Душанба, 16 Июль 2018

Назира:ҳақиқат ғалаба қозонадими?

Назира қамоқда. Пўлат Эргашев бундан фойдаланиш мақсадида ажойиб режа тузган. Опа ўзининг “садоқатли” ёрдамчисидан шубҳалана бошлайди. Лекин бундай вазиятдан ҳам муғамбир “ўнг қўли” усталик билан чиқиб кетади. Бор айбни Назиранинг эрига тўнкайди.

 Тилхат

Опани қамоқдалигидан фойдаланганлар унинг қўшма корхонасини, бешта дўконини, цехини мусодара қилиб, керакли одамларга арзон гаровга сотиб юборадилар.  Эргашев Назиранинг мулкини ўзлаштириш мақсадида, ундан Шокирнинг уйини ва цехни қари онасининг номига, тракторларни ўзининг номига хатлашни сўрайди. Ишлар тинчигач, мол-мулкни қайтаришга ваъда беради. Опанинг ақли унга “ишонма” дегани билан юраги “бир ишониб кўр”, деб садо чиқарди.

 Адвокатга таҳдид қилишади

Адвокат Равшан Аҳмедовичга тазйиқ ўтказиш мақсадида “Жигули” автомашинаси уни туртиб юборади. Натижада Равшан Аҳмедович енгил жароҳатланади. Меҳмонхонага келганида Тошкентга қайтиш учун номаълум кимсалар чипта ташлаб кетишади. Адвокат ҳеч қандай пўписалардан чўчимай, Назирани ҳимоя қилишда давом этади.

 Даъво аризаси

Она ва бола амнистия эвазига озодликка чиқадилар. Уйга қайтганда эса вазият қувонарли эмас. У қамоқда бўлган вақтида мол-мулкини гаров сифатида олиб чиқиб кетилган. Бу ҳам етмагандек Эргашев мулкни ўз номига ўтказиб олиб, думини тутқизишни истамайди. Шокир адолатсизликка жим қараб турмасдан Пўлат Эргашев устидан даъво аризасини ёзади.

 Юзсизлик

Шодмоновлар уйида уйга қайтиш муносабти билан зиёфат. Эргашев уялмай-нетмай чақирилмаган жойга келади. Томошабин “Хайрият-э, инсоф кирибди” дейиши мумкин. Аммо унинг мақсади бошқа. Эргашев Назирадан Шокир аризасини қайтариб олишини сўрайди. Ўзининг номига ўтказган барча мулкни қайтариб беришини айтади.

Назира яна қамалади

Шокир Эргашевнинг лафзида турмаганини кечира олмай, у билан муштлашади. Ўгай отаси ҳам тракторини ўзлаштириб олганларига чидай олмай, жанжалга қўшилиб, Пўлатни роса калтаклайдилар. Бундай фурсатдан фойдаланган Эргашев Шокирга қарши безорилик, қасддан тан жароҳати етказиш айби билан прократурага унинг устидан даъво аризаси ёзади. Шокирга қарши жиноят иши очилади. Назира бу ҳолатга кўз юмиб тура олмасди. У фарзандини яна қамаб қўйишларини истамай, Эргашевни ўғли эмас, балки ўзи дўппослагани ҳақида хабар беради. Ҳатто гувоҳларга ҳам нима дейиш кераклигини уқтиради. Назиранинг яна қамалиши душманларига қўл келади.

 

Яхшиликка…

Назирани қамалиши оила аъзоларини тушкун ҳолатга тушириб қўяди. Лекин адвокат чайқовчиликда айбланган она ва болани бу туҳматдан халос этиш мақсадида даъво аризасини ёзади. Мазкур мурожаат беэътибор қолмайди. Эргашев эса, қандай қилиб бўлмасин, Шокирни ҳам қамаш пайида…

Суд

Пўлат Эргашевга нисбатан қасддан тан жароҳати еткаказилгани бўйича суд бўлиб ўтади. Назира оқланадими ё қамоқ жазосини ўтайдими? Ҳали ҳеч нарса маълум эмас. Адвокат ҳамон бўш келмай, ҳақиқатни юзага чиқариш учун тиш-тирноғи билан курашмоқда. Хўш, ҳақиқат ғалаба қозонадими ёки бунинг акси?   Бир гала эркакларнинг аёл кишига тазйиқлари оқибати қандай якунланади?

ТУРОНБЕКА тайёрлади.