Пайшанба, 22 Fevral 2018

Оналарнинг хунуги бўлмайди

Қизим Бекзода билан боғчага бориш учун бекатга тўхтаган яшил автобусга илиниб, жой беришгач, ўриндиндиқлардан бирига ўтириб олдик. Рўпарамизда телефон титкилаб келаётган таннозгина аёл таниш кўринди-ю, эслолмадим. Унинг ўзи мени таниб, ёйилиб илжайди:

— Вой, ўртоқ, яхшимисан? Юрибсанми?

Эслолмасам ҳам, саломлашиб, оғзига тикилдим. Ўзи эслатди. Бир институтда ўқиб, бир ётоқхонада яшаганмиз. Тирсиллаб турган шимига, сўнгги русумдаги турмагига қараб, хотираларимга берилдим. Ҳа, эсладим… У ёшлигида ҳам ҳозиргидай мода билан ҳамнафас яшарди. Қип-қизил лаб бўёқ, улама киприк ва автобусга унчалик ўрнашмаган ўткир атири ҳам ўша-ўша…

Ҳозир шифокорликни ташлаб, косметология билан шуғулланаётган экан. Айтиш жоизки, анчагина ёш кўринарди.

— Неварангми? — деди, у қўғирчоғига андармон қизимга қараб.

Кулиб юбордим. Бизнинг ёшимиздаги ёшроқ боласи бор аёлларга бундай саволлар берилиши табиий. Шунинг учун жилмайганча жавоб қайтардим:

— Йўқ. Кичкинам. Супрақоқдим. Энг ақллигим!

— Ҳа… — деди у чўзилиб, чимирилганча, — қандай қиз эдинг-а! Оддийгина юрсанг ҳам, “Фарғона париси” деб, битта табассумингга зор ошиқларинг бор эди. Бўйинг чўкиб, ажинларинг ҳам кўпайиб қолибди. Хайрият, “мимический” экан. Ўшанда ҳам юзингни аямай, кулиб турардинг. Мана, мен ортиқча жилмаймайман. Болаларим ҳам ўрганиб қолишган. Жуда хурсанд бўлсам, номигагина илжайиб қўяман. Э, ўртоқ, салонимга кел! Хизматларим арзон эмас-у, сенга нархларни тушириб бераман. Ҳар қалай, эл таниган одамсан. Кун ора телевизордан чиқасан. Жилла қурса, бир реклама қилиб юборарсан ўртоғингни, — деди у ташриф қоғозини узатиб.

Қоғозчага кўз ташлаб, бош ирғадим.

— Албатта кел, кутаман. Лабингни озроқ ботокс қилиб, юзингни коррекция қиламиз. Мезотерапия қилдирадиган пайтинг келибди. Ажинларингни йўқотмасак, чуқурлашиб кетаверади. Ярим ой қатнасанг, аввалги Муаззамга айлантириб қўяман. Қўғирчоқ бўлиб қоласан, гарантия!

Йўловчилар ичида қиёфамдаги камчиликларимга ишора қилаётган танишимга бир нарса демоқчи бўлиб оғиз жуфтладим-у, улгурмадим. Боядан бери ўзи билан ўзи овора бўлиб кетаётган қизим эса қовоғини солиб, қўлидаги қўғирчоғини унга узатди:

— Хола, сизга “Барби”мни бераман. Хоҳлаганингизча ўйнанг! Фақат ойимга тегманг! У дунёда энг чиройли ойиларнинг ҳам энг чиройлиси! Уни ўзингизга ўхшатиб қўйишингизни хоҳламайман!

Бекзодамнинг жавобидан косметолог дугонам хўмрайди, автобусдагилар эса кулиб юборишди. Қизим “Барби”сини қайтиб олмади. Тушиб кетар чоғимиз бир гап айтди:

— Илтимос, ҳеч кимнинг ойисини ўзгартирманг! Чунки ойиларнинг хунуги бўлмайди!

Муаззам ИБРОҲИМОВА.