаолият юритиши мумкин эмас. Бундай фаолият билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 1 мартдаги “Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги” 100-сонли қарорига мувофиқ белгиланган тартибда лицензия олгандан кейингина шуғулланиши мумкин. Низом талабларига асосан лицензияларни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар Вазирлар Маҳкамасининг нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш комиссияси томонидан қабул қилинади. Комиссия фаолияти унинг томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ ташкил этилади. Давлат тест марказининг Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрларни ва таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш бошқармаси Комиссиянинг ишчи органи функциясини бажаради. Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия 5 йил муддатга берилади.