Душанба, 18 Ноябрь 2019

Меҳнат мигрантлари муаммолари қандай ҳал этилмоқда?

2018 йил январь-март ойларида туман ва шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 122,5 минг нафар фуқаро иш сўраб мурожаат қилган. Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазирлиги томонидан ушбу фуқаролардан 53,8 минг нафарига доимий ишларга жойлашишга кўмаклашилган. 62,6 минг нафар ишсиз фуқаро эса ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган. Хўш, меҳнат мигрантлари муаммоларини ҳал этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилди?

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан аҳоли, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш самарадорлигини ошириш, хорижда ишлаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазасини кучайтириш ва хорижга ишга юбориш тизимини такомиллаштириш борасида белгиланган вазифалар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Меҳнат бозорида қандай янгиликлар бор? 

Анжуман давомида Бандлик бошқармаси Сектор бошлиғи Нозима Сулаймонова меҳнат бозори ва аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида кўрилаётган тизими чораларга тўхталди. Ҳисобот даврида иш қидираётган фуқаролар учун мақбул келадиган ишни қидириш муддатини қисқартириш мақсадида 297та бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, уларда 15,2 мингга яқин иш берувчилар вакиллари ва қарийб 46,1 мингдан ортиқ иш қидираётган фуқаролар иштирок этишди. Ярмаркалар натижасига кўра 10,1 минг нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. 24,1 минг нафар фаол иш қидираётганларга меҳнат ва бандлик масалалари бўйича ҳамда ҳуқуқий масалалар юзасидан маслаҳатлар берилган.

Ишсиз ёшлар иш билан таъминланди 

Бугунги кунда ёшларни қийнаётган ишсизлик муаммоларига қандай барҳам берилмоқда?

Ушбу саволга Ишсизларни касбга қайта ўқитишни ташкиллаштириш бўлими бошлиғи Ҳакимжон Абдуллаев жавоб берди. Унинг таъкидлашича, ҳозир 3,3 мингдан ортиқ ишсиз фуқаро тикувчилик, тўқувчилик, электрик, пайвандчилик, сувоқчилик, компьютер техникаси оператори ва бошқа шу каби меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича касбларга ўқитилди, шундан минг нафари миллий ҳунарманчиликнинг гилам тўқиш, ганчкорлик, теридан, дарахтдан ва темирдан бадиий маҳсулотлар тайёрлаш, миллий қандолатчилик йўналишлари бўйича “Усто-шогирд” усулида касбга тайёрланди.

Халқаро Тажриба Ўрганилмоқда 

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Турсуновнинг таъкидлашича, Ўзбекистон янги шароитларда меҳнат мигрантлари муаммоларига нисбатан ўз муносабатини тубдан ўзгартирди ҳамда меҳнат мигрантларининг Ўзбекистон иқтисодиёти ҳамда улар ишлаётган мамлакат тараққиётига қўшаётган улушини эътироф этмоқда. Ўз навбатида ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ташқи меҳнат миграцияси борасида халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, Агентлик томонидан бугунги кунда Россия Федерацияси, Польша, Жанубий Корея ва Япония давлатлари билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунингдек, Қозоғистон, Туркия, Омон султонлиги, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа кўплаб мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро англашув меморандумларини имзолаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича халқаро тажриба ўрганилмоқда. Қолаверса, хорижда ишлаш ниятини билдираётган фуқаролар учун юртимизда зарур шарт-шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Дастлаб вилоятларда Агентликнинг тўртта минтақавий бюроси фаолият юритган бўлса, ўтган давр мобайнида барча вилоятларда ва Қорақалпоғистон Республикасида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг филиаллари очилди. Японияга кетувчи фуқароларни кетиш олдидан ўқитиш ва кўниктириш маркази очилди. Японияда меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун кетадиган фуқаролар эндиликда ушбу масканда тайёрланиб, тил ўрганишади. Марказ фуқароларга бошланғич таълим бериш ва япон тили, маданияти, қонунларини ўрганишда яқиндан ёрдам беради.

Санкт-петербург билан ҳамкорликда марказ очилади

Шу билан биргаликда Агентлик томонидан Санкт-Петербург “Меҳнат ресурслари маркази” давлат автоном муассасаси билан ҳамкорликда меҳнат мигрантларини кетиш олдидан тайёрлаш ва Россия Федерациясига юбориш бўйича Самарқандда марказ ташкил қилиш юзасидан Меморандум имзоланган. Ушбу Марказ ишга тушди ва Россия Федерациясида ишга жойлашиш истагида бўлган республикамиз фуқароларининг ўқитилиши, тест синовлари, тиббий кўрикдан ўтказилиши ва тўлиқ ҳужжатлар тўплами билан Россияда ишлаш мақсадида рухсатнома олиш учун юборилиши Марказнинг ўзида амалга оширилмоқда. Айни пайтда шундай Марказнинг Фарғонада очилишини жадаллаштириш бўйича зарур саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Авиачипталар нархлари 20 фоизгача чегирма қилинади 

Маълумки, 2018 йил 5 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун  республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Қарорини имзолади. Ташқи меҳнат миграцияси Агентлиги ушбу қарор бўйича қандай ишларни амалга оширди?

Ушбу саволга Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Турсунов шундай жавоб берди:

“Мазкур қарор бўйича Агентлик ўзига юклатилган қатор ишларни амалга оширди. Жумладан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ  ва Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга плацкарт ва умумий вагонларга темир йўл чипталари ҳамда иқтисодий класс авиачипталар нархларига 20 фоизгача чегирма тақдим этадиган, темир йўл ва авиачипта харид қилиш харажатларини қисман қоплаш учун бир йилда бир марта 300 минг сўм миқдорида беғараз тўлов амалга ошириладиган бўлди. Имтиёзли билетларни тақдим этиш учун барча вилоятларда ва Тошкент шаҳрида ҳамда Қорақалпоғистонда махсус кассалар иш бошлади.

Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг туман ва шаҳар бандликка кўмаклашиш марказлари тузилмасида умумий 300 штат бирлигида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига чиқаётган фуқролар билан ишлаш секторларини ташкил этди. Секторлар ходимлари уйма-уй юриб вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига чиқиб кетишни режалаштираётган фуқароларни аниқламоқда ҳамда улар билан чет элга хавфсиз чиқиш ва имтиёзли тарифларда темир йўл ва авиачипталар сотуви механизми масалалари бўйича ахборот-тушунтириш ва тарғибот ишларини амалга оширмоқда”.

Меҳнат мигрантлари бепул ўқитилади

Потенциал меҳнат мигрантлари темир йўл ва авиачипталарни имтиёзли тарифларда харид қилиш олдидан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларни имтиёзли тарифларда чипта тақдим этишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги электрон маълумотлар базасига рўйхатга олиняпти.

Меҳнат мигрантлари транспорт ва бошқа харажатлар учун “Ипотека банк” орқали 1000 АҚШ долларигача бўлган кредит олишлари мумкин. Кредитларни халқаро тўлов тизимлари орқали олиш ва тўлашнинг қулай механизмларини жорий этиш режалаштирилган.

Яқин кунларда меҳнат мигрантлари учун рус ва бошқа тилларга, ишлаб чиқариш касбларига ўқитиш бўйича курслар, жумладан, бепул курслар ташкил этилади. Россия, Қозоғистон, Туркия ва Жанубий Кореядаги консуллик муасасаларида меҳнат миграцияси масалалари ва фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси билан шуғулланадиган ходимлар иш олиб боради. Шу йилдан бошлаб автобусда халқаро йўловчи ташишга ихтисослашган компания фаолият юрита бошлайди. Компания учун 100 дона автобус харид қилинади ва улар Ўзбекистоннинг турли минтақаларидан хорижга қатнайди.

Ҳар жойда бор тошу тарозу…

Зукко момоларимиз “Ҳар жойни қилма орзу, ҳар жойда бор тошу тарозу”, дея бежиз таъкидлашмаган. Айни пайтда  хорижга ишлаш учун отланган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш учун Президентимиз томонидан бундай имкониятлар яратилиши алоҳида эътирофга лойиқ. Бироқ ўзимиз истаган шароит ва имкониятларни, энг аввало, ўз юртимизда яратиш учун ҳаракат қилганимиз маъқул эмасмикин?.. Мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш учун бугун ўзимиз курашмасак, ким курашади? Фарзандларимизнинг эртанги камолоти, юртимиз равнақи билан боғлиқ орзуларимизни ўзимиз рўёбга чиқаришимиз керак эмасми?..

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА.