Жума, 18 Oktabr 2019

Энг катта дўконлар

Баъзи бизнесменлар улкан савдо марказлари формати ўтмишда қолаётгани ҳақида фикр юритаётган бир пайтда бошқалар шундай савдо марказларини қуришда давом этмоқда. Қуйида ана шундай катта дўконлар, тўғрироғи, савдо марказлари билан танишишингиз мумкин.

Dubai Mall, БАА (1124 минг квадрат метр)

Дунёнинг энг йирик дўкони 1 миллиондан кўпроқ квадрат метрни эгаллаган, аммо шундан фақат учдан бир қисми савдога мўлжалланган. Бу ерда кўнгилочар майдон каттароқ жойни эгаллайди: яхмалак, ҳайвонот боғи, океанариум ва 22та залли кинотеатр… Балки шунинг учун Dubai Mall дунёдаги энг кўп ташриф буюриладиган савдо марказидир.

New South China Mall, Хитой (660 минг квадрат метр)

Бу ерда 2350та дўконга жой топилган. Катта майдон етти секторга ажратилган бўлиб, уларнинг ҳар бири ер юзидаги маълум бир жойга бағишланган. Бу жойларда маҳаллий диққатга сазовор жойлар ва ўзига хос услубнинг нусхасини кўриш мумкин. Афсуски, савдо марказига энг муҳими — харидорлар анча вақтгача етишмаганди. Аслида харидорлар ҳам ҳозир у қадар кўп бўлмагани боис, майдоннинг фақат 70 фоизигина банд.

Golden Resources Mall, Хитой (557 минг квадрат метр)

Дунёда йириклик жиҳатидан учинчи ўринда турадиган дўкон Пекинда бўлса-да, одатдаги сайёҳлик йўналишларидан узоқда жойлашган. Бу ерга етиб келганлар эса бошқа муаммога дуч келади — дўконларнинг аксарияти хорижий тўлов карталарини қабул қилмайди.

Siam Paragon, Тайланд (500 минг квадрат метр)

Тайландда жойлашган жаҳон миқёсидаги ягона савдо маркази ҳам энг йирик дўконлар бешлигига киради. У Бангкокдаги кўнгил очиш учун энг оммабоп жой саналади. Савдо марказида 1000та бутик, океанариум, спа-салонлар, фитнес-марказ ва ҳатто маърифий заллар, концерт зали, боулинг, кинотеатрлар мавжуд.

West Edmonton Mall, Канада (500 минг квадрат метр)

Бу савдо маркази қурилгандан, яъни 1981 йилдан бери 23 йил давомида савдо марказлари рейтингида биринчи ўринни эгаллаб келди. У шу кунгача Шимолий Америкадаги энг йирик савдо маркази саналади. Бу ерда харид қилишдан ташқари, казино, ҳайвонот боғи ва аквабоғга кириш мумкин.

SM City North EDSA, Филиппин (483 минг квадрат метр)

Осиё ўз ҳашамати билан мафтун этишни билади. Яна бир йирик савдо маркази дунёнинг шу қисмида жойлашганини бошқача изоҳлаш мумкинми ахир? SM City North EDSA савдо марказида 1100дан ортиқ дўкон ва 400та қаҳвахона мавжуд. Агар бу ер сизга жуда ёқиб қолса, яшаш ҳудудидан квартира сотиб олишингиз ҳам мумкин.

Isfahan City Center, Эрон (470 минг квадрат метр)

Шарқнинг энг йирик савдо маркази, агар савдо ҳудудига қараб ҳисобланса, Амирликларда эмас, балки Эронда жойлашган. Бу ерда 750та дўкондан ташқари, бизнес-марказ, меҳмонхона, кўплаб ресторанчалар, кўнгилочар марказ ва бошқа турли сервислар мавжуд.

1 Utama, Selangor, Малайзия (465 минг квадрат метр)

1 Utama харидорларни қандай жалб қилишни билади. Бу ерда 700та дўкондан ташқари, томдаги энг катта боғ, боулинг-марказ, қояга чиқиш маркази, бейсбол билан шуғулланадиган майдон ва ҳатто дайвинг маркази мавжуд. Марказ эгалари қаҳвахона, ресторан ва кўнгилочар жойларни ҳам эсдан чиқаришмаган, албатта.

The Mall of America, АҚШ (452 минг квадрат метр)

АҚШдаги энг катта дўкон яқин келажакда янада катталашиши мумкин, чунки марказ эгалари яна 480 минг квадрат метр майдонга уни кенгайтиришни режалаштиришган. Мавжуд 520та дўкон ёнига камида яна шунча қўшилади. Ваҳоланки, унда ҳозир мавжуд харидорлар сони марказ жойлашган штат аҳолисидан саккиз баробар кўп.

Persian Gulf Complex, Эрон (450 минг квадрат метр)

Шероздаги савдо мажмуаси 2011 йилда очилган бўлиб, дўконлар сони (2500) бўйича етакчи саналади. Марказнинг яна бир машҳур жиҳати шундаки, у ерга харид қилиш учун фақат автомобилда эмас, балки хусусий вертолётда ҳам бориш мумкин — вертолёт майдончаси мажмуанинг томида жойлашган.

СЕВИНЧ тайёрлади.