Жума, 20 Aprel 2018

Нега одамлар дудуқланишади?

Эркин ва равон сўзлаб кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратиш ҳам ўзига хос санъат ҳисобланади. Халқимиз бундай одамларни “сўзамол”, “тилида шакари бор” деб атайди.  Аммо айрим кишилар мулоқот пайтида суҳбатдошига фикрини етказа олмай дудуқланиб қоладилар. Бу ҳолатнинг асосий сабаблари нимада? Келинг,  бу ҳақда батафсилроқ билиб олайлик.

Равон сўзлай олмаслик сабаби
Дудуқланиш бу нутқнинг темпи, равонлиги, сўзни етказувчи органлар фаолиятининг маромида ишламаслиги натижасида, яьни нутқ аппаратининг турли хил қисмларидаги тутқаноқ туфайли келиб чиқадиган бузилишдир. Айниқса, марказий асаб тизими кучсизланиб кетса, дафъатан дудуқланиш пайдо бўлади. Бу қусурнинг пайдо бўлишига турли сабабларни келтиришимиз мумкин. Кучли инфекцион касалликлар, бирданига қаттиқ чўчиб кетиш ҳолатлари, қолаверса кўпинча қўпол  муомаладан сўнг келиб чиқади.
Бу касаллик асосан  2-5 ёшдан кейин  болаларда пайдо бўлади.  Туғма ирсий омиллар (ота-оналарининг алкоголь ичимликлари ва гиёҳвандликка ружу қўйишлари оқибатида) тасодифан қўрқиш ва ҳаяжонланишдан келиб чиқади. Ўсмирларда эса  организмнинг  балоғатга етиш босқичи ўзига хос мураккаблик, қийинчиликлар ва муаммолар мавжудлиги билан характерланади. Бу ёшда ўсмирлар аъзои баданида гормонал ўзгаришлар рўй бераётганлиги туфайли улар тажанг, тез аччиқланувчан, серзарда ва ҳиссиётларга берилувчан бўлиб қоладилар. Дудуқланишни ёши катта кишиларда ҳам учратиш мумкин. Унинг асосий сабаблари муассаса раҳбарларининг қўпол муомаласи ёки қаттиқ қўрқув натижасида ёши улуғ одамларда бирданига ўта ҳаяжонланишдан нутқда тутилиб қолиш ҳолатлари бўлиши мумкин.
Айрим болаларда дудуқланиш ота-она томонидан доимий равишда болага қўйилган ҳаддан ортиқ кўп ўқиш, ёдлаш, такрорлаш ва шу каби қатъий талабларнинг кўплигидан ҳам келиб чиқади.
Ёшига нисбатан кеч гапирган болаларда уч ёшида бирдан кўп гапириб юборганда ҳам дудуқланиш ҳолати содир бўлиши мумкин.

 Бартараф этиш йўллари

  1. Дудуқланаётган болага унинг бу қусурдан қутилиши учун алоҳида эътибор бериб, оилавий тинч шароитда тўғри қўйилган ташхисга амал қилиб, нутқни такомилига етказишни таъминлаш лозим.
  2. Болаларда китоб ўқишга муккасидан кетиш ҳам дуруст  эмас. Айниқса, ўз ёшига мос келмайдиган китобларни ўқиш мутлақо мумкин эмас.
  3. Кўп вақтини телевизор қаришисида ўтказишга рухсат берманг, айниқса, ёшига мос бўлмаган теледастурларни бутунлай кўрсатмасликка ҳаракат қилинг.
  4. Болани ҳаддан ташқари эркалаб, талтайтириб юбориш керак эмас, акс ҳолда болага арзимаган “йўқ” деган сўзингиз ҳам унга қаттиқ ботиб, асаб тизимига қаттиқ зарар етказиши мумкин.
  5. Қўйилаётган талаблар ҳар томонлама унинг ёшига мос бўлиши лозим.
  6. Болани қўрқитиш мумкин эмас, айниқса, унинг бир ўзини қоронғи хонага қамаб қўйиб жазолаш бола асаб тизимига ниҳоятда ёмон таъсир қилади.
  7. Дудуқланаётган болаларни яхши ва равон гапирадиган болалар билан кўпроқ мулоқотга киритиш лозим.
  8. Ашула ижро этиш ўйинларини кўпроқ ўйнашга жалб қилиш керак.
  9. Ҳамманинг олдида дакки бериш нотўғри. Бундай ҳолларда болаларда ўзига бўлган ишонч ҳиссини туғдиришга рағбатлантириш зарур.
  10. Мусиқа, қўшиқ куйлаш ва рақсга тушиш тўгаракларига олиб
  11. бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
  12. Дудуқланадиган бола доим сизнинг, яъни ота-онанинг меҳри, эътиборини ҳис этиб юрса, унинг бу қусурдан қутилиши осон кечади.

Шуни унутмаслик керакки, болада дудуқланишнинг қайси тури намоён бўлмасин, бу билан у тенгқурларига нисбатан  ақл жиҳатдан нуқсонли эканлигини билдирмайди. Дудуқланиш интеллектуал фаолиятга таъсир қилмайди, чунки бу нутқ аппаратининг мушак фаолиятидаги маълум бир нуқсондир. Шунингдек, ота-оналар шуни билишлари фойдалики, бу қусурни бошқа дудуқланиш билан азият чекадиган одамга тақлид қилиб орттириб ҳам бўлмайди.
Дудуқланишни даволаш шифокор-невропатолог ва логопед иштирокида амалга оширилади (баъзида болалар психологи ҳам зарур бўлиб қолади).

Туронбека ШАРОФУТДИНОВА тайёрлади.