Сешанба, 19 Июнь 2018

#Менинг_фикрим: Менинг бир орзуим бор

Ўқувчилик йилларимиз ёш ижодкорларнинг “Менинг биринчи китобчам” республика танловида камина ҳам қўлбола китоблар билан қатнашган. Бир китобчамнинг номи “Орзу” эди. Кейинроқ, Чўлпон ва Усмон Носир шеърлари киритилган, инглиз тилида босилган таржима китобчамни “Нурли тонглар орзуси” деб номлаганмиз. Яқин йилларда кичик Мартин Лютер Кингнинг буюк орзуси ва “Орзу лайнери” ҳақидаги ҳужжатли фильмларнинг матнини кадр ортида ўқидим, қисқаси, шу “орзу” деган сўз менга жуда ёқимли, илҳомбахш ва ғайратга чорловчи калом бўлиб туюлаверади.

Бугунги яхшигина ўзгаришлар, ташаббуслар даврида ҳар биримиз ҳаётимизнинг асл мазмуни саналган соҳада халқимиз учун энг зарур деб ўйлаган нарсани мухтасар баён этсак, онлайн нашрлар, газета, радио ва телеканалларда мунтазам “Менинг бир орзуим бор” деган чиқишлар қилинса, ижтимоий тармоқда махсус гуруҳ очилса, қандай бўларкин? Барча “орзулар” марказлашиб, бир жойда тўпланса, айни пайтда энг муҳимларини саралаб олиш, кенгроқ муҳокама қилиш, ҳаётга татбиқ этиш осонлашарди балки…

Аъзам ОБИДОВ, шоир, таржимон.