Жума, 14 Декабрь 2018

Манзура: “Энди олдинги Манзурани кўрмайсиз”

Шоу-бизнес оламида кўп йиллар давомида ижод қилиб келаётган, дилрабо қўшиқлар тўплами, минглаб мухлислар ва давлатимиз томонидан берилган кўплаб мукофотлар эгаси МАНЗУРАнинг ижодидан баҳраманд бўлган ҳар қандай инсон унинг истеъдодига “балли” дейди. Унинг муваффақиятларига ҳавас қилади…

 Манзура, айтинг-чи, ижод машаққатлари қийнаган дамларда шу соҳани танлаганингиз учун ҳеч афсус чекканмисиз?

— Албатта, чунки ютуқларга осонликча эришиб бўлмайди. Битта мукофот ортида машаққатли меҳнатлар, қийинчиликлар туради ва, шак-шубҳасиз, афсусли дамлар ҳам бўлади. Айнан қачон ва қаерда афсус чекканимни айтмаслигим мумкин, лекин ҳар бир санъаткор шундай туйғуларни, қийинчиликларни бошидан кечиради, деб ишонч билан айта оламан. Булар эса унинг ҳар бир яратаётган ижодий маҳсулида акс этади. Шундай меҳнат ва қийинчиликлардан ўтган ижодкордан албатта яхши қўшиқлар чиқади.

— Таниқли санъаткорларимизниг барчаси йилда бир марта “Истиқлол” санъат саройида ҳисобот дастурини  тақдим этиши одат тусига кириб қолди.  Мухлисларингиз ҳам  концерт беришингизни интиқлик билан кутишмоқда. Аммо…  Тўй-тадбирлардан ортиб, вақт ажрата олмаяпсизми ёки концерт бермаслигингизнинг бошқа  сабаби борми?         

— Концерт қўйиш ниятим бўлди. Тўғрисини айтсам, бунга ҳаракат қилдим ҳам, ҳаттоки кунларини ҳам белгилаб қўйдик. Кейин ҳар хил ҳолатлар бўлди, кўп ўйладим, барибир, биз улғайибмиз. Менинг ички дунёим ўзгаряпти, санъатга бошқа кўз билан қараяпман. Мухлислар олдидаги маъсулиятни ўзгача ҳис қиляпман, саҳнага чиққанимдан кейин яна ўша Манзура бўлишим керакмас ёки жозибали бўлишим, асосийси эмас. Саҳнага чиққанимдан кейин қўшиғимда ён-атрофда бўлаётган ҳодисалар, бугунги ҳаётимизни теран англаётган аёлнинг чуқур ҳислари, дарди акс этиши керак. Ахир ўзбек аёлларининг дарди фақат “ўлдим-куйдим”, “чиройли севгини хоҳладим”дан иборат эмас… Репертуарни яхшилаб, саралаб тўплаш керак. Бунинг учун маънавиятимизни бойитиш, яхши китоблар ўқиб, ички дунёимизга чуқур назар билан боқишимиз керак. Тенгдошларимиз билан улғайишимиз керак. Биз, шоу-бизнес вакиллари, ҳар доим ёш кўринишга ҳаракат қиламиз. Назаримда биз ўз тенгдошларимиздан камида 10-15 ёшга ёш  кўринамиз. Ҳозирги пайтда биз, аёллар, ҳам косметология, ҳам жисмоний тарбия ва бошқа замонавий усуллар билан ёш кўринишга ҳаракат қиламиз, лекин барибир ёшимизга қараб ижод қилишимиз керак. Шунда ҳақиқий концерт, ҳақиқий мухлис бўлади, деган фикрдаман.

— Кино оламида ҳам ижод қилдингиз, тан олиш керак, қойилмақом роллар ижро этдингиз. Айтинг-чи, қайси бири сизга кўпроқ маъқул аслида — киноактрисаликми ёки санъаткорлик? Танлаш керак бўлиб қолса, қай бирини танлаган бўлардингиз?

— Менинг асосий касбим — қўшиқчилик. Ҳозирги Успенский номли Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ва Ўзбекистон давлат консерваториясида таҳсил олганман.

Талабалик йилларимда айнан вокалга қизиқишим кучли бўлгани учун менга эътибор кучли бўлган. Операдан сабоқ олганман, оркестр билан бирга ижро этганман. Фортепьянони ўргандим. Хуллас, ушбу билим даргоҳларида кўпгина санъат сирларига ошно бўлдим. Кино санъатига эса жудаям ҳурмат билан қарайман. Актрисалик — бу осон касб эмас. Кимларгадир осон туюлиши мумкин, лекин бунинг остида катта масъулият, катта меҳнат бор.  Масалан, “Севгинатор” фильмигача мен неча йил Рустам ака Саъдиевдан илтимос қилганман. Мени кинога олмаганлар, “аввал ўрганасан, сенда ўша истеъдод бор бўлса, кейин ўйлаб кўрамиз”, деганлар. Бунинг учун Рустам акадан миннатдорман, уч йил давомида қаттиқ берилиб, ўз устимда ишладим ва бу фильмда қатнашиб, бош ролда иштирок этиб, олқишларга сазовор бўлдим. Бу фильм Россия, Туркия каналларида ҳам намойиш этилди, ижро маҳоратимга яхши баҳо беришди ва ёшлар фестивалида бутун жамоамиз билан гран- при совринига эга бўлдик.

Бу шундай қийин касбки, мен битта роль ўйнаб актриса бўлиб қолганим йўқ, чунки бунинг учун маҳорат, чуқур билимга эга бўлиш керак. “Ералаш”да ўйнагани билан ёки иккита латифа айтгани билан ҳеч ким актёр ёки режиссёр бўлиб қолмайди. Бунинг ортида машаққатли меҳнат, тинимсиз ҳаракат бор. Буни ўзим ҳис қилиб кўрганман.

  — Шу касб эгаси эканингиздан қачон кўпроқ қувонасиз: мухлислар қуршовида бўлганингиздами ёки саҳнага чиққанингиздами?

— Ҳамиша! Ўз касбини севган инсонга унинг ҳамма жиҳатлари ёқади. Мухлислар қуршовида санъаткорда янги фикрлар қайнайди, илҳом парилари пайдо бўлади. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши бизга асосий куч, десам янглишмайман. Биз яратаётган тароналаримиз зўр, замонавий, маъноли бўлиши керак. Қўшиқнинг мусиқаси ва сўзларини эшитиб, мухлис дам олиши, савияси ўсиши, маънавияти юксалиши керак. Саҳнага чиққанда эса… буни ҳис қилган инсон тушунади.

— Мухлислар жудаям қизиқувчан бўлишади, улар севимли хонандаларининг ҳаёти ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни хоҳлашади. Интернет тармоқларини кузатсак, сизга “Қачон оила қурасиз?” ёки “Менга турмушга чиқинг” дея кўп мурожаат қилишаркан.  Бунга қандай қарайсиз?

— Тўғри, бу саволни жудаям кўп беришади. Сийқаси чиққан саволларни ҳадеб беравермаслик керак, деб ўйлайман. Бу ҳам маданиятнинг бир белгиси. Мухлис бундай саволлари билан кимнингдир дилини оғритиши мумкинлигини ўйлаши керак. Шу кунгача ҳеч кимга жавоб бермаганман ва жавоб беришни хоҳламайман ҳам (кескин оҳангда)! Чунки бу менинг шахсий ишим. Ҳамиша ёнимда юрадиган яқин инсоним бор, жудаям доно инсон. Яқинда ундан сўрадим, “Нега менга шу пайтгача шу саволни бермагансан”, деб. “Манзура опа, сиз бизнинг опамизсиз, сизга шундай савол бериб, кўнглингизни оғритиб қўйсам, бу саволимдан хафа бўлиб қолсангиз, ман Яратганга қандай жавоб бераман”, деб саволимга нуқта қўйди. Бу гапим билан маданиятли, ўзини ҳурмат қилган инсон саволни ҳам ўйлаб беради, демоқчиман.

— Мутолаа ҳақида гапирдингиз. Сиз қайси китобларни севиб ўқийсиз?

— Китоб ўқишни яхши кўраман. Шу кунларда рус тилида нашр этилган “Письма Незнакомки” деган китобни ўқияпман. Аёл кишининг кечинмалари ҳақида ёзилган. Жудаям гўзал тасвирланган, мазза қилиб ўқияпман. Ўзимизнинг ўзбек адиблари асарларини ҳам ўқийман. Ал Бухорий ҳадисларини жудаям яхши кўраман. Инсон китоб ўқиб кам бўлмайди. Шаҳримизда бир-биридан шинам кутубхоналар бор, у ерда турли йўналишдаги  китобларни топса бўлади, мутолаа қилиб, мазза қилиб маданий ҳордиқ олиш мумкин.

— Демак, китоб сизнинг руҳий дўстингиз экан-да?

— Нафақат яхши китоблар, замонавий, тарихий фильмлар, ўзимизнинг классик фильмлар — “Ўтган кунлар” ва “Навоий”ни  кўрсам, мазза қилиб дам оламан. Спортга қизиқаман. Булар менга маънавий озуқа беради, руҳ ва тана енгиллигини бахш этади.

— Ҳозирги кунда ижодингизда қандай янгиликлар бор?

— Ижодий гуруҳимиз билан биргаликда янги қўшиқлар устида ишлаяпмиз. Ғояларимиз ҳам янгича, ўзгаряпти. Илгаригидек, севги-муҳаббат, “ўлдим-куйдим” мавзусида эмас, балки маъноли қўшиқлар яратишга ҳаракат қиляпмиз. Саҳнага чиққанимда, уч-тўрт дақиқа бўлса-да, мухлислар мен куйлаган таронани қай тарзда қабул қилишаркин, деб роса ҳаяжонланаман. Уларнинг менга бўлган меҳри ва ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.  Ҳар бир яратилаётган мусиқанинг сўзларига қаттиқ эътибор бераман. Кўпроқ она, Ватан тўғрисидаги қўшиқларни куйлаб, халқнинг дилига етиб бориши учун ҳаракат қиламан.

Умуман олиб қараганда, ўзбек тилининг илдизи шу қадар чуқурки, ҳали очилмаган кўпгина шоирона сўзлар бор. Буларни ўрганишимиз керак. Ҳозир чет эл мусиқалари кириб келиб, озгина эътиборимизни чалғитяпти. Бу нотўғри деб биламан. Чунки шу туфайли мазмун-маъносиз қўшиқлар кўпайиб кетди. Санъаткор учун энг муҳими — яратган асари дилтортар, маъноли ва таъсирли бўлиши. Чунки мухлислар биздан шуни кутишади.

— “Тасвир”нинг ҳар бир сонини қолдирмай ўқиб бораман. Табиийки, шоу-бизнес оламидаги янгиликларни ҳам. Кўп йиллардан бери халқимиз севиб мутолаа қилаётган севимли газетамизнинг серғайрат ижодкорларига омад тилайман, ҳамма орзулари амалга ошсин.

Юртимиз тинч, осойишта бўлсин, меҳр-оқибатли бўлайлик, азизлар!

Бобур СОБИРОВ суҳбатлашди.