Чоршанба, 19 Сентябрь 2018

Орзунинг сурати

Соҳил бўйида икки болакай ўтиришибди.

— Шундай гўзал денгизни телевизорда кўргандим.

— Энди кўргани ўзимиз келдик.

— Ҳа, тўғри, денгизни мана шундай ёнидан кўриш орзу бўлиб қолса керак, деб ўйлагандим.

— Кел, ҳозир қумга орзунинг суратини чизамиз. Ким чиройли тасвирлар экан?

— Келишдик.

Қуёш тафти атрофни қиздирмоқда. Денгизнинг тўлқинли мавжлари гоҳ гувиллаган товуш чиқариб тошгандек ўйноқлар, гоҳ болакайлар ўтирган соҳил томон суриларди. Дўстлар қум устида ажойиб суратларни чизишга тушиб кетишди. Гўё вақт уларни кутиб тургандек ҳеч нима халал бермас, бинобарин яқин-атрофда биронта бегона соя кўринмасди.

— Вой, балиқнинг сурати. Нега балиқни тасвирладинг?

— Чунки балиқ — эркин жонзот. У кенг уммон узра истаганича олис масофагача сузиб боради. Уммон тубини кўриб қайта олади. Бобомнинг айтишича, балиқлар хосиятли жонзотлар эмиш. Ўйлашимча, Орзу балиқларга ўхшайди, чексизликка интилади, қанотлари билан истаган олис масофасига сузиб боради. Қани, энди сенинг навбатинг.

— Мана қара, мен чизган тасвир.

— Қушни тасвирладингми? Бунча чиройли? Нега айнан қуш?

— Қушлар ҳам бепоён осмонда истаган масофасигача учиб боришади. Қанотларини қоқиб дунё айланишади. Осмон қадар баландликка чиқишади. Қушлар ҳам хосиятли, меҳрибон жонзотлар эмиш. Мен Орзуни қуш тасвирида тасаввур қилдим.

Болакайлар кенг денгизнинг олис соҳиллари томон тикилишди. Қуёш уфққа бош қўяётгани кўринди. Қумга уй томон кетаётган икки дўстнинг оёқ излари тушди. Тунда денгизнинг тўлқинли мавжлари соҳилга чиқиб қумдаги суратларни ювиб юборди. Беғуборлик ила таралган тасвирларни бошқа ҳеч ким кўрмади. Ҳақиқатан, орзу қўлга ушланмас, кўз билан яққол кўринмас, фақат уни чин кўнгил билан ҳис қилиш керак, тамом.

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ.