Чоршанба, 17 Oktabr 2018

Нодавлат нотижорат ташкилотлари: эскирган усуллардан воз кечиш лозим!

Нима учун айни пайтда мамлакатни иқтисодий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан янада ривожлантириш бўйича инновацион ғояларни таклиф қилувчи фаол, ўзининг ташаббусларига таяниб фаолият кўрсатадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чоралари лозим даражада амалга оширилмаяпти? Нима учун фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга давлат томонидан ажратилаётган маблағлар ўрта муддатли ва узоқ муддатли, кенг кўламли ҳамда умумреспублика миқёсидаги лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишга имкон бермаяпти?

Халқаро пресс клубда Адлия вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун моҳияти ва унда назарда тутилган янгилик ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор этиш мақсадида ташкил этилди. Унда Адлия вазирлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Фармон қабул қилинишининг зарурати нимада?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқуловнинг таъкидлашича, кейинги вақтларда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича сезиларли чора-тадбирлар кўрилди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган 200дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилди. Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган 9 300дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришишда муҳим роль ўйнамоқда.

Ушбу фармон бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ислоҳотлар давлат томонидан амалга оширилаётган бўлса, давлат ёнида туриб ижтимоий муаммоларни ва сиёсий масалаларни ҳал қилишда биргаликда фаолият юритаётган, ўз фикри билан қатнашаётган жамоат ташкилотлари ҳисобланади. Ана шу ташкилотларнинг фаоллигини ошириш борасида мазкур фармонда кўплаб имкониятлар ва имтиёзлар белгиланган.

Фармон матнига эътибор қаратсак, ҳудудларда фуқаролар билан мулоқот қилиш майдонлари шаклланмаганлиги, турли ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда жамоат ташкилотлари фаолияти иштироки сезилмаётгани, ҳалиям нодавлат нотижорат ташкилотлари эркин фаолият юритишлари учун тўсиқ ва ғовлар мавжудлиги қайд этилган. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича фармонда чоралар ва имтиёзлар белгилангани ниҳоятда қувонарли.

ННТларга уйлар ажратиладими?

“Шу ўринда бир маълумотни айтиб ўтмоқчиман, мазкур фармон билан Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳузурида ННТларни қўллаб-қувватлаш фондлари ташкил этилади, — дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси Илҳом Насриев. Бу фондлар 1919 йилдан бошлаб маҳаллий бюджет маблағидан молиялаштиришга киришилади. Фармонда таъкидланишича, ҳар бир ҳудудда ННТ уйлари ташкил этилади. Бу уйларни ташкил этишдан мақсад фуқароларимиз учун мулоқот майдонлари яратишдир. Натижада юртдошларимиз жамиятимиздаги долзарб муаммоларни ва янгиликларни муҳокама қилиб, ўз таклифларини давлат органлари олдига қўя олади.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, келгусида ННТлар олдида ҳам рақобат майдони яратилади. Нодавлат нотижорат ташкилоти  рўйхатдан ўтса, ўз ўрнини топади, дегани эмас, ҳозирги кунда юртдошларимиз эътибори ва эътирофига сазовор бўлиш осон эмас.  Бунинг учун тинимсиз меҳнат қилиш ва изланиш лозим”.

Агар пенсионер ННТда ишласа…

Келгусида соҳада қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Ушбу саволга жавобан Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов шундай деди: “Айни соҳада эътиборга молик ўзгаришлар назарда тутилганлиги боис, ННТлар томонидан бу фармон илиқ кутиб олинди. Амалдаги тартибга кўра, ННТлар ўзлари томонидан амалга ошириладиган тадбирларни уларни рўйхатга олувчи орган билан келишишлари лозим. 2018 йил 1 июндан бошлаб эса ННТлар ўтказиладиган тадбирлар ҳақида уларни рўйхатга олувчи органни бохабар қилади, холос. ННТга келиб тушадиган маблағлар ва мол-мулклар рўйхатини ҳам бемалол келишган ҳолда белгилаши мумкин. Шунинг билан биргаликда агар ННТлар иш ҳақи тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган фаолият билан шаклланадиган бўлса, ижтимоий тўлов 15 фоиздан ортиқ бўлмаслиги белгигиланган. Агар пенсионер ННТда ишлаётган бўлса, у нафақа пулини ҳам, иш ҳақини ҳам тўлиқ олиши назарда тутилмоқда.

Ушбу фармон билан фуқаролик жамияти соҳасида ишлаётган ходимларни тақдирлаш учун алоҳида кўкрак нишонини таъсис этиш ҳам назарда тутилган”.

Маслаҳат кенгашининг вазифаси қандай?

“Конституциямизнинг 2-бобида давлат органлари жамият ва фуқаролар олдида масъул, деб ёзиб қўйилган, — дейди Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева. — 2004 йилда ижтимоий шериклик тўғрисида фармон ҳам қабул қилинди. Бироқ давлат органлари нодавлат ташкилотларга биз истаганчалик яхши эътибор қаратишмади. Ахир ННТларни ривожлантириш борасида шу кунгача 200та қонун ҳам яратилди. 2008 йилда Олий Мажлис қошида фонд ҳам тузилди. Аммо вазият кутилганидек ўзгармади. Шуни айтиб ўтишим лозимки, мамлакатнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши барчамизни хурсанд қилди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ишлайдиган ушбу масалаҳат кенгашининг лойиҳаси устида бизнинг институтимиз ходимлари ҳам иш олиб борди. Ва мазкур кенгаш келгусида фуқаролар ва жамоат ташкилотлари билан жиддий иш олиб боришига ишонамиз. Ана шу жараёнда юртдошларимизни  қийнаётган аксарият муаммоларга ечим топилса, ажаб эмас. Президентимизга бизни ташвишга солаётган жараёнга эътибор қаратганликлари учун ўз миннатдорчилигимни билдираман”.

Ҳужжатлар электрон тарзда тақдим этилади

Сессия иштирокчилари таъкидлаганидек, ушбу Фармоннинг қабул қилиниши бир неча йиллар давомида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида вужудга келган муаммолар, турли бюрократик тўсиқ ва ғовларнинг олиб ташланишида ҳамда мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти қуришда муҳим қадам бўлди. Ҳозирги вақтда ННТларни рўйхатдан ўтказиш ва ўз фаолиятларини амалга оширишлари учун ҳужжатларни электрон тарзда тақдим этиш тартибини жорий қилиш, шунингдек, рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига тақдим этилаётган ҳисобот шаклларини қисқартириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу мислсиз чора-тадбирлар ННТларнинг мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётидаги роли ҳамда иштирокини кучайтириши шубҳасиз.

Инновацион лойиҳаларга асос яратилди

Бугунги кунда ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар давлат ташкилотлари қатори нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ҳам ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. “Шарқ аёли” халқаро аёллар жамоат фонди бошқаруви раиси Саодат Турсунбоеванинг таъкидлашича, нодавлат нотижорат ташкилотларида фаолият юритувчиларнинг 70 фоизини аёллар ташкил этади. “Мазкур фармон янги усулда ишлашга имконият бериши билан юртимиз аёлларига ўзгача куч-қувват бағишламоқда. Чунки айни пайтда  инновацион лойиҳалар асосида иш олиб боришни истайдиган аёлларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Ва бу лойиҳаларимиз амалга ошиши учун мазкур фармон мустаҳкам пойдевор яратиб берди, десам адашмаган бўламан”, — дейди Саодат Турсунбоева.

Муаммолар етарли, шижоат эса…

Сессия иштирокчиларининг айтишича, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга давлат томонидан ажратилаётган маблағлар ўрта муддатли ва узоқ муддатли, кенг кўламли ҳамда умумреспублика миқёсидаги лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишга имкон бермаяпти. Хуллас, ҳар бир соҳада бўлгани каби ушбу соҳада ҳам муаммолар етарлича. Эндиликда яратиб берилаётган имкониятлар эса жуда катта меҳнат ва ҳуқуқий саводхонликни талаб қилади. Агар ҳар бир инсон  Она юрт меҳрини юракдан ҳис қилмас экан, у ўз олдида турган имкониятлар бешигини кўра олмайди. Шундай экан, эртанги кунимизга ишонган ҳолда бугунги кун учун арзирли қадам ташлашимизда ҳамиша эл-юрт мафаатини ўз манфаатимиздан устун қўйишимиз муҳимдир.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА.