Жума, 20 Сентябрь 2019

#Менинг_фикрим: Ҳужжатли фильмларимиз нега оқсаяпти?

Телеканалларимиздан бирида  шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақидаги ҳужжатли видеофильмни кўрдим. Мавзунинг ҳозиржавоблик билан олиб чиқилгани, айниқса, давлат телеканалида олиб чиқилгани — катта гап. Лекин қаҳрамоннинг, шахснинг масштаби шу қадар буюкки, фильм, очиғи, унга муносиб бўлмагани учун ҳафсаламни пир қилди. Фильм қисқа муддат ичида тайёрланганини билганим учун камчиликларни санаб ўтирмайман. Фақат таклифларимни айтаман (булар фикри ожизимга келган мулоҳазалар, ақл ўргатиш эмас, асло):

Шайх ҳазратлари ҳақида фильм камида 45 дақиқа ё 1 соат бўлиши керак. Ундан ози ўзини оқламайди, одам энди қизиқиб, мириқа бошлаганда тугаб қолиши яхши эмас. Бундай олим ҳақида гапирадиган инсонлар ҳам том маънода йирик бўлиши керак. Масалан, муфтий Усмонхон Алимов, Анвар қори (булар ҳазратнинг шогирдлари сифатида), Тоҳир Малик, Хуршид Дўстмуҳаммад каби ҳазрат билан 90-йиллардаёқ яқин бўлган, Ўзбекистонда янги давр — ислом уйғониши жараёнларида иштирок этган инсонлар, ижодкорлар фикрини олиб чиқиш лозим эди. Шайх ҳазратларининг халқаро миқёсдаги нуфузи ва обрўсини кўрсатиш учун бутун жаҳонга машҳур уламолар, сиёсатчилар, олимларнинг эътирофлари иқтибос шаклида келтириши лозим эди. Фильмда кўпроқ ҳамма биладиган нейтрал, расмий маълумотлар берилди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шахсини очиб бериш учун реал воқеалар, ҳикоялар, у зотнинг кароматларига тирик гувоҳлар керак эди. Шунингдек, билишимча, шайх ҳазратлари йирик зиддиятшунос эдилар, яъни у кишининг дипломатлик, муросакорлик хусусиятлари, ҳеч қачон зиддиятларни чуқурлаштирмай, аксинча, энг жиддий вазиятларга ҳам чиройли ечим топиб, тинчлик ўрната олганларини биламиз. Бу — жуда катта қобилият. Шу фактлар айтилиши керак эди.

Хуллас, силлиққина кечган 15 дақиқалик кўрсатув билан виждонимиз тинчланиб, хотиржамланиб қолмайлик. Ижодкорлардан миллионлар ҳаётини ўзгартириб юборган инсон, олим ҳақида янги, катта масштабли, батафсил ва оламшумул фактларга бой фильм(лар)ни кутиб қоламиз. Чунки олимлар ҳақида кўп ва хўб гапирилиши, умуман, ҳужжатли фильмларни кучайтириш жуда зарур.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА,

филолог-блогер.