Чоршанба, 19 Сентябрь 2018

Онамга мактуб

Онажоним, меҳрибоним, мен ҳамиша сизнинг қошингизда ҳайратдаман. Ҳаётнинг синовли кўчаларида бағритош инсонлар сизга қанчалик озор бермасин, сиз ҳеч қачон уларга ёмонликни раво кўрмадингиз. Вақти келганида бизни ҳам ноўрин қадамлардан асраб қолдингиз. Дунёда фақат ва фақат эзгулик ғолиб бўлишини уқтирдингиз. Метин иродангиз, сабру тоқатингизга ва меҳрга тўла қалбингизга таъзим қиламан.

Ҳар баҳор уйимизда биринчи бўлиб баҳор таомларини тайёрлашга, фарзандларингизни ҳаммадан олдин хурсанд қилишга интиласиз. Бу дунёда ҳеч ким сиз каби энг мазали таомни тайёрлай олмаслигига аллақачон амин бўлганман. Балки оналар фарзандлари учун пиширадиган таомларига юрагидаги меҳридан қўшганлари учун шунақа ажойиб таомлар тайёрлашса керак.

Мунисгинам, фариштам, мен мактуб ёзишга бежиз аҳд қилмадим. Сизни жуда-жуда яхши кўришимни ҳеч қачон ўзингизга айта олмаганман. Ҳатто ўзим билмай кўнглингизни оғритиб қўйган чоғларимда ҳам, мендан хафа бўлмагансиз. Дугоналаримнинг оналари фарзанди учун вақт ажратишга оғринганларида, уларнинг арзимаган баҳоналарини эшитиб, сиздек жонкуяр, фидойи онагинам борлигидан роса хурсанд бўлганман. Бахтимизга ҳамиша омон бўлинг! Сизнинг нурга тўла нигоҳингизга боққанимда ҳаёт қанчалар гўзал ва бебаҳо эканлигини ҳис қилганман. Борингизга шукур,  азиз онажонгинам!

Марҳамат ШЕРБОЕВА,

Тошкент маданият коллежи ўқувчиси.