Жума, 14 Декабрь 2018

Озишда оқсилли маҳсулотларнинг фойдаси

Спорт залига боришга ҳар доим ҳам вақт топилмайди, янгича парҳезлар эса кўп фойда келтирмайди. Унда қоматни қандай қилиб жойига келтириш керак? Бу муаммони ҳал қилишда асосийси оқсилдир. Тўғри истеъмол қилганда оқсилли маҳсулотлар озишга ёрдам беради.

Самарали натижаларга эришиш учун тановул қилинадиган таомни камайтириш лозим. Оқсилли маҳсулотлар организмни тез тўйдириб, анча вақтгача очлик ҳиссидан халос қилади. Бундай таомларни мунтазам тановул қилганда таом миқдори ўз-ўзидан камайиб, озишга ёрдам беради. Аммо бунда ҳар бир таомнинг асоси оқсил бўлиши зарур.
Қуйида таомномангиздаги оқсиллар миқдорини оширишга ва ўз навбатида озишга ёрдам берадиган маҳсулотлар ҳақида билиб оласиз.

Қўзиқорин

Қўзиқориндаги ўсимлик оқсили организмга ҳайвонникидан яхшироқ сингади. Қўзиқорин таркибида минераллар, витаминлар, аминокислоталар мавжуд. Ҳафтага 2-3 марта қўзиқорин истеъмол қилиб, организмни фойдали моддалар билан бойитасиз ва семирмайсиз.

Творог ва творогли маҳсулотлар

Бир ҳисса ёғсиз творогда 30 г оқсил бор. Творог таркибида, шунингдек, В12 витамини, кальций ва фосфор мавжуд. Мунтазам творог истеъмол қилиш организмни оқсилга бойитибгина қолмай, соч ва тирноқларни мустаҳкамлайди, юз рангини яхшилаб, иммун тизимига фойда беради. Творогга ёнғоқ, асал қўшиш мумкин. Агар ширинликка қарши бўлсангиз, туз, укроп, саримсоқ қўшсангиз бўлади. Творогдан кекс, печенье ва турли коктейллар тайёрлаш мумкин. Бу универсал маҳсулот ҳар куни дастурхонда бўлиши керак.

Йогурт

Ёғлилиги 10% табиий йогурт таркибида 50% оқсил, 25% кальций бор. Мунтазам истеъмол қилганда организмдаги ортиқча килограммлар узоқ “сақланмайди”.

Соя сути

Ёғи кам, холестеринсиз ўсимлик оқсилининг энг яхши манбаи. Организмни зарур моддалар билан тўйинтириб, семириб кетмаслик учун мунтазам равишда соя сутини бўтқа, десерт, қаҳва ёки чойга қўшиш керак.

Тухум

Тухум таркибида осон ва тез сингадиган оқсилдан ташқари, темир, кальций, рух, шунингдек, аминокислоталар мавжуд. Нонуштага исмалоқли омлет пиширинг ёки шунчаки қайнатиб енг. Бу жуда мазали ва фойдалидир.

Ёнғоқ

Таркибидаги ўсимлик оқсилига кўра, ёнғоқ етакчи ўринда туради. Ҳар қандай ёнғоқ — ерёнғоқ, ёнғоқ, хандон писта очликни енгиш учун энг яхши восита саналади. Озгина ёнғоқ сизни очликдан халос қилиб, организмни қоматга зиён келтирмаган ҳолда фойдали моддалар билан бойитади.

 Ловия

Ловия, шунингдек, нўхат, дуккаклиларни таомномангизга албатта қўшинг. Майдаланган ловияни эраталбки коктейл ёки смузига қўшса, ичимликнинг таъми ўзгармайди, организм эса зарур миқдордаги оқсилга тўйинади.

Авокадо

Авокадо таркибида оқсилдан ташқари, омега-6 ёғ кислоталари кўп бўлиб, улар ёғни қувватга айлантириб, озишга ёрдам беради.

Киноа (Бразилия шўраси)

Лотин Америкасида асосий таомларга фойдали қўшимча сифатида ишлатилади. Оқсилга бой бу ўсимлик озиқавий қийматга эга. Киноанинг яқин қариндоши оддий шўрадир. Бу ўсимликни руккола ва исмалоқ билан бирга салатларга қўшсангиз, организм фойдали оқсилга тўйинади.

Испан мавраги (чиа уруғлари)

Бу ўсимлик қадимдан оқсилга бойлиги, озиқавий хусусиятлари, шунингдек, қондаги холестерин миқдорини камайтириш хусусиятига эгалиги билан машҳур. Уруғларни коктейл, йогурт ёки кефирга қўшиш мумкин.

Фойдали ва тўғри овқатланиш билан меъёрий вазн ўртасидаги боғлиқлик катта. Таомномани юқоридаги маҳсулотлар билан бойитсангиз, натижаси кўп ўтмай кўзга ташлана бошлайди.

Севара АЗИЗ тайёрлади.