Шанба, 22 Сентябрь 2018

Оиладаги тушунмовчилик: муаммони қандай ҳал қилган маъқул?

Оиладаги муаммоларни ўзгаларга айтиш, дардни ёт одамга дастурхон қилиш аслида ўзбекона тарбиямизга хос эмас. Аммо турмуш доим ҳам бир текис кетмайди. Қайсидир ўринларда кимнингдир маслаҳатига эҳтиёж сезилади. Бу борада энг тўғри маслаҳат бера оладиган мутахассислар эса психологлардир.

Холис маслаҳатгўй зарур

Кексаларимиз бежиз ёшларни турмуш қурган вақтларида қаноатли бўлишга ундашмайди. Ажримларнинг аксарият қисми биринчи беш йилликка тўғри келади. Демак, эр-хотин бир-бирини тушуниб етгунича камида беш йил вақт керак. Ана шу даврдан сабр-тоқат билан ўтиб олишса, марра уларники. Турмушнинг  дастлабки  беш, олти йили унчалик кўп вақт эмас. Аммо оиланинг пароканда бўлиб кетишига баъзида бир кунлик жанжал ҳам кифоя.

Узатилган қизнинг нафақат турмуш ўртоғига, балки муҳити бошқача ўзга хонадонга ёки хонадондагиларнинг янги келинга кўникиши осон кечмайди. Низо ҳар икки томоннинг феъл-атвори турли хилдалигидан келиб чиқади. Бир-бирларининг табиатларини тушунишлари учун эса уларга маълум вақт керак. Масалан, келин 4-5 йилгача ўзи туғилиб ўсган оиласини, шарт-шароитини қўмсайди. Шунинг учун келин бўлиб тушган оиласидагилар билан озгина келишмовчилик юз берса ҳам, ота уйига кетиб қолишни ўйлайди. Орадан маълум вақт ўтгач эса болалар туғилади, вояга ета бошлайди, улар билан боғлиқ ширин хотиралар ҳам шу хонадонда улғаяди. Энди келин ота уйига меҳмон эканлигини, ўзининг оиласи, бахти учун курашиши лозимлигини теранроқ англай бошлайди. Қаерга борса ҳам ўз оиласига, фарзандлари туғилиб ўсган, вояга етаётган хонадонга талпинади. Шунинг учун турмушнинг илк даврида, албатта, ҳар бир келин-куёвга холис маслаҳатгўй керак.

Азиза АЛИМҚУЛОВА, руҳшунос.


Ўқиган китобларим ёрдам берди

Ён қўшним — руҳшунос. Илк танишувимиз оилавий масалалар билан боғлиқ бўлган. Ўшанда бош фарзандим икки ёшда эди.

Арзимаган келишмовчиликни деб эрим билан ажрашишга қарор қилганимни эшитган қўшним Комила опа мени ёнига чорлаб, психологиядан “дарс” берди. Шу баҳона психология фанига қизиқиб қолиб, турли китобларни топиб ўқий бошладим. Айниқса, фарзанд тарбияси, оилавий масалаларга боғлиқ қўлланмалар яхши оила бекаси, рафиқа, она бўлишимда жуда асқотди.

Фарзандларимиз мактабга чиқа бошлаганларида, биз — эр-хотин бир-биримизни анча яхши билиб олгандик. Яъни мен эримга нима ёқади-ю, нима ёқмайди, шунга қараб ҳаракат қиладиган, у киши ҳам менинг кўнглимга қарайдиган бўлдик. Ана шу йиллар мобайнида мен Комила опадан, у киши тавсия қилган адабиётлардан оила мустаҳкамлиги йўлида асқотадиган жуда кўп маслаҳатларни олдим.

Фароғат МАМИРОВА, уй бекаси.


Энг тўғри йўл

Хориж мамлакатларида ҳар бир оиланинг руҳшуноси ва адвокати, оила шифокори бор. Бизда ҳам психологлар уюшмаси, турли оилалар билан ишлайдиган хусусий психологик хизмат кўрсатиш турлари мавжуд. Фақат аҳолининг руҳшуносларга мурожаат қилиши учун уларда кўникмани шакллантириш, йўл-йўриқ кўрсатиш зарур. Дардингизни ёки муаммонгизни бирор танишингизга, дўстингизга айтсангиз, у сизга нари борса “Фарзандларингни ўйла, ажрашма”, дейди. Ёки, аксинча, “Тинчгина ажрашиб қўя қол”, дейди. Ахир бир сўз билан оила пароканда бўлиб кетиши мумкин. Шу сабаб, бу борада психологдан кўмак сўраш — энг тўғри йўл.

Зарифа ХОЛИҚОВА, ўқитувчи.


Ота-она — чинакам ибрат намунаси

Дарҳақиқат, фарзанди келажакда яхши инсон бўлишини истаган ота-оналарнинг ўзлари ҳам комил инсонни тарбиялаш салоҳиятига эга бўлиши лозим. Зеро, ота-оналар нафақат тарбиячи, балки чинакам ибрат намунасидир. Уларга эса маҳаллада фаолият юритадиган фаоллар, яъни ҳудудда истиқомат қилувчи ҳуқуқшунос, тиббиёт ходими, психолог, педагог, иқтисодчилар кўмак беради.

Афсуски, кўпчилик нимагадир бирор муаммосига ечим топиш мақсадида психологлар, ҳуқуқшунослар, тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш учун вақтини қизғанади ёки ҳафсала қилмайди. Биз фаолларимиз ташаббуси билан турли мавзуларда суҳбатлар уюштирамиз. Баъзида бундай тадбирларимиз бир-бирини тушунмаётган қайнана-келин, эр-хотиннинг келишмовчиликларига барҳам беради.

Каромат ХУДОЙҚУЛОВА, маҳалла маслаҳатчиси.

Оила — муқаддас қўрғон. Унинг пойдевори мустаҳкам бўлса, комил, ахлоқли фарзандлар вояга етади. Арзимаган сабаблар туфайли кунда-кунора фарзандлар олдида жанжаллашиш бу муқаддас қўрғоннинг бузилишига олиб келади. Мутахассисларнинг фикрича, оилаларнинг пароканда бўлишига ҳар икки томоннинг бир-бирига меҳр кўрсатолмаслиги, ҳамдард бўлишни, оддий муомала маданиятини билмаслиги сабаб бўлар экан. Ушбу муаммоларга барҳам бериш учун ёши улуғ кишиларга, мутахассисларга ва, албата, руҳшуносларга мурожаат қилиш фойдадан холи бўлмайди.

Барно СУЛТОНОВА.