Чоршанба, 17 Oktabr 2018

Оилавий низолар сабаби нима?

Оилаинсонга бахт келтирувчи ва авлодлар давомийлигини таъминловчи гўша, жамият бутунлиги ва аҳиллигини кафолатловчи қўрғон. Оила тинчлиги ва осойишталиги эса жамият барқарорлигининг асосий омили. Шу сабаб бўлса керак, Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ оиланинг ижтимоий негизини мустаҳкамлашга ҳамда барқарорлигига эришишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Айнан 1998 йилни “Оила йили”, 2012 йилни “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши оилага бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.

Аммо бугунги кунда ҳам жамиятимизда оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, можаролар ва улар сабаб турмушга дарз кетиш каби ҳолатлар ҳам учраб турибди…

 Қайнана-келин муносабати қатъий тартибга солиниши керак!

Мунира Қахҳорова, Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси:

— Оилавий ажримлар кейинги пайтларда глобал тус олиб, юристлaр, дeмoгрaфлaр, иқтисодчилaр, сoциoлoглaр, псиxoлoглaр вa қўйингки, барча соҳа вакиллари диққат марказида бўлиб турибди. Чунки бу ҳақиқатда иқтисодий, маънавий, маърифий, психологик муаммодир. Демак, уни бартараф этиш билан кўплаб ижтимоий, иқтисодий, сиёсий муамммолар ечилади. Акс ҳолда, инсонлар ташвишларга кўмилиб, жамият нотинч, давлат қашшоқлашади. Ажралишнинг оқибати нафақат эр ва хотинга зарар етказади, балки фарзандларнинг онасиз ёки отасиз улғайишига олиб келади. Натижада фарзандлар қалби нотинч, юраги кемтик, руҳан тушкун, ҳаётдан аламзада, демакки, жиноятга мойил бўлиб вояга етади.

Оилаларнинг бузилиш сабаблари ўрганиб чиқилганда, ёшларимизнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, соғ­лиғига эътиборсизлик, йигитларнинг оилани бошқаришни, рўзғорни моддий таъминлашни, фарзандларни маънан ва жисмонан соғлом қилиб тарбиялашни ўз бурчлари деб билмасликлари, қизларнинг эса уй бекаси, оналик вазифасини тушунмаслиги, аксарият ҳолларда қайнана ва келин ўртасидаги можаролар туфайли юзага келаётганлиги маълум бўлди.

Бугун қайнана-келин муносабати ҳам қатъий тартибга солинишни кутилаётган муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Келин қайнанасини тарбияга ҳақли она, қайнана эса, ўз навбатида, келинни айрим инжиқликлари бор қизи сифатида қабул қилса, уларнинг ҳаёти осонлашган бўлармиди?! Шунда манфаатлар тўқнашуви мақсадлар уйғунлашувига айланармиди?!

Оилавий муаммоларга кимлардир аралашиб, тинчини бузиш, бу — маънавиятсизлик! Бунинг ҳаммаси китоб ўқимаётганимиз оқибати. Одамларда маърифат йўқолса, майда гап бўлиб қолади. Китоб ўқиган, маърифатли оилаларда жанжал бўлмайди. Албатта, бу ўринда ёш масаласи ҳам муҳим. Зеро, ёш, касби бўлмаган, ҳаёт ҳақидаги тушунчалари саёз қизларнинг турмушга узатилиши улар ҳаётининг мураккаблашувига олиб келиши исботланган.

Боланинг уволидан қўрқинг!

Дилором САГДУЛЛАЕВА, психолог:

— Ҳуда-беҳудага оилани барбод этиш, албатта, болалар тарбиясига салбий таъсир этади. Ажралиш оқибатида норасида қолган боланинг уволи тутади, аммо минг афсуслар бўлсинки, орамизда увол-савобни билмайдиган, норасидаларнинг етим қолишини ўйламайдиган ота-оналар ҳам бор. Бундай олиб қаралганда оиланинг бузилиши ота учун изтироб, она учун бахтсизлик, энг ёмони, фарзандлар учун катта фожиадир. Чунки ҳали ҳаётнинг пасту баландини англаб улгурмаган мурғак юракчаларга озор етади, қалбини яралайди. Улар умр бўйи ўксиниб яшайдилар.

Статистик малумотларга кўра, ажрашиб кетаётганларнинг ёши 20-35 ёшни ташкил қилади. Бу асосан оилавий турмушнинг биринчи 4 йили (35,5%) ва 5-9 йиллари демакдир. Ажрим туфайли ҳар бир нотўлиқ оилада ўртача 2-3 нафардан бола етим қолади. Демак, турмуш ўртоғидан айрилгач, она болалар тарбияси, рўзғорни юритиш каби катта масъулиятни ўз зиммасига олишга мажбур. Бундай оилавий низолар бир-бирига занжирдек уланиб кетадиган муаммоларни келтириб чиқариши аниқ.

Оиладаги муносабатлар ҳам оила қонунчилигида эр ва хотиннинг тенг ҳуқуқлиги асосида мустаҳкамлаб қўйилган бўлса-да, уларнинг ўзаро муносабатлари миллий кадриятларимиз асосида ўрнатилиши, оилада кўпроқ ёши каттанинг гапларига қулоқ солиш, уни ҳурмат қилиш, эркак киши оила бошлиғи ҳисобланганлиги учун унга ҳам итоат қилиш лозим. Ана шулардан келиб чиқиб, никоҳланувчи шахсларга нафақат никоҳ тузилишининг ҳуқуқий асосларини, балки унинг психологик асосларини ҳам содда ва тушунарли тарзда баён этиш керак. Бу эса ўз навбатида оилалар қўрғони мустаҳкам бўлишига, оилавий ажримлар кўпайишининг олдини олишга хизмат қилади.

 Нотўлиқ оиладан жиноятчилар чиқиши мумкин

Акмалбек АЛИМОВ, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Ижтимоий-ҳуқуқий бўлим мудири:

— Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, оилада ҳуқуқий саводхонлик даражасининг пастлиги, маънавиятсизлик, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит оиланинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Ажралиш туфайли нотўлиқ оила вужудга келади. Айни кунда ижтимоий хавфли жиноятлар содир этаётган аёллар ва вояга етмаган болалар нотўлиқ оилалардан эканлиги кузатилмоқда. Ёки бўлмаса фоҳишахоналар, четга пул ишлаш учун ноқонуний йўл билан чиқиб кетаётган ёш қизлар, аёллар, албатта, буларнинг барчаси ажралиш оқибатида юзага келган нотўлиқ оилалар вакиллари.

Оилавий ажримлар туфайли қанчадан-қанча болалар ота ёки она меҳридан мосуво бўлмоқда. Қолаверса, ёшлар ўртасидаги жиноятларнинг кўпчилиги ота тарбиясини кўрмаганлар томонидан содир этилмоқда.

Шундай экан, ҳар бир ота-она ўғил ёки қизини турмушга тайёрлаш жараёнида никоҳ ва оиланинг масъулияти, эр-хотинликнинг ҳуқуқ, бурч ва вазифаларидан тўла хабардор қилиш лозим. Зеро, оила — муқаддас даргоҳ.

 Оилага хиёнат кечирилмас гуноҳми?

Иргаш Даминов, Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи:

— Оила — насл давомийлиги, поклиги гарови. Ҳукуматимиз ва фаол жамоатчилик томонидан мунтазам равишда олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга қарамай, оилаларда ажралиш ҳолатлари учраб турибди. Атрофимизда оилавий ажримларнинг кўпайганлиги, аксарият оилалар жуда майда маиший муносабатлар орқасидан бузилиб кетаётганлиги, энг оғриқли жойи бу оилаларнинг фарзандлари тирик етим бўлиб қолаётганлиги бизни кўп ўйлантиради.

Оилавий низоларга сабаб қилиб кўрсатилаётган ҳолатлар (эркакларнинг такаббурлиги, аҳли оиласини ҳақорат қилиши, менсимаслиги, ишламаслиги, рашк, хиёнат, аёлларнинг эса  турмуш ўртоғи оиласидагиларга ҳурматсизлиги) аслида ечими оддий муаммолардир.  Эркаклар турмуш ўртоғи ҳам, болалари ҳам унга ато этилган омонат эканини унутмасликлари лозим. Омонатга эса хиёнат қилинмайди.

Аслида эр ва хотин бир-бирига ҳижоб, яъни пардадир. Улардан бири бошқасининг яхшисини ошириб, ёмонини яширади — парда бўлади. Шу тариқа, бири иккинчисига мустаҳкам боғланган, уларни айро тасаввур қилиб бўлмайди. Аслида эркак ва аёл ҳар жиҳатдан тенг. Мана шу тенглик англанган оила эса тинч ва барқарордир. Эркак кучини тўғри, хайрли ишларга йўналтирса, аёл ҳаёси билан фарзандларига тарбия берса, улар ҳамжиҳатликда фаровонлик сари интилса, келажакка холис назар солса, хайрли мақсадлар сари илдам қадам босса, шубҳасиз, оила ҳам, жамият ҳам бахтли, обод бўлади.

 Аслида инсон, у ким бўлишидан қатъи назар, бахтли бўлишга ҳақли. Бахтнинг тўлақонли бўлиши эса уни ўраб турган бошқа инсонлар, у яшаб турган жамият, қолаверса, бутун башарият билан боғлиқ. Бахт оила билан. Ҳеч бир инсон ёлғизликда бахт топа олмайди. Чунки у шундай яралган. Демак, ўзи бахтга интилган инсон ўзгалар бахтини ҳам ўйлаши муҳим. Бинобарин, никоҳ икки инсонни ушлаб турувчи занжир эмас, балки ихтиёрий иттифоқдир. Мана шу иттифоқ мустаҳкам бўлиши ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.

Шундай экан, ҳар биримиз ўзимиз ва фарзандларимизнинг келажаги учун оилаларимизнинг мустаҳкамлиги ҳақида қайғуриш бурчимиз эканлигини англаб етишимиз лозим, бу борада қўлимиздан келган чора-тадбирларни кўриш эса вазифамиздир.

 К. АҲМЕДОВА тайёрлади.