Чоршанба, 21 Август 2019

Муниса Игамназарова: “Қўғирчоқлар одамлардан меҳрибон…”

Республика қўғирчоқ театрига фарзандлари ва набираларининг қўлларидан тутиб келган бувижону бобожонлар, дадажону ойижонларнинг кўзларига қараганмисиз? Улар маълум бир муддатга болага айланиб қоладилар. Атрофидаги инсонларга   ҳар доимгидан-да кўпроқ меҳр ва эътибор билан назар соладилар. Энди тасаввур қилинг, бир умр ана шу даргоҳда фаолият олиб борадиган ижодкор қанчалар маҳоратли ва меҳр-оқибатли бўлиши лозим? Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Муниса Игамназарова билан бўлган суҳбатимиз  ана шу саволга жавоб топишимизда  ёрдам берса, ажаб эмас… 

 — Муниса опа, мана ҳозиргина саҳнадан чиқдингиз. Болалар дунёсида мўъжизалар яратиш, гулу чечаклар образида рақсга тушиш, шамол бўлиб куйлаш сизга қанчалар завқ бағишлайди?

— Ташқаридан кузатган одамга бир умр ёш бола бўлиб роль ўйнаш, болалик оламига ошно бўлиш бошқача туюлиши мумкин. Лекин мен мана шу оламнинг асл ишқибозиман. Мана шу саҳна мени ўз синовларидан ўтказди, машаққатларида тобландим. 1986 йили Тошкент давлат Санъат ва маданият институтининг қўғирчоқ  театри актёрлиги бўлимини битириб, Республика қўғирчоқ театрига келиб ишлашни бошладим.  Мен келгунимча 7-8 йил ичида театрга актёр олишмаган экан, мана шу даргоҳнинг энг ёш актёрига айландим. Катта устозлар даврасида ўз ўрнимни топиш жуда қийин бўлган, албатта. Устозларим шундай талабчан бўлишганки, ҳатто тушлик пайтида улар билан бирга овқатланишга ҳаддим сиғмас эди. Бир гал образ ижро этаётган актрисанинг қўғирчоғига кераклича ёрдам беришга бир оз кечикканим учун шунақа қаттиқ гап эшитганманки… Кўз ёшларимни тия олмасдан институтдаги устозим Надежда Никифоровнанинг уйига бориб арз-додимни айтганман: “Мени ҳатто тушликка ҳам чақиришмайди, эртаю кеч тинимсиз чой дамлайман, актёрларнинг оёқ кийимлари кир бўлиб қолса ҳам, мен айбдорман. Бекорга шу касбни эгаллаш учун ўқиган эканман”.

Надежда опа менинг гапларимни эшитиб, ҳечам ҳайратланмаганлар, аксинча оғир-босиқлик билан: “Мен сенга ҳеч нарса демайман. Сен бу аламларингнинг барчасини саҳнадан ол. Шундай ишлагинки,  сендан асло камчилик топа олишмасин. Ўзаро гапларига сира аралашма. Лекин кийимлари кийим илгичдан тушиб кетса, айтишмаса ҳам, ўзинг бориб жойига илиб қўй. Устозларнинг меҳнатини қилган одам кам бўлмайди”, — деганлар.

Вақтлар ўтиб буни қарангки, мени менсимай, кўп уришадиган устозларим шундай меҳрибон инсонларга айланишдики, қаерга боришса, менсиз бормайдиган, энг яхши танловларга мени тавсия қиладиган бўлишди. Шукрки, уларнинг синовидан ўтдим. Биласизми, агар улар мени вақтида қийнашмаганида, мен ўз устимда ишламасдан юраверардим. Талабчан устозларим туфайли иродамни чиниқтирдим, деб ўйлайман.

— Тўғрисини айтганда, ҳозирги кунда 4 ёшли бола компьютер олдида ўтириб бутун дунё томошаларини кўра олади. Бугунги кун болаларини ҳайратлантириш, қўғирчоқлар оламига ишонтириш осон эмас…  Нима учун улар интиладиган асосий қаҳрамонлар миллий қаҳрамонларимиз эмас?

— Бу савол мени ҳамиша қийнаб келади. Ҳатто кечалари ухламасдан ана шу саволга жавоб топиш учун тинимсиз изланаман. Қолаверса, бизнинг театримизда ҳам камчиликлар ва муаммолар бор.  Яхши сценарий ёзадиган ижодкорларни топа олмаганимиз учун ўтган йили режиссёримиз таклифи билан мен ўзим “Наврўзой ва Баҳорой” спектаклини ёздим.  Томошабинлар жуда яхши қабул қилишди. Ўн тўрт кун давомида ҳатто рус тилидаги саҳна кўринишларини ҳам қизиқиш билан қарши олишди. Режиссёр Ҳотамжон Охунов саҳналаштирган “Оҳ, бу Хўжа Насриддин!” спектаклини ҳам болажонлар яхши кўриб қолишди. Биласизми, қўғирчоқ спецификасини билмаган одам яхши сценарий ёза олмайди. Чунки бизда диалоглар камроқ, ҳаракатлар кўпроқ бўлиши керак. Йўқса, болажонлар зерикиб қолишади. Кўпинча сценарийнависларга буюртма қилганимизда, улар ёзган спектаклни бошқатдан ўзимиз ёзиб чиқишимизга тўғри келади. Балки бизнинг асосий муаммомиз шундадир: сценарийнавислар билан ҳамкорликда кўпроқ ишлашимиз керакдир…

— Ҳозирги кунда ҳар бир соҳада бўлгани каби қўғирчоқларни бошқариш борасида ҳам янгиликлар ва ўзгаришлар жуда кўп. Бу ўзгаришлар қай даражада болажонлар эътирофига сазовор бўлмоқда?

— Деярли ҳар куни  янги бошқарув  технологиялари кириб келмоқда, десам адашмаган бўламан. Авваллари қўғирчоқ театри деганда фақат тўсиқ ортида  қўл билан ҳаракатланадиган қўғирчоқларни тушунишарди. Айни пайтда эса саҳнага ярим қўғирчоқ-ярим одам қўғирчоқлар, калласи катта, оёқ-қўли кичкина қўғирчоқлар кириб келди. Шунинг билан бирга қўғирчоқларни бошқарадиган ижодкорлар очиқ-ойдин ўзларини кўрсатиб роль ижро этишяпти. Жамоамиз билан ушбу янгиликларни  саҳнага тадбиқ қилишга интиляпмиз. Мана, яқинда устоз режиссёримиз Шомурод Юсупов коллеж ва лицей ўқувчиларига бағишлаб “Тўмарис” деб номланган спектаклни қўймоқчилар. Йигирма иккитадан ошиқ актёрлардан  иборат ижодий жамоа одам бўйи қўғирчоқлар билан томоша кўрсатишади. Болаларни ватанпарварликка чорлайдиган бу асар 2 апрелдан бошлаб намойиш қилинади.

— Нима деб ўйлайсиз, қўғирчоқларни янгича бошқариш усуллари устоз ва шогирдлар орасига тўсиқ қўйиши мумкинми?

— Бошқа соҳада тўсиқ қўйиши мумкиндир, лекин бизнинг соҳада эмас. Ахир биз ижодкорлармиз. Бошқариш усули қандай бўлмасин, биз, аввало, юрак билан ишлашимиз лозим.

(Шу пайт қўғирчоқ либосини кийган ёш актрисалардан бири Муниса опани излаб биз суҳбат қураётган хонага кириб қолди. “Бу менинг тиниб-тинчимас шогирдим Шаҳзода, эртага қўйиладиган спектаклимизга яна бир янгилик киритиш истагида”, — дедилар фахр билан. Фурсатдан фойдаланиб шогирдни ҳам гапга солдик.) 

  Шаҳзода ИШМУҲАМЕДОВА, актриса:

— 2004 йилда қўғирчоқ театри режиссёрлиги бўлимини битираётган талаба, театрга ишга келиб, бу ердаги муҳит таъсирида  актёрга айланиб кетдим. Биринчи марта “Рикки тикки тави” спектаклида Нагайна ролини ўйнаганман. Ўшанда Муниса опам Рикки Тикки Тавини ўйнаганлар. Қўрқув ва ҳаяжонни енгишимда менга Фатҳулла Хўжаев, Алишер Мирзаев каби актёрлар катта ёрдам беришган. Муниса опамга эса бутунлай “ёпишиб олганман”. Муниса опамнинг бутун сир-асрорларини ўрганишга астойдил аҳд қилганман. “Мен танбеҳ берсам, хафа бўлмагин, аксинча хурсанд бўлгин. Ижодкор изланмаса, ўсмайди. Агар касбингни юрак-юракдан севмасанг, бошқа йўлдан кетганинг маъқул”, дея кўп таъкидлайдилар.  Устозимнинг талабчан ва фидойи эканликларини жуда қадрлайман.

— Муниса опа, Республика қўғирчоқ театри биносига келаётган болажонларимиз ўзгача ҳаяжон ва умидлар билан келишади. Театр биносининг анча эскириб қолганлиги мутасадди ходимлар эътиборидами?

— Албатта. Жорий йилда тўлиқ таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Демак, биз ижодкорлар янада янги имкониятларга эга бўламиз. Қолаверса, бизнинг самимий ва беғубор томошабинларимиз театримизнинг ташқи кўринишига унчалик эътибор беравермайдилар.  Уларнинг кўзларида порлаган юлдузни, тиниқликни кўрганимда, илҳомим жўшиб кетади. Улар мана шу жонсиз қўғирчоқларга шундай меҳр ва ишонч билан қарашадики… Ахир ҳаётда ана шу жонсиз жисмлардан-да совуқроқ инсонлар ҳам бор-да. Меҳрга ташна бу болакайларни бағримга маҳкам босиб, эркалагим келади.

— Жуда ёш кўринасиз. Бунинг сири нимада?

—     Менимча, бунинг сири — касбимга бўлган меҳру муҳаббатимда. Болажонлар учун елиб-югуриб хизмат қилишимда. Чарчаб қолмай, деб тинимсиз спорт билан шуғулланаман. Китоб ўқишни яхши кўраман. Илҳомим келса, ярим тунда ҳам ўрнимдан туриб, қўғирчоқ ясашга киришиб кетаман. Турмуш ўртоғим бунга кўникиб қолганлар. Санъатсиз, ижодсиз яшай олмаслигимни ҳис қиладилар.

Менинг барча ютуқларимга турмуш ўртоғим сабабчи. Фарзандларим ҳам ижодкор: ўғлим  Шерзод Игамназаров Ёшлар театрида актёр. Иккаламиз образлар яратиш борасида баҳслашишни яхши кўрамиз. Қизим Маржона Игамназарова эса Халқаро пресс-клубда фаолият юритади. У кўпроқ дадасига ўхшайди. Бундоқ ўйлаб қарасам, мен дунёдаги энг бахтли аёл эканман. Онажоним — Ҳидоятхон ая бу йил 94 ёшни қаршилайдилар. Ҳар сафар Қўқонга уларни кўргани  борганимда, она учун фарзанд ҳамиша бола бўлиб қолишини англайман. Ҳалигача мени  авайлайдилар, қайғурадилар, танбеҳ берадилар. Шукрки, улар берган насиҳатларга амал  қилиб, асло кам бўлмадим.

Ҳар йили баҳорда онам айнан Тошкентдаги набиралари учун сумалак пиширадилар. Болаларим билан бориб, баҳор нафасини ҳис қилиб, ўйнаб-кулиб келамиз. Қамчиқ довонидан ўтаётганимда, табиатнинг ажойиб манзараларидан тўлқинланиб кетаман. Беихтиёр умр йўлларига назар ташлайман: ҳаёт бу тинимсиз курашлардан, изланишлардан иборат бир довон экан. Салгина эътиборсиз бўлсанг, йўлдан оғиб кетишинг ҳеч гап эмас. Буюк шоир ва мутафаккир Умар Ҳайёмнинг мана бу мисраларини такрорлашни яхши кўраман:

Бизлар қўғирчоғу, фалак қўғирчоқбоз,

 Бу сўзим чин сўздир, эмасдир маъжоз,

 Йўқлик сандиғига бир-бир тушамиз,

 Вужуд палосида ўйнагач бир оз.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.