Сешанба, 11 Декабрь 2018

Қўпол муносабат қандай жазоланади?

Савол: Айтайлик, мен ўз хонадонимдаги бузилиб қолган чанг ютгич ва   музлатгични маиший техника таъмирлаш устахонасига таъмирлаш учун олиб бордим ва устахона ходими менга уч кундан сўнг келиб олиб кетишим мумкинлигини тайинлади. Келишилган куни устахонага келганимда устахона ходими мен берган чанг ютгич ва музлатгични тузатмаганлигини айтиб, яна икки кундан сўнг келишимни тайинлади. Айтилган кун келганимда эса устахона ходими мендан ҳеч қандай буюм олмаганлигини айтиб,  қўполлик билан хоҳлаган жойимга боришим мумкинлигини таъкидлади. Мен эса нима қилишимни хам билмай қолдим. Шундай ҳолатда истеъмолчи ҳуқуқи бузилган ҳисобланса, менга етказилган зарар ва истеъмолчи сифатидаги хақ хуқуқларимни қандай тиклашим мумкин?   

  Жавоб: 

Бундай ҳолларда ҳуқуқи поймол бўлган шахс ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши зарур. Истеъмолчига етказилган моддий зарар қопланиши  учун  истеъмолчи устахона сотувчиси ёки ходими билан чанг ютгич ва музлатгични тузатиб бериш ҳақида келишилган оғзаки келишувни асословчи  ҳужжат, яъни ёзма равишда тузилган шартнома ёки оғзаки келишувни асословчи ҳужжат тақдим қилиши лозим. Ёки бўлмаса хизмат учун олдиндан тўланган тўлов чеки ҳам асос бўла олади. Бундай шартлар истеъмолчи томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тақдим қилинмаган ҳолларда истеъмолчи ҳуқуқи ва унга етказилган зарар ундириб берила олмаслигига сабаб бўлиб қолади. Истеъмолчи шундай ҳолатга тушиб қолмаслиги учун, биринчи  навбатда, сотувчи ёки устахона ходими ёхуд ҳар қандай соҳада ҳам хизмат кўрсатувчи  билан ёзма ёки оғзаки равишда шартнома тузиши лозим. Оғзаки тузилган шартномага асосан истеъмолчи томонидан тақдим қилинган буюмни устахона ходими ҳақиқатдан ҳам олиб қолганлиги тўғрисида маълумотни истеъмолчига бериши, агар маълумот берилмаган тақдирда истеъмолчи бундай маълумотни талаб қилиб олиши лозим. Маълумот олинганидан сўнг улар ўртасида тузилган келишув шартларининг биронта талаби  бажарилмаган, сифатсиз таъмирланган, ёхуд йўқотиб қўйилган тақдирда олинган маълумот  истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қила олишга асос бўлади. Шундай экан истеъмолчи ўз ҳуқуқини талаб қилиш билан бир қаторда истеъмолчига  юклатилган мажбуриятларни ҳам амалга ошириши лозим.