Сешанба, 25 Июнь 2019

Менинг учта болам бор

Қариялар уйидан таҳририятга хат келди. Унда жумладан, шундай дейилади:

Рафиқам учинчи фарзандига ҳомиладор пайтда унинг руҳиятида ўзгариш бўлди. “Кўзи ёриса, ўтиб кетар”, деб қўни-қўшни, қариндош-уруғларга билдирмасликка ҳаракат қилдик. Икки ўғилдан сўнг қизалоқ кўрдик. Хотинимни уйга дўхтир олиб келиб парваришладик. Барибир бўлмади. “Эгаси минг пойламасин, қароқчи оладиганини олади”, деганларидай, хотиним бир кечаси чиқиб кетиб, қайтиб келмади. Рости, ўзим ҳам жуда чарчагандим, шунинг учун ортиқча жон куйдириб ахтармадим. Бир ойдан сўнг каналдан жасади топилди.

Эркак кишиман, танмаҳрам керак. Катталарим ўғил… Қизалоғимни синглимга бериб уйландим. Бир эмас, икки марта. Лекин уйимга келган аёллар болалар билан тил топиша олмади. Сўнг учинчи марта таваккал қилиб, бир аёлнинг уйига кирдим. Унинг ҳам болалари бор эди. Ўзимнинг болаларимни жуда ҳам ташлаб қўйдим, дея олмайман. Эҳтимол, қийналган пайтлари бўлгандир. Онасиз қолган болаларга ҳеч қачон осон бўлмайди.

Хуллас, ҳозир ўғилларим ҳам, қизим ҳам оилали. Лекин мени қариялар уйига олиб келиб қўйишган. Бу ерда ҳамма нарса етарли, ош-нон, кийим-кечакка муҳтож  эмасман. Лекин менинг учта фарзандим борлигини бу ердагилар билишади, жуда уяламан. Илтимос, болаларим билан гаплашиб кўринглар. Етмишдан ошганман, энди қанча умрим қолди. Болаларим мени олиб кетишсин”…

Биз қариянинг фарзандлари (манзили яқинроғи) билан юзма-юз, узоқда яшаётганлари билан телефон орқали боғланиб, ушбу илтимосни етказдик.


Умаржон

(Тўнғич ўғил)

Отам укам билан синглимни менга ташлаб чиқиб кетганларида, ўн уч ёшда эдим. Тенгдошларим дарсдан чиқиб, кўчада копток тепиб юришарди. Ё баъзилари ота-оналари берган пулга репититорга бориб қўшимча дарс олишарди, яна қай бири кинога  кетган…

Мен эса қишлоғимизда Омон ғишт деб ном қозонган, хом ғишт қуйиб сотадиган одамнинг уйига чопардим. Лой пишитишга арзон ишчи кучи керак эди-да унга. Омон ғиштнинг қизларидан бири синфдошим, ҳатто, партадошим эди. Онаси ишчиларга тандирда ошқовоқ сомса ёпарди. Пиёзнинг пўстидай юпқа бўларди. “Дилбар келинойи ошқовоқни хамирнинг ичига солмайди, балки ликопга солиб, хамир жилдининг устидан айлантириб ўтади”, дея ҳазил қилишарди ишчилар. Мен ўша сомсагаям шукр қилардим. Уйга кетаётганимда Гулшан онасидан яшириб, 2та сомса берарди. Укам билан синглимга. Қўшниларимнинг гоҳ униси, гоҳ буниси бир коса овқат чиқарар, ичим очликдан таталаб кетса-да, укам билан синглимга берардим. Тонг пайтида ҳали одамлар кўчага чиқмасдан туриб ахлатхонага бориб, бировлар ташлаб юборган бутун пайпоқлар, калготкалар бўлса олиб, кострюлга солиб қайнатиб, кейин аммам ҳам уйга ташлаб кетган синглимга кийдирардим. Кейинчалик ўша Омон ғиштнинг Гулшан қизига уйландим.

“Мен билан ҳаётинг яхши бўлмайди, қийналиб кетасан”, — десам, “Розиман, чидайман!” — деди. Худога шукр, чидаб келяпти. Отам ҳар замонда келиб, ўлиб қолмаслигимиз учун беш-ўн сўм ташлаб кетарди. Икки бети қип-қизил хўрознинг тожидек юрарди.

Ахир Гулшан ўша кунларни кўрган-ку, қандай қилиб отамни уйга олиб келаман? Дилором синглимнинг сочлари қўнғироқ эди, тароқ ўтмасди. Ювиб, тарагани қийналардим. Гулшан ёрдам берарди. Қандай қилиб ўша кунларни унутаман?!..


Усмонжон

(Ўртанча фарзанд)

Ўзимча отамникида яшасам, акамга озгина ёрдам бўлади, деб синглим билан акамни ташлаб, дадамникига кетганман. Акам: “Дилоромчани аммам қай аҳволда қайтариб олиб келгани эсингдами, барибир отанинг уйига сиғмайсан” деса ҳам, кетдим.

Отамнинг хотини мени одам ўрнида кўрмасди. Болаларининг пешоб ҳиди ўтириб қолган чирик кўрпачасини солиб берарди. “Майли, акам билан синглимнинг битта нонхўри кам-ку”, деб ҳар қанақа муомалага бардош берардим. Бир куни дадамга хотинининг: “Акаси билан синглиси бир бало бўлиб, бошингиз балога қолмасин, жўнатинг уйингизга етимчангизни”, — деганини эшитдим. Оғзимни кафтим билан бекитиб, роса додлаб йиғладим ўша кун. Дадам лом-лим демади, ота бўлиб лоақал қизини бир оғиз гап билан ҳимоя қила олмади. Мен энди бу одамни уйга олиб келсам, шу гапларни ўз қулоқлари билан эшитган, қариялар уйига ўзлари олиб бориб қўйган хотинининг болалари: “Ўл-а, ҳамма нарсани унутиб юбордингми? Онам косангдаги бир тўғрам гўштниям олиб менга берганида:

— Қўй, бу ҳам бола, бу ҳам есин, — дея олмаган отани “ота” деб юрибсанми”, демайдими?..


Дилором

Ўзим тирноқларимни ололмасдим. Акам ҳам олишга қийналарди. Қўллари титрарди. Бир неча марта тагидан олиб, оғритгач, қўшни аяга чиқардим.

— Тирноғимни олиб қўйинг, ўқитувчим уришяпти, — дегани уялиб, қанча вақт ўтирардим. Ўсмир қиз бўлган пайтларимда, балоғатга етганларимда… Эҳ-ҳе, қанчадан-қанча бировга айта олмай, ичимда “дод” дейдиган пайтларим бўлган.

Қабристонга бориб, онамнинг қабри ёнида йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолардим. Лекин Худога шукр, икки акам ҳам отам, ҳам онам бўлишди. Акаларим турмуш ўртоғим (қўшни қишлоқлик)дан совчи келганида: “Отамиз ўлган”, — деганлар. Уларни қайта тирилтиргим келмайди.

Гарчи уйимдагилар отам борлигини энди билишса-да, у кишини уйга олиб келишни хоҳламайман. Агар шундай қилсам, ота ўрнида ота бўлган акаларимни ҳақорат қилаётганга ўхшайман.


Одамлар нима дейди?

“Банданинг билиб-билмай қилган хатосига жазо бериш банданинг эмас, Аллоҳнинг ихтиёридаги иш. Ота ўз вақтида фарзандларини тақдир ҳукмига ташлаб қўйиб хато қилган бўлса, болалар энди меҳрга муҳтож пайтда отани ёлғиз ташлаб хато қилишлари унча тўғри бўлмайди. Қиз бола, майли, ўз йўлига. Лекин ўғиллардан бири отани, албатта, ўз уйига олиб келиши, унга гуноҳлари учун тавба қилишга имкон бериши керак.

Банда хом сут эмган бўлади. Эҳтимол, Умаржон, Усмонжон, Дилоромларнинг дадаси ҳам ҳеч кимга билдирмай, ўз ичида азобланган пайтлари бўлгандир… Ҳар ҳолда, йигитлар мард одамнинг ишини қилганлари маъқул… Шунда худо ҳам улардан рози бўлади”.

Эрдон ота Раҳматов, ҳожи ота.


Мана, мен қиз бола бўлсам ҳам, дадамни эримнинг рухсати билан уйимга олиб келдим. Чунки дадам онам вафот этганида  уч қиз билан қолган. Мен кенжатой эдим. Одамлар дадамга: “Қизларни узатиш учун аёл керак бўлади”, — дейишган. Яна нималар дейишмаган. Лекин дадам: “Оналари бебаҳо аёл эди. Ҳеч кимни унга ўхшата олишмаса керак”, — деб уйланмаган. Опаларим эси киргач, ўзлари ҳам: “Дадажон, агар кўнглингиз кўтарса, уйланинг”, — дейишган.

Дадам: Энди набираларимни уйлантираман, — деб кўнмаган. Агар Умаржон, Усмонжон, Дилоромларнинг оталари лаоқал менинг дадам қилган яхшиликнинг мингдан бирини қилса ҳам, улар отасини ташлаб қўйишмасди. Хато қилган инсон унинг жабрини тортмай қўймайди, албатта. Болаларини гўдак пайтида аямаган, қаровсиз қолдирган бу каби бешафқат одамни мен ҳам кечира олмаган бўлардим…”

Гулчеҳра.


“Болалар ўзларини ўзлари улғайтиришди. Ўзларини ўзлари суяшди. Ўғирлик қилишмади, тиланчилик қилишмади. Каззоб бўлиб етишишмади. Ҳаммасининг ҳунари бор, бировдан олдин, бировдан кейин дегандек яшашяпти. Айтишади-ку, жуда кўп нарса одамга наслдан ўтади, деб. Балки отасидан ҳам уларга қандайдир яхшилик ўтгандир… Ҳарна бўлганда ҳам, оталар фарзандларни ташлаб кетишса, эл “Пешонаси шу экан”, дейди, лекин фарзанд отани ташласа, яхши гап айтмайди…”

Робия она, Умаржон, Усмонжон, Дилоромларнинг қўшниси.

 Ўқиганларингиздан сўнг…

Албатта, энди бу оғриқли мавзу фикратингизда давом этяпти. Ким фарзандлар, ким эса ота тарафда. Биз улар тақдирини ўзларига ҳавола қиламиз-да, бошқа оталар, бошқа фарзандларга мурожаат қиламиз.

Бундай қисматни ўзингиз, яқинларингиз… ҳеч кимга раво кўрмаслик ҳақида ўйлаяпсизми? Шундай бўлса, биз ниятимизга етибмиз.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА тайёрлади.