Жума, 20 Сентябрь 2019

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси кечиктирмай тўланади

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бюджет ташкилотларининг харажатлар сметаларида кўзда тутилган бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнининг қулайлиги ва соддалиги масаласига бағишланган йиғилишда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа пулларининг ўз вақтида тўланиши ва тўлов жараёнининг соддалаштириш масаласи қаттиқ танқид қилинди.

Йиғилиш якунига кўра, вазирлик раҳбарияти томонидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлашда ахборот технологияларини ҳамда тўғридан-тўғри мулоқотсиз алоқа шаклларини жорий этиш, шунингдек, талаб этилаётган ҳужжатлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ва тўлов жараёнини соддалаштириш юзасидан топшириқлар берилди.

Натижада, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб харажатлар сметалари бўйича бўш турган (иқтисод қилинган) маблағлар ҳисобидан нафақаларни тўлайдиган бюджет ташкилотлари бюджет маблағларини бош тақсимловчилари ва молия органлари билан келишмаган ҳолда, “UzASBO” дастурий мажмуасига мустақил равишда ўзгартириш киритиш орқали ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаб бериш имкониятига эга бўлади.

Бунда нафақани бир йўла тўлаб бериш имкониятига эга бўлмаган (харажатлар сметаси бўйича иқтисод қилинган маблағлари мавжуд бўлмаган) бюджет ташкилотлари учун қўшимча маблағга талабнома бериш жараёни “UzASBO” дастурий мажмуаси орқали автоматлаштирилади ҳамда қоғозсиз ва тўғридан-тўғри мулоқотсиз шаклга ўтказилади.

Электрон тарзда талабномаларни тақдим этиш жараёнини жорий этиш бюджет ташкилотларининг (қоғоз ва почта) харажатларини қисқартириш имконини беради ҳамда ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ўз вақтида тўлаб берилишини таъминлайди.

Молия вазирлиги ахборот хизматига маълумотларига кўра, мазкур механизм 2018 йил 1 апрелидан бошлаб тўлиқ ишга туширилади.