Чоршанба, 19 Сентябрь 2018

Қор менга умид бағишлайди

Ташқарида оппоқ қор ёғяпти. Менинг жуда кўп хотираларим қор, қиш фасли билан боғлиқ. Қиш фаслида туғилганман. Мен туғилган кечаси роса қор ёққан экан. Мана, ҳозир айни пайтда касалхонадаман. Операцияга олиб кириб кетишаётганда қордан дарак ҳам йўқ эди. Бугун ҳушсизлантирадиган дорининг кучи кетгач, ўзимга келиб деразадан ташқарига қарасам, ҳаммаёқ оппоқ қор… Ҳаёт-мамот билан олишган одам ўзига келиб, атрофидаги оқликни кўрса, қанчалар бахтиёр бўлишини тасаввур қилиб кўринг-а!..

Қандли диабет хасталигига чалинганимда ўн икки ёшли қизалоқ эдим. Ўн саккиз йилдан бери шу хасталик билан курашаман. Бу касаллик мени ҳатто юриш бахтидан ҳам мосуво қилди. Кўзларим ҳам хира кўради. Бунинг устига, кўричагим ёрилиб кетишига озгина қолиб, бир ўлимдан қолдим. Қандли диабет бўлган беморнинг яраси тузалиши ҳам қийин кечаркан. Энди пешанада борини кўрамиз…

Баъзида ўйлайман: агар ота-онам арзимаган сабаблар билан жанжаллашишавермаганда, мен уларнинг бақир-чақирини эшитиб қўрқиб ёки сиқилиб кун ўтказмаганимда, бу дард менга балодай ёпишиб олмасмиди?..

Қор билан боғлиқ яна бир ширин хотирам — 18 ёшимда менга анчадан бери ёқтирадиган синфдош йигитнинг қорхат ёзгани. Унда оёқларим соппа-соғ эди. У ҳарбий хизматдан қайтганида эса  касаллигим кучайди ва мен у билан орани очиқ қилишга қарор қилдим. Биз хайрлашаётганда ҳам қор ёғаётганди…

Мана, шунга ҳам ўн йилдан ошди. Синфдошим уйланиб, икки фарзанднинг отаси бўлди. Аммо туғилган кунимда ва биринчи қор ёққанда менга гул жўнатишни канда қилмайди. Бирам хурсанд бўлиб кетаман…

Деразадан ташқарига қараб ётиб ўйладим. Ҳар бир инсон мана шундай оппоқ қордан, табиатнинг бетакрор гўзаллигидан бир умрга баҳра олиб яшаши учун соғлиғини асраши, атрофдаги яқинларини авайлаши керак. Фарзандлари соғлом ва бахтли яшаши учун бир-бирини тушуниб умргузаронлик қилаётган ота-оналар — сизлардан олижаноб одамлар бормикин?..

Замира.

Мактубни БАРНО оққа кўчирди.