Сешанба, 17 Июль 2018

Планшетга “боғланган” болалар

Кичкинтойнинг жажжи бармоқлари билан худди катталардай смартфонни босиши меҳрни товлантириб юборади. Аммо уни қўлидан туширмаслиги хавотирга солади.

 Бугунги кунда болалар йўргакдан чиқмасиданоқ ота-онасининг смартфонлари ва планшетларига қўл чўзишади. Шунчаки қўлларида ушламай, ёқишни ҳам, ўчиришни ҳам билишади. Уларнинг зеҳнли бўлиб ўсишлари яхши, албатта. Ҳозирги кунда янги технологиялар тилини билиш жуда муҳим. Аммо бунинг бошқа томони ҳам бор. Руҳшунослар ва педиатрлар гаджетларга ҳаддан ташқари қизиқишнинг салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришади. Ривожланиш ва хавфсизлик ўртасидаги меъёрни қандай аниқлаш мумкин?

 Ҳамма нарсанинг ўз вақтида бўлгани яхши

Болада тобелик ривожланмаслиги учун, авваламбор, унинг ёшини эътиборга олган ҳолда, у гаджетлар билан ўтказиши мумкин бўлган вақтнинг давомийлигини аниқлаш зарур.

3 ёшгача болаларннг ҳаётида гаджетларнинг умуман бўлмагани маъқул. Тўғри, болани планшетга умуман яқинлаштирмасликнинг ҳар доим ҳам иложиси бўлавермайди. Шу сабаб унинг соғлиғига зарар етмаслиги учун 15 дақиқа билан чекланинг. Бу ёшда жисмонан ва руҳан тўлиқ ривожланиши учун болалар атроф-олам билан ушлаб кўриш, эшитиш, кўриш орқали танишишлари лозим.

Кичкинтойнинг “экранли ҳаёти” – бу сезиш спектрининг кичик кўз билан кўриладиган қисми бўлиб, болани беҳаракат вақт ўтказиши ҳисобланади. Бола планшет билан ўтиришга ўрганмай, баркамол ривожланиши учун у билан кўпроқ шуғулланинг, очиқ ҳавода ўйналадиган ва билим берадиган ўйинларни бирга ўйнанг. Китоблар ўқиб беринг, биргаликда расм чизинг, ясанг, сайр қилинг.

3 ёшдан 6 ёшгача: кунига 30-45 дақиқа. Бола компьютер ўйинлари билан танишган заҳоти, улар уни шу қадар ўзига тортадики, бошқа нарсаларнинг унга қизиғи қолмайди. Болалар ёрқин виртуал оламга шўнғиб, ҳеч кимга қўшилмай, реал ҳаётни унутишади. Бироқ болани ўйинлардан бутунлай чеклашнинг хожати йўқ. Унга хотира, мантиқий фикрлашни ривожлантирувчи, ўқишни ўргатувчи илова ва ўйинларни ўрнатиб беринг. Улардан қандай фойдалнишни кўрсатинг. Бу ўйинлар уни мактабга тайёрлашга ёрдам беради.

7-11 ёш: кунига 45-60 дақиқа. Интернетдан фойдаланиш ва компьютер ўйинларига рухсат беришдан олдин фарзандингиз билан келишиб, бу ишни “ота-она назорати” функцияси билан амалга оширинг. (Ижтимоий тармоқларга киришига рухсат беришга ҳали эрта). Интернетда фойдали маълумотлардан ташқари, хавфли маълумотларнинг ҳам кўплигини, улардан эҳтиёт бўлиш кераклигини тушунтиринг. Боланинг Тармоқда нима билан шуғулланганидан хабардор бўлиш учун браузернинг сайтларга кириш тарихини кўриб чиқинг. Бу билан сиз фарзандингиз олаётган маълумотларнинг сифатини назорат қилиш билан бирга унинг қизиқишлари билан ҳам танишасиз.

12 ёшдан катта: кунига 1-1,5 соат. Ўсмирлар Интернетдан фойдаланиши, ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиши керак. Бу ёшдаги ўсмирни Тармоқда назорат қилиш қийин, аммо шундай бўлса-да, доимо кўз-қулоқ булинг, қандай суратларни қўйиш мумкин эмаслиги ва бунинг сабабини тушунтиринг. Ундан виртуал ҳаёт ҳақида сўранг, танқид қилманг, аксинча йўналтиришга ҳаракат қилинг. Маълумот қидиришда ёки гаджетдан фойдаланишда ёрдам беришини сўранг. Бу унинг ўзига бўлган баҳосини оширади ва муносабатларингизни мустаҳкамлайди.

Болани гаджетлардан қандай узоқлаштириш керак?

Тақиқламанг, ўхшаш вариантларни таклиф қилинг. Боланинг атрофидаги гаджетларга бўлган қизиқиши ўз-ўзидан ўтиб кетмайди. Тўғридан-тўғри тақиқлашлар натижасида бу қизиқиш янада тез ортиб бораверади. Шунинг учун боланинг диққатини қизиқарлироқ машғулотларга – спорт билан шуғулланиш, ўйинлар, оилавий сайрларга қаратишга ҳаракат қилинг. Унинг реал ҳаёти қанчалар мазмунли бўлса, виртуал ҳаёт уни шунча кам қизиқтиради.

Ўрнак бўлинг

 Агар ота-оналарнинг ўзлари экрандан узоқлашолмай, телефонлари қўлдан тушмас экан, боладан нимани кутиш мумкин. Бола учун қоидаларни белгилар экансиз, уларга ўзингиз ҳам риоя қилинг. Фарзандингизга овқатланаётганда планшетга қарашни тақиқладингизми, демак, бу сиз учун ҳам мумкин эмас. Дастурхон атрофида фақат оила аъзолари йиғилишини анъанага айлантиринг. Ҳеч қандай гаджетларга ўрин йўқ!

ЖАСУР тайёрлади.