Жума, 20 Сентябрь 2019

Менга ким кафил бўла олади?

Савол:    

Мен бошқараётган корхона кичик тадбиркорлик субъекти бўлиб ҳисобланади.  Мен чет элдан замонавий тикув дастгоҳлари харид қилиб, сифати кафолатланган кийим-кечаклар ишлаб чиқаришни ва уларни асосий қисмини чет эл савдо ташкилотларига сотишни режалаштирган эдим. Бунинг учун банкдан кредит олмоқчи бўлсам, гаровга қўйиш учун мол-мулким камлик қилди. Кафолат берувчи ташкилотни қаердан топсам бўлади?

Жавоб:

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 февралдаги “Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Банклар уюшмаси, шунингдек, тижорат банклар ва суғурта ташкилотларининг акциядорлик жамияти шаклидаги кичик тадбиркорликни ривожлантириш Кафолат жамғармасини  республика ҳудудларида филиалларини очган ҳолда ташкил этиш белгиланди.

Кичик тадбиркорлик субъектларига янги замонавий технологик ускуналар харид қилиш ва бошқа мақсадларда бериладиган тижорат банклари кредитларининг гаров билан қопланмаган қисмини таъминлаб бериш Кафолат жамғармасининг асосий вазифаларидан бири этиб белгилаб қўйилди.

Сиз туманингиздаги Кафолат жамғармаси филиалига мурожаат қилиб, бошлаётган хайрли ишингизни амалга оширишингиз мумкин.

Рукн бўйича маслаҳатчи:

Абдулложон ТОЛИБЖОНОВ, ҳуқуқшунос