Сешанба, 18 Декабрь 2018

Ласетти метанда юрадими ёки мисда?

Маълумки, ҳар бир давлат иқтисодиётида стратегик аҳамиятга эга бўлган товарлар ва хом ашёларга муҳим омил сифатида қаралиб, ушбу турдаги товарларни мамлакат ҳудудидан ноқонуний йўллар билан олиб чиқилишининг олдини олиш борасида зарур чоралар кўрилади. Бу борада республикамизнинг ҳар бир ҳудудида аҳоли учун иккиламчи рангли металл чиқиндилари ва парчаларини қабул қилувчи шохобчалар ташкил этилган. Бироқ фуқароларимиз орасида била туриб мўмай даромад қилиш илинжида белгиланган тартибни бузишга уринаётган “уддабурон”лар ҳам учраб турибди.

2017 йил 11 июль куни Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасида жойлашган “Оқ олтин — Целинный” ва “Малик — Сирдарё” автомобиль ўтказиш пунктлари очилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасида “Оқ олтин” ва “Малик” автомобиль ўтказиш пунктларини очиш тўғрисида” 2017 йил 26 апрелдаги ПҚ-2931-сон қарорига асосан мазкур ўтказиш пунктлари орқали фақат енгил автотранспорт воситалари ҳаракатланади ва бу пунктлар орқали юк ва товарларнинг тижорат мақсадида олиб ўтилишини амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Автомобиль ўтказиш пунктларида божхона назорати соддалаштирилган тартибда, йўловчи божхона декларацияси тўлдирилмасдан, рўйхатга қўймасдан ва транспорт воситаларини божхона кўригидан ўтказмасдан, фақатгина ҳаракатланаётган транспорт воситаларини мажбурий равишда визуал кўздан кечириш орқали амалга оширилади.

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Х.Полвонов (исм шарифи ўзгартирилган) бошқарувидаги “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси Қозоғистон Республикасига чиқиб кетиш учун “Малик” божхона пунктига кириб келган вақтида автомашинанинг салони ва юкхонаси холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада автомашинада олдиндан махсус тайёрланган хуфиёна жойларда, яъни юкхонага ўрнатилган метан газ баллони ичида, орқа ва олд бамперларининг ички қисмида, орқа ўриндиқнинг ости ва орқа қисмида жами оғирлиги 384 кг мис рангли металл парчалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди. Эндиликда мўмай пул топиш илинжидаги бу “уддабурон” қонун олдида жавоб беради. Ҳозир суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Б.Анварханов,

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходими.