Душанба, 26 Август 2019

Меҳрибон опа бўлишга ҳаракат қиляпман

Оилада отамиздан эрта ажралиб қолганмиз, биз — уч қизни онам ёлғиз қўл билан катта қилган. Йиллар ўтиб, онам иккинчи бор турмуш қурди. Ўгай отамиз бизга жуда меҳрибон, кейинроқ укамиз туғилди.

Касб-ҳунар коллежини тамомлаганимдан кейин тасодифий жанжалда қизишиб кетганим оқибатида 3 йилга озодликдан маҳрум этилдим ва жазони ўташ муассасасига юборилдим. Такаббурлигим туфайли барча яқинларимнинг бошини эгиб қўйган бўлсам ҳам, отам айбимни юзимга солмади. Шу пайтда бу кишига ҳурматим янада ортди.

***

Бир куни онам мени кўргани келди. Бир ҳафта ичида озиб-тўзиб, елкалари кичрайиб, кўзлари нурсиз бўлиб қолганини ҳис этдим. “Яхшиман, қизим, мендан хавотир олма”, — деди лаблари титраб. Кечалари мени ўйлаб йиғлаб чиқаётганини ҳис этиб турардим. Онам кетгач мени виждон азоби қийнади.

Қамоқхонада қуёшнинг юзини кўрмай, тўрт девор ичида ўтирганимда, қалбимни соғинч ҳисси ўртади. У ердаги ходимлар яхши муносабатда бўлишди, қандай савол билан мурожаат қилсак, бафуржа жавоб беришди. Мен учун энг қийини “маҳкума” деган таърифга ўрганиш бўлди. Бирор ходимга мурожаат қилишдан олдин   исм-шарифимиз олдига “маҳкума” сўзини қўшиб айтишимиз лозимлиги менга жуда оғир ботди. Бу сўз одамнинг қалбини, қадрини ер билан яксон қиларкан.

***

Тўнғич фарзанд бўлганим учун уйимизда ҳар доим менинг айтганим айтган, деганим деган эди. Укаларимни мажбурлаб, куч билан бўлса-да, сўзимни ўтказардим.  Қамоқхонага кетишимдан бир кун олдин кичкина синглим ҳовлини супурмагани, укам дарс тайёрламагани учун уларни хафа қилгандим. “Худо хоҳласа, бу ердан чиққач яхши опа бўламан” деб ният қилдим.

Конституциямизнинг 25 йиллиги арафасида қамоқхона маъмурияти маҳкумаларни йиғиб: “Тайёргарлик кўриб туринглар, эртага амнистия қарорини ўқиб эшиттирамиз. Орангизда афв этилганлар бўлиши мумкин”, — дейишди. Бўлимдаги 65 нафар хотин-қизнинг барчаси озодликка чиқиш умидида буюмларини йиғишга тушди. Мен бу орзуим орзулигича қолса керак, чунки мендан олдин келган қанча аёллар бор, деб ишонтгим келмади.  Бироқ эрталабки йиғинда менинг номим ҳам ўқилгач, кўз олдим қоронғилашиб кетди. Наҳотки?!..

2017 йил сентябрь ойидан жазо муддатини ўташни бошлагандим. Юртбошимиз Фармонига асосан, уч ой ўтиб-ўтмай, оилам бағрига қайтдим. Қамалганимни кўпчилик билмайди. Шу сабаб, онам “Исм-шарифингни ўзгартириб ёзишсин”, деб илтимос қилди. Чунки маҳалла оқсоқоли, фаоллари менинг шаънимни ўйлаб, сўраб суриштирган қўни-қўшниларга “Чет элга ишлагани кетди” дейишибди.

Озод этилганимдан сўнг туман бандликка кўмаклашувчи марказ ходимлари келиб, ишга жойлашишимга ёрдам беришди. Ҳозир ҳудудимиздаги фермер хўжалигида ишлаяпман. Бу мавсумий иш бўлгани учун ҳокимият вакиллари менга яна қўшимча иш излашяпти.

***

Бу воқеалар содир бўлишидан аввал бир йигитни  ёқтирардим. У билан учрашиб, суҳбатлашиб турардик. У менга уйланмоқчи эди.  Мен жазони ўташ муассасасида юрган пайтимда у уйланди, оилали бўлди. Мен эса уч-тўрт йилдан кейин турмушга чиқишни режалаштиряпман. Бир оз вақт ўтсин, ёмон ўй-хаёллар хотирамдан ўчсин, эшитганлар бу ҳақда унутсин. Ахир ким ҳам қамалган қизни келин қилишни истарди? Ўзим ҳам буни юзимга солишларини истамайман. Тўғри, нотўғри хатти-ҳаракатларимдан хулоса чиқардим. Феъл-атворимни ўзгартирдим. Анчайин сипо, оғир-вазмин бўлиб қолдим. Қизиққонлигим билан боғлиқ одатларимни ташладим. Энди ҳеч кимга қаттиқ гапирмайман. Айниқса, онам ва жигарларимни қадрлайман. Яхши фарзанд, меҳрибон опа бўлишга ҳаракат қиляпман. Биздек хато қилиб қўйган ёшларнинг келажаги ҳақида қайғурган Президентимизнинг бошлари омон бўлсин! Қўлимдан келганича шу юрт ривожи учун ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.

Исмини сир тутишни хоҳлаган мухлис сўзларини

Нигора РАҲМОНОВА ёзиб олди.