Чоршанба, 21 Август 2019

Об-ҳаво бирдан ўзгаргандаги тушкунлик касалликми?

Бундайлар метеотаъсирчан кишилар дейилиб, уларга “метеоневроз” ташхиси қўйилади. Улар об-ҳаво ўзгаришларига таъсирчан бўлиб, кўзга кўринмас магнит майдонини ҳис қилишади.

Одатда ёшларда бундай ҳолатлар кузатилмайди. Аммо ёши катталарга об-ҳавонинг ўзгариши жиддий таъсир кўрсатади. Ҳаво бир оз ўзгариши билан уларнинг боши оғриб, қон босими кўтарилади. Бундай ҳолларда ҳар доим фойда берадиган дорилар яхши самара бермайди. Гоҳида юрак хасталикларига чалинган беморларнинг нафаси қисиб, оёқлари шишиб кетиши ҳам мумкин. Бу пайтда уйқусизлик кучаяди, асабийлашиш, қон босими кўтарилиши, бош оғриғи пайдо бўлади, нафас олиш қийинлашади. Шуниси қизиқки, об-ҳаво ўзгаришларидан сўнг аҳволи ёмонлашган беморнинг тиббий таҳлил натижалари организм соғлом эканлигини кўрсатади.

Метеоневрозга чалинганлар кечаси уйқуга ётишдан аввал аутоген машқлар қилиши, бош ва бўйин соҳасини енгил уқалаши, шифокор тавсиясига кўра асаб тизимини тинчлантирувчи дори-дармонлар қабул қилишлари лозим.

Кекса ёшлилар кўпроқ дам олишлари, жисмоний ҳаракатларни имкон қадар чеклашлари даркор. Негаки, жисмоний меҳнат пайтида нафас олиш марказлари зўриқади. Бу пайтда кўпроқ суюқ ёки буғда тайёрланган таомлар, кўкат ва сабзавот қўшилган салатларни истеъмол қилиш ҳамда кўк чой ичиш фойдали. Нафас йўлларини қичитадиган зираворлар, аччиқ, қўй гўштидан тайёрланган, дудланган маҳсулотларни чеклаш зарур. Ушбу ҳолатда ялпиз, райҳон баргини ҳидлаш, лимон пўстини чайнаш умумий аҳволни яхшилайди, юрак ишини кучайтириб, бош оғриғидан фориғ этади.

Аёллар бу кунларда асабий, йиғлоқи бўлишлари, уйқусизликдан қийналишлари мумкин. Уларга ётишдан олдин илиқ сувда чўмилиб, тинчлантирувчи таъсирга эга ялпиз, кийикўт, арслонқуйруқ ҳамда лимонўт гиёҳларидан бирини дамлаб ичиш фойдали.

КАМОЛА тайёрлади.