Чоршанба, 21 Август 2019

Музаффарбек Мирзабеков: “Беш ёшимдаёқ улғайиб қолганман”

— Телевидениедаги фаолиятингиз ижодингизда янги саҳифа очилишига сабаб бўлди. Айниқса, “Борига барака” шоусига нафақат қимматбаҳо ютуқ учун, балки айнан севимли радиобошловчисини бир кўриш, суҳбатини олиш учун иштирок этиш истагини билдираётганлар бор. Шунақа инсонларни ўзингиз ҳам кўриб, суҳбатлашдингизми?

— Албатта, шоуга келган иштирокчилар, улар билан бирга келганлар ёки томошабинлар орасида “Келинг, бир кўришиб қўяйлик, бирга эсдаликка расмга тушайлик”, деганлар кўп бўлди. Яқинда машина ютган иштирокчимизнинг акалари “Биз ютуқ учун эмас, ўзи сиз билан бир кўришиб, гаплашгани келдик”, дейишди. Бундан албатта хурсанд бўладим. Бунақа муносабат, гапларни эшитиш одамга жуда ёқимли, албатта.

— Аслида жуда кичкиналигингиздан бошловчилик қилган экансиз. Радиодаги фаолиятингиз расман қачондан бошланган?

— Дарҳақиқат, 5-синфда ўқиётганимда “гапга устасан” деб, ўша пайтдаги болалар учун бериладиган “Пионер эрталиги” номли эшиттиришга чақиришган. Микрофонга бўйим етмагани учун оёғимнинг тагига яшик қўйиб беришарди, унинг устига чиқиб олиб гапирардим. Кейинроқ, 9-синфга ўтганимда ҳам, “Аланга” эшиттиришида бошловчилик қилганман.

Расман эса 1997 йилда Ўзбекистонда биринчи очилган хусусий  радио — “Гранд”да фаолият юритганман. Унинг ўзбек тилидаги эфирида илк бошловчилар мен ва Назира Иноятова бўлганмиз. Ўшанда бош муҳаррир Фурқат ака Зокиров чақириб, бошловчи бўлишимни, тўғридан-тўғри эфир олиб боришимни айтганларида, “Қанақа қилиб уддаларкинман?” деб роса ўйлаганман.

Эфир бошланадиган пайтда Фурқат ака: “Тингловчилар билан чиройли саломлашиб, чиройли хайрлашишинг керак. Эфир ўртасида оламшумул гап гапирсанг ҳам, одамлар аҳамият бермайди, лекин саломинг ва хайрлашишингни ҳар доим эшитишади”, деганлар. Шу тарзда бир муддат радиода ишлаб юрдим. Лекин кейин ўқишим, ишларим кўпайиб улгурмай қолганим учун ишдан бўшаганман.

Орадан озгина вақт ўтгач, “Сезам” радиоси очилди ва у ерга ҳам “Тажрибанг бор, эфирни сен бошлаб бер” деб, таклиф қилишди. Мухлисларнинг ёдида бўлса, соат қўнғироғидан кейин “Ассалому алайкум, Ўзбекистонда соат тўққиз!” деб бошлардим эфирни. Кейинроқ “Водий садоси”, “Наврўз” радиоларида ишладим. Тингловчилар орасида тилга тушган кўп лойиҳаларим шу даврда тақдим қилинди. Ҳозирги пайтда телевидение билан бирга “Наврўз” радиосида ҳам фаолият олиб боряпман.

Сўз устаси бўлишингизда кимнинг таъсири кўпроқ деб ўйлайсиз?

— Тошкентнинг Эски шаҳарида, оддий оилада туғилганман. Ҳамма болаларга ўхшаган бола бўлганман, лекин бало бўлмаганман (кулиб). Ҳамма нарсага қизиқувчан бўлганман.

“Келинлар қўзғолони” фильмини кўрсам, болалигим эсимга тушади, чунки биз ҳам катта оилада катта бўлганмиз. Бувимнинг ўн битта фарзандлари бўлган. Бувим раҳматли бизга “Кўп китоб ўқи!” дердилар. Ўзлари ҳам биз — 20-15та набирани йиғиб, кенг айвонда патнисга ёнғоқ, майиз ташлаб қўйиб, эртак айтиб берардилар, ўйинлар, топишмоқлар ўйнатардилар. Топишмоқнинг жавобини топганга, ўйинда ғолиб бўлганга майиз-ёнғоқ мукофот тарзида бериларди. Шунақа кўп эртак билардиларки, ҳеч бир эртакни такрор айтмаганлар. Радиодаги фаолиятим давомида машҳур бўлиб кетган, мени танитган “Ҳа-йўқ” ўйини ҳам аслида бувим билан ўйнаган ўйинларимиздан бири бўлади. Сўзга уста бўлишимга бувимнинг мана шу маънавий мероси сабаб бўлган, деб айта оламан. Улардан жуда миннатдорман!

“Пойтахтдаги 134-мактабда ўқиганман. Мактабдан кейин маданият институтининг оммавий байрамлар режиссёрлиги бўлимига ҳужжат топширдим, аммо ўқишга кира олмадим. Шундан кейин тоғам “мен билан ишлайсан” деб, “Миконд” заводига ишга олиб кирганлар. Кейинги йили яна имтиҳонларга тайёрлана бошладим. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ҳовлимизда катта ўрик дарахти, унинг тагида ёғоч каравот (сўри) бўларди. Тарихдан имтиҳон топширишим керак, аммо ўйинқароқлик қилиб, китоб ўқигим келмаса, бувим қўлларига узун калтакни олиб, дарахтга ҳайдардилар. Фақат овқатлангани пастга тушардим. Ўша ўрик дарахти устида ўтириб, икки кунда учта китоб ўқиганман ва институтга ўқишга кирганман.

У пайтда имтиҳонлар тест эмас, савол-жавоб тарзида бўларди. Имтиҳонда барча саволларга жавоб бердим, лекин домла фамилиямни сўрадилар-да, стол тортмасини очиб қараб туриб, “Йўқ, сенга “тўрт” қўяман”, дедилар. “Нега энди, ҳамма саволларингизга жавоб бердим-ку?” десам, яна тортмасини очиб қарадилар-да, бош чайқадилар. Кейин “Кел, энди хўп дегин”, деб туриб олдилар. Ўшанда “беш” учун роса тортишсам ҳам, барибир “тўрт” қўйганлар. Учта имтиҳонда ҳам “тўрт” баҳо олсам-да, энг юқори балл билан ўқишга кирганман”. 

— ТВдаги фаолиятингиз қандай бошланган?

— Институтда ўқиб юрган пайтимда телевидениеда, ахборот бўлимида режиссёр ассистенти бўлиб ишладим. Ўша пайтда “ТВ2” канали бўларди. Институтни битираётганда шу каналда диплом ишим учун “Пойинтар-сойинтар” кўрсатувини қилиш истагимни билдирганман. Якшанба дастури бош муҳаррири Фурқат ака Зокировга учраб, ғоям борлигини, кўрсатув қилмоқчилигимни айтсам, рухсат бердилар. Лекин камера сўрасам, “Камерани ўзинг топ”, деганлар. Шунда “Ахборот”дан съёмкага чиқишса, қолган ўн-ўн беш дақиқасида камерани илтимос қилиб сўраб олиб, ўйлаган кўрсатувимни суратга олганман.

Кўрсатув тасдиқдан ўтиб, диплом ишим сифатида эфирга берилгач, Фурқат аканинг олдиларига кириб, миннатдорчилик билдирдим. Диплом ишимни яхши топширганимни айтиб, кетмоқчи бўлдим. Шунда у киши “Қаёққа кетасан? Мана энди ишлайсан!” дедилар. Кейин “Агар камерани берсам, шунга ўрганиб қолардинг. Мен ҳаракатинг борми-йўқми, шуни билгим келганди. Мана, билдим, ҳаракатинг бор экан, энди шу ерда ишлайсан”, деб тушунтирдилар. Шундан кейин мана шу каналга ўтдим ва “Лабиринт”, “Зинама-зина”, “Бари ҳазил” каби шахсий кўрсатувларимни тайёрлай бошлаганман.

“ZO‘R” ТВ канали очилгач, қўнғироқ қилиб чақиришди. Телеканал бош муҳаррири Азиз Умрзоқов янги режалаштирилаётган “Борига барака” шоусига бошловчи ролида мени кўрганини айтди. Бу таклифга бажону дил рози бўлдим. Бирга ўтириб, кўрсатув яхши чиқиши учун маслаҳатлашдик. Кўрсатув эфирга чиққач, одамларга ёқди, бундан хурсандман. Бу орада “Зинама-зина” кўрсатувини тайёрладим, кейин вилоятда туғилиб, пойтахтда обрў топган инсонлар ҳақидаги “Портрет” кўрсатуви дунёга келди…

Болалигингизда ким бўлишни орзу қилгансиз?

— Учинчи синфда устозимиз “Ким бўлсам экан?” деган мавзуда иншо ёздирганлар. Кейин ота-оналарни чақириб, баҳоларимизни эълон қилганлар. Менга иншонинг маъноси учун “беш”, имло хатоларим учун “икки” баҳо қўйганини айтганлар. Иншода мен “Шоир, ёзувчи бўламан, болаларга кўп китоблар, шеърлар ёзаман”, деб ёзгандим. Ўша пайтлари ҳали шеър ёзмасдим-у, лекин синф раҳбаримиз Шоҳиста опам мажлисгами, бирон жойга чиқсалар, болаларга эртак айтиб, жим олиб ўтирардим. Ўқитувчимиз “Мен эшик ортида эшитиб турибман” десалар, ишонардик ва шовқин-тўполон қилмасдик. Бунинг устига, синфдошларим эртакларимни яхши кўриб, қизиқиб эшитишарди.

Бешинчи синфда ўқиб юрган пайтимдан сомсахонада ҳам ишлаганман. Ҳар куни дарсдан кейин, якшанбада эрталабдан ишлардим. Менга сомса соттиришарди. Ҳазил-ҳузуллар билан қўшиқ хиргойи қилганча сомса сотаётган кичкина болага ҳамма қизиқарди, албатта.

— Шоир-ёзувчи бўлиш ҳақидаги орзуингиз орзулигича қолиб кетмадими?

— Йўқ, шеърлар ёзиб тураман. Илк бор “Миконд” заводида ишлаган пайтимда завод газетасида мен ҳақимда мақола ва ёзган шеърларимдан бир саҳифа қилиб беришган. Унгача шеър ёзишимни ҳеч ким билмаган.

Бир куни уйга келсам, онам йиғлаб ўтирибдилар. Кейин билсам, уларга атаб ёзган шеъримни ёстиғимнинг остига қўйиб қўйгандим. Онам ўшани топиб олиб, ўқиб йиғлаган эканлар.

Радиобошловчилик фаолиятингизда тингловчи билан муомала маданиятингиз туфайли кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлгансиз. Шу маданиятни эфирдан ташқарида ҳам сақлаб қолишга ўзингизда куч топа оласизми?

— Одамлар билан мулоқотда доим уларга чиройли муомала қилишни, ҳатто хафа қилиб қўйишса ҳам, “хўп” дейишни маъқул кўраман. Кўз тегмасин, кўпчилик “Шу пайтгача радиода ҳеч сенга қўпол гапиришмаган-а?” дейди. Тингловчига бўлган ҳурматингиз биргина “Ассалому алайкум!” деган иборада акс этади. Телефонларга жавоб беришда ҳам “Лаббай, ассалому алайкум!” деб муомала қиламан, фарзандларимга ҳам шуни ўргатганман. Чунки “Алло?” дейиш қаерда-ю, “Лаббай, ассалому алайкум!” дейиш қаёқда! Шу ҳам маданиятнинг энг кичик, лекин муҳим кўриниши деб ўйлайман. Бу муомалани эшитиб, важоҳат билан телефон қилган одамнинг ҳам кайфияти дарҳол ижобий томонга ўзгаради.

— “Кўнгилсизликлар одамга ўз-ўзи билан танишиш имконини беради” деган экан Эпиктет. Сиз ҳам шу кунгача кечирган ҳаётингиз давомида ўзингизни танишга улгурдингизми?

— Албатта… Битта хулосам бор, ҳар қандай вазиятда инсон инсонлигича қолиши керак! Бировга бўлган нафратингизни оламга ёйишнинг ҳожати йўқ. Кимдир ранжитса, аламларингизни ичингизга ютиб кетган маъқул, деб ўйлайман.

Онам Мавлуда опа укам иккимизни ёлғиз катта қилганлар. Отам икки ёшимда онам билан ажрашиб кетишган. Беш ёшларда эдим. Отам мени айлантиришга олиб боришга ваъда берганлар. Мен нонушта ҳам қилмай, қўлимга бир сиқим майизни олганча кўча эшик олдига чиқиб, эрталабдан уларни кутганман. Бувим “Чой ичиб ол” десалар, “Йўқ, мени отам зоопаркка олиб борадилар” деб, хурсандчиликдан қорним очганини ҳам билмаганман. Аммо тушликка чақирганида, “Кирмайман!” деганман. Чунки митти юрагимдаги тонгги хурсандчилик ғазабга айланиб бўлганди. Ўша куни кечгача уларнинг келишини кутганман. Қўлимдаги майиз худди юрагимдек эзилиб кетган…

Кеч соат олтида ишдан келаётган онамни кўриб, ёнларига югуриб борганман ва уларни қучоқлаб, “Ойи, дунёда сиздан яхши инсон йўқ экан!” деганман. Шу куни улғайиб, катта бўлиб бўлганман аслида. Ва бу нарсани ҳалигача ҳазм қила олмайман…

Болалигимдаёқ мана шу каби воқеалардан кейин “Ёлғиз аёлнинг боласи ҳеч қачон ўғри-каззоб бўлмаслигини, бу ҳар кимнинг ўзига боғлиқ эканлигини исботлайман ва бир куни ўзимни яхши томонлама кўрсатадиган инсон, одам бўламан!” деб ният қилганман.

Бошловчи Музаффарбек яна қайси касбларни уддалай олади?

— Мақтанишга кирмасин-у, қўлимдан келадиган ҳунарларни қунт билан ўргана оламан ва бажара оламан. Ҳамма таомларни, ҳатто хамирли таомларни ҳам пиширишни биламан. Бундан уялмайман, дам олиш кунларида фарзандларимга улар яхши кўрадиган таомларни ўзим пишириб бераман. Ошна-оғайниларим ҳам буни билишади. Тоғамлар билан бирга ишлаган пайтларимизда уйларнинг томини ўзимиз ёпардик, буни ҳозир ҳам уддалай оламан. Хуллас, кирчимол одамман. Ҳамма билан гаплашишни яхши кўраман. Ҳамма соҳа вакиллари билан тиллашиб кета олганимни кўрганлар баъзан улар биладиган атамаларни билганимга ҳайрон қолишади. Бунинг сабаби — кўп китоб ўқийман. Ёзувчи битта асарида еттита қаҳрамон ҳаётини ёритса, унда ўша касблар ҳақида тушунча бор. Бу китобни ўқиган одамда ҳам шу касблар ҳақида маълумот ҳосил бўлади. Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов, Ўлмас Умарбеков, Чингиз Айтматовнинг асарларини кўпроқ ўқийман. Фарзандларимга ҳам туғилган кунларида китоб совға қиламан.

“Тўртта фарзандим бор — уч қиз бир ўғил. Катта қизим айни пайтда институтга ўқишга кириш мақсадида ўқув марказларидан бирида ўқияпти. Иккинчи қизим — юридик коллеж талабаси, ўғлим — мактабда учинчи синф ўқувчиси. Кичкина қуёшим — қизим олти ёшга киради. Аёлим — уй бекаси. “Ишлайман” деса, сенинг энг катта ишинг — шу фарзандларимиз. Улар тоза кийиниб юрсин, вақтида овқатини есин, вақтида дарсини қилсин, шу — сенга энг катта иш, дейман”.

 — Ҳаёт — ўйин эмас. Унда бир тугмачани босиб муваффақиятга эришиб бўлмайди. Сизни ҳурмат қилган барча мухлисларга мана шу муваффақият сирлари ҳақида нималарни айта олган бўлардингиз?

— Ҳаётда муваффақиятга эришиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида. Чунки инсон тақдир йўлини ўзи яратади. Мендан “Бошловчи бўлмоқчиман, нима қилишим керак?” деб кўпчилик сўрайди. “Китоб ўқи!” дейман. Ёшлар орасида “микрофонни ёқиб, салом берса, табрик ўқиса, бўлди, бошловчилик шу” деб ўйлайдигани кўп. Аслида кўпроқ китоб ўқиса, одамлар билан яхши муомалада, тўғрисўз бўлса, одамгарчиликни унутмаса, шунда инсон ҳаётда ўз ўрнини топади.

Борига барака” шоусида кўзлаган ютуғи чиқмаса, хафа бўладиганлар ҳам бор. Аслида кўрсатувга бунақа жиддий қараш нотўғри, у инсонни дам олдирадиган, муаммолардан чалғитадиган бир ўйин. Бу ерда қандай ютуқ эгаси бўлишингиз, сиз айтгандек, битта тугмача ва омадга боғлиқ. Ҳаётимизда эса яна омад куладиган дамлар, муҳим ишлар олдиндалигини унутмаслик керак”.

“2001 йили радиога янгилик киритган, яъни кўнгилочар ўйин лойиҳасини олиб кирган бошловчи сифатида “Замин юлдузлари” мукофоти билан тақдирлашган. Бу йил ҳам оналаримиз байрамида “йигирма йиллик меҳнати учун” деб мени ҳам шу мукофот билан тақдирлашди. Уни “Бу мукофот ойимларники” деб тантанага ташриф буюрган волидамга бердим. Шу кунгача эришган барча ютуқларимга чиндан ҳам биринчи сабабчи онам бўладилар, чунки мени ўқишга доим улар ундаганлар. Шунингдек, ютуқларим учун ТВ соҳасидаги, санъатдаги барча устозларимдан миннатдорман!”

Муҳаббат ШАРИФОВА суҳбатлашди.