Душанба, 18 Ноябрь 2019

Одам савдоси — жаҳолатнинг қабиҳ сиртмоғи 

Дунё миқёсида ҳар йили 4,5 миллиондан зиёд киши одам савдоси қурбони бўлади. Ачинарлиси, уларнинг 1,2 миллиондан зиёди болалардир. Бу рақамлар одам савдосига қарши курашиш қанчалик долзарб эканини англатади. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш борасида миллий тизим яратилган. Бу давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини қамраган шундай тизимки, у халқаро ҳамкорлик алоқаларига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Хўш, у одам савдосининг олдини олиш ва одам савдосидан жабрланганларга қанчалик кўмак бермоқда?

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигининг ўн йиллиги муносабати билан “Ўн йил — мустаҳкам пойдевор, келажак сари янги куч ва янги ғоялар” мавзусида ташкил этилган халқаро давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.

 8  минг жабрланувчига ёрдам кўрсатилди 

2001 йилда ташкил этилган “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази ўтган ўн етти йилда одам савдосидан жабрланган 8 мингга яқин инсонларнинг ҳаётда ўз йўлини топишига кўмаклашди. Самарали фаолият юритишимизда 2008 йил 17 апрелда, яъни бундан ўн йил муқаддам қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни муҳим ўрин тутди, — дейди Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази директори Нодира Каримова. — Чунки қонунда одам савдосига қарши курашиш бўйича ижтимоий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди. Бу глобал муаммолардан бири саналган одам савдосининг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги ривожланишига, ўз навбатида, марказимиз фаолияти кенгайишига кенг йўл очди.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, узоқ йиллар Тошкент шаҳри миқёсида фаолият юритган “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот марказига яқинда Республика мақоми берилди. Бу марказнинг одам савдосидан жабрланганларга кўмак кўрсатиш миқёси кенгайгани, фаолият самарадорлиги ортгани туфайлидир.

“Долзарб алоқа тармоғи” эшитади!

Маълумки, халқаро ҳамкорлик асосида ташкил этилган марказнинг “Долзарб алоқа тармоғи” мавжуд. Кўпинча одам савдоси жабрланувчилари мазкур тармоққа мурожаат қилади. Уларга ёрдам бериш учун марказ психологлари, ҳуқуқшунослари доимо алоқада. Жабрланган фуқаронинг жойи аниқлангач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда уни қайтариш чораси кўрилади. Хориждан қайтарилган жабрланувчиларнинг соғлиғини тиклаш, уларга руҳан далда бўлиш имкониятлари ишга солинади. Кейинги босқичда — марказда очилган ўнга яқин ҳунар тўгараклари орқали уларга касб-ҳунар ўргатилади ва ишга жойлаштириш чораси кўрилади.

— Одам савдосига қарши курашиш борасида Ўзбекистондаги жамоат ташкилотлари, хусусан, “Истиқболли авлод” билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, — деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси иккинчи котиби, гиёҳванд моддалар ва ҳуқуқни татбиқ этиш бўлими (INL) вакили Марина Ритсема. — Биргаликда “Долзарб алоқа тармоғи”нинг ташкил этилгани самарали натижаларни бермоқда. Мушкул аҳволга тушган минглаб инсонлар бу тармоққа ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларнинг кўпчилиги бу ерда ўзини қийнаётган саволларга жавоб топди. Тармоқда фаолият юритаётган психолог ва ҳуқуқшунослар уларга беминнат ёрдам бериб келмоқда.

Тадбир давомида иштирокчилар “Долзарб алоқа тармоғи”нинг муҳим жиҳатлари, аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлари юзасидан таҳлилий маълумот билан таништирилди.

Самарали тизим яратилдими?

Давра суҳбатида маъруза қилган ИИВ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш Бош бошқармаси ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили Жамолиддин Юсупов Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш бўйича самарали тизим яратилгани туфайли кейинги ўн йилда 15 мингга яқин кишининг одам савдоси қурбони бўлишининг олди олингани, бу жиноятдан жабрланган 3,5 мингдан ортиқ фуқарога ижтимоий ёрдам кўрсатилганини таъкидлади.

Жамолиддин Юсуповнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда одамларнинг нолегал трафикига қарши курашиш ва унинг қурбонларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий базасини ташкил қилувчи асосий халқаро ҳужжатлар, жумладан, “Болаларни бошқа мамлакатларга ўғирлашнинг фуқаролик аспектлари тўғрисида”ги Гаага Конвенцияси, “Одамлар савдосига ва учинчи шахслар томонидан фоҳишаликда фойдаланишга қарши курашиш тўғрисида”ги Конвенция ва унга Якунловчи баённома, БМТнинг “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича Конвенция”сида кўзда тутилган нормаларга оғишмай риоя қилиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Халқаро миқёсда хавф солиб турган, ХХI асрга ҳам мерос бўлиб ўтган yаркобизнес, халқаро терроризм ва одам савдоси — бу жиноятчилик турлари трансмиллий характерга эгалиги, чегара билмаслиги, минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлаётгани билан хатарлидир. Айниқса, глобаллашув жараёнларининг кучайиши, жаҳон мамлакатлари иқтисодиёти интеграциялашувининг тезлашиши оқибатида халқаро жиноятчи гуруҳлар томонидан терроризм, наркотрафик ва одам савдосининг авж олдирилиши жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда.

Хорижий экспертлар таҳлилига кўра…

Хорижий экспертларнинг таҳлиллари натижасида нолегал меҳнат миграциясининг бир неча йирик йўналишлари мавжудлиги исботланган. Булар: Шарқий Европа ва Африка мамлакатларидан Ғарбий Европага, Марказий ва Жанубий Америкадан АҚШ ва Канадага, Жануби-шарқий Осиё ва Ҳиндихитой ярим оролидан Малайзия, Жанубий Корея ва Японияга, Марказий Осиё мамлакатларидан Россия ва Форс кўрфази мамлакатларига борадиган йўналишлардир.

Вена шаҳрида (Австрия) ўтказилган одам савдосига қарши курашиш мавзусидаги халқаро конференцияда келтирилган маълумотларга қараганда, ҳар йили 2,7 миллион нафарга яқин шахс бу жиноятнинг қурбонига айланмоқда ва уларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил қилмоқда. Афсуски, ноқонуний меҳнат миграцияси муаммолари мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Айрим шахслар ишлаш учун норасмий равишда бошқа мамлакатларга йўл олмоқдалар. Бу эса одам савдоси билан шуғулланиб бойлик орттириш умидида юрган кимсаларга қўл келмоқда. Шу боис, республикамизда бу иллатга қарши курашиш масалаларига давлат миқёсида катта эътибор қаратилган.

Кенг қамровли ёндашув зарур

БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича Конвенциясини тўлдирувчи, 2000 йилнинг 15 декабрида қабул қилинган “Одамлар, айниқса аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида»ги Баённомада одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг самарали чораларини кўриш учун бундай савдонинг олдини олишга, бу фаолият билан шуғулланувчи шахс­ларни жазолашга ва унинг қурбонларини, шу жумладан, уларнинг халқаро эътироф этилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чораларни ўз ичига олган кенг қамровли халқаро ёндашув зарурлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Одам савдосига қарши курашиш фаолиятини такомиллаштириш ҳамда мазкур Баённома қоидаларини миллий қонунчиликка сингдириш мақсадида 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунда “одам савдоси” ва “одамлардан фойдаланиш” тушунчалари белгиланиб, одам савдосига қарши курашиш тизимини ташкил этиш тартиби, ваколатли органлар ва уларнинг вазифалари, шунингдек, одам савдоси қурбонларининг ҳимояси ва ижтимоий-ҳуқуқий реабилитацияси масалалари ёритилди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро шарт­номаларга содиқлигини ва ўзининг халқаро мажбуриятларини тўлиқ бажараётганини тасдиқловчи яна бир далилдир.

Шафқатсизликка қарши  эзгулик бонги!

Одам одамни пуллаш эвазига фойда кўриши қанчалик қабиҳлик бўлмасин, бу мудҳиш жиноят уюшган гуруҳларнинг асосий даромад манбаларидан бири бўлиб қолмоқда. Тадбирда бу шафқатсизликка қарши эзгуликни тарғиб этувчи эзгу ишлар янада кўпроқ амалга оширилиши зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Конференция якунида жиноятнинг олдини олиш юзасидан информацион компанияларни ўтказиш, одам савдосидан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш борасида ўзаро тажриба алмашилди.

Одам савдосига қарши курашишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, халқаро ҳамжамият билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, давлатлар ўртасида ўзаро алоқалар самарадорлигини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зуҳра МЕЛИБОЕВА.