Душанба, 18 Ноябрь 2019

Эл меҳрини қозониб…

Жаннатмакон юртимизда Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаровни танимайдиган инсон йўқ, десак муболаға бўлмайди. Бу номни тилга олишимиз биланоқ кўз ўнгимизда салкам 60 йиллик ижодий фаолияти давомида ўзига хос лирик қўшиқ ижрочилари мактабини яратиб, эл меҳрини қозонган инсон гавдаланади.

“ZOR TV” телеканали “Меҳр кўзда” кўрсатувининг навбатдаги сонида халқимизнинг севимли санъаткори Фахриддин Умаров дўстлари, қариндош-уруғ ва шогирдлари даврасида хотирланди.

“Дўстлар саломат бўлса, бас”

Фахриддин Умаров 1926 йилда Қибрай қўрғонида, Асилпўлат Умархожи ўғли ва Кароматхон Холмуҳаммад қизи оиласида дунёга келди. Асилпўлат ота деҳқончилик, савдо-сотиқ билан шуғулланса-да, шеъриятга, қўшиқчилик санъатига иштиёқманд эди. Ўзи ҳам соз чалиб, қўшиқ хиргойи қиларди. Бўлғуси санъаткор оиладаги 12 фарзанд қаторида улғайиб, вояга етди. Афсуски, унинг болалиги оиласи сургун қилинган Украинанинг Одесса вилояти Скадовск туманида ўтди. Улар 1946 йилдагина Тошкентга қайтиб келишди. Санъат йўлини танлаган Фахриддин отасидан дутор чалишни ўрганди. Аввалига машҳур ҳофизлар жўрлигида, кейин ўзи мустақил қўшиқлар айта бошлади. Эл ҳурмати, эътиборини қозонди. Халқимизнинг севимли санъаткорига айланди.

1951 йилда Эстрада театрида иш бошлаган Фахриддин Умаров турли концертларда қатнашиб, мумтоз ва замонавий шоирлар шеърларини қўшиқ қилиб айтди. Аста-секинлик билан шуҳрат пиллапояларидан кўтарила бошлади. Сўнгра Муҳиддин Қориёқубов номли Ўзбек филармониясининг яккахон хонандасига айланди. Унинг ижоди майин нола ва нафосат билан кўнгилнинг нозик торларини черта оладиган қудратга эга қўшиқлар билан бойиди.

Фахриддин Умаров бутун ижодий фаолияти давомида 300дан ортиқ қўшиқлар яратиб, халқимиз маданий меросига муносиб ҳисса қўшди. 2002 йилда “Ўзбекистон халқ ҳофизи” унвонига сазовор бўлган  санъаткор бу ҳурматга “Лаҳзалик меҳмонмиз”, “Ўтди умрим”, “Матлубимдирсан”, “Дўстлар саломат бўлса, бас”, “Раҳмону раҳимдандир”, “Ағёр тушмасин” каби янги қўшиқлар билан жавоб қайтарди.

Фахриддин Умаров қўшиқларида дард бор эди. Унинг ўз таъбири айтганда: “Бировни ўйлатмаса, кулдирмаса, йиғлатмаса, юракка ором бахш этмаса, ҳайратга солмаса, у қўшиқнинг нима кераги бор?” Ана шу мезонларга содиқ қўшиқлар яратувчиси бўлган устоз санъаткор 2007 йилнинг 7 сентябрь санасида бу ёруғ оламни тарк этди. Аммо унинг қўшиқлари магнит тасмаларида, шогирдлари хонишида, мухлислари қалбида абадий қолди…


Шогирди эканлигимдан фахрланаман

Ҳожиакбар ҲАМИДОВ,

Фахриддин Умаровнинг шогирди:

— Шундай санъаткорнинг шогирди эканлигимдан фахрланаман. 40 йил садоқат билан ёнларида юрган инсон сифатида хулоса қилдимки, у кишининг ҳаёти ва ижоди ҳақида китоб ёзиб, келажак авлодга қолдиришим керак. Дўстим Набижон Боқий билан тирикликларида “Мени ёд эт” номли китобни ёзиб, дуоларини олгандик. Устоз 82 ёшда оламдан ўтдилар. 90 йиллик таваллудларига “Донишманд ҳофиз” китобини мухлисларига совға қилдик.

Дунёнинг қайси чеккасида ўзбек бўлса, Фахриддин Умаровни танийди. Шу сабабдан, турли вилоятлардан китоб учун миннатдорчилик билдирилган қўнғироқлар бўляпти.


Юртини соғинган йигитлар йиғлаб тинглашарди…

Хайрулла ЛУТФУЛЛАЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Мен Фахриддин аканинг биринчи шогирдлариман. 13-14 ёшли болалигимда Муҳаммаджон Мирзаевга ҳавас қилиб, рубоб чалишни ўрганган бўлсам, Фахриддин аканинг лирик қўшиқларини эшитгандан кейин менда қўшиқ айтишга ҳавас уйғонган. Қўшиқларини 2-3 марта эшитиб, ёдлаб олардим. Ўзларига юз фоиз ўхшатиб айтардим. Тўй-ҳашамларга чақирилган Жўрахон ака, Маъмуржон акалар келгунларича, бизга ўхшаган ёшларни даврага чиқариб, қўшиқ айттиришарди.

Бир даврада ашулаларини айтиб турганимда, Фахриддин аканинг ўзлари келиб қолганлар. Хижолат  бўлиб узр сўрасам: “Отинг нима сени?” — деб сўраганлар. “Хайрулла”, — десам, “Ашулани яхши айтаётгандинг. Сендан яхши санъаткор чиқади. Овозингни эшитиб, магнитофон қўйишибди, деб ўйлабман. Бу ишинг яхши-ю, фақат мени ашулаларимни айтавермай, ўзингникини ярат”, — деб насиҳат қилгандилар.

Уч йилга ҳарбий хизматга борганда ҳам Фахриддин аканинг қўшиқларини айтиб юрганман. Юртини соғинган ўзбек йигитлар йиғлаб тинглашарди. Ўша хизматдош дўстларим ҳали-ҳалигача қўнғироқ қилиб: “Қалайсиз, Фахриддин ака?” деб ҳазиллашиб, ҳол-аҳвол сўрашади.

Фахриддин акада тоза ўзбекона ижро бор эди. Биз кўп қўшиқларимизни Фахриддин Умаров қўшиқларидан илҳомланиб яратганмиз. Ҳозирги кунда турли миллат қўшиқлари аралашиб кетди. Ўйлайманки, ёшларимиз устозимизнинг қўшиқларини қанча кўп ўрганишса, миллий қўшиқчилигимиз шунча ривож топади.


“Онам дерман…”

Талъат САЙФУДДИНОВ:

— Мени Фахриддин Умаров билан устозим Қаҳрамон Дадаев 1964 йилда: “Бу менинг шогирдим” деб таништиргандилар. Вафот этишларидан 15-20 кун аввал кўргани борганимда, анча гаплашиб ўтирдик. Шунда: “Фахриддин ака, Самарқандда бир концертдан сўнг бир 80 ёшли онахон келиб: “Сизга минг раҳмат! Концертингизда “Онам дерман” қўшиғини эшитиб, мени ёлғиз ташлаб қўйган болам узр сўраб, хотин, бола-чақаси билан қайтиб кўчиб келди, дегани ростми?” деб сўрагандим. “Бундай воқеа фақат Самарқандда эмас, Хоразмда ҳам бўлганди”, — дедилар.


“Қандай ўргансак бўларкин…”

Хайрулла ЛУТФУЛЛАЕВ:

— Ҳаммамиз она ҳақидаги қўшиқни биринчи марта Фахриддин акадан эшитганмиз. Шоир Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” шеърига басталанган қўшиқни ҳам биринчи марта Фахриддин ака айтгандилар. Свердлов номли концерт залида: “Янги қўшиқ, сизлар биринчи бўлиб эшитяпсизлар”, деб тақдим этганлари қулоғимда қолган. Қўшиқ тугаганидан кейин зал худди музлагандай, жим-жит бўлиб қолганди. Биз — ёш санъаткорлар, “Шу қўшиқни қандай ўргансак бўларкин?” деган ҳаяжон билан эшитганмиз. Лирик, мумтоз қўшиқларни у кишига етказиб ижро этадигани йўқ эди.

Шунча йиллик ижодий фаолиятимиз давомида бутун дунёни айланиб чиқдик. Шунда ўз кўзим билан кўрдимки, бизнинг санъаткорларимиз истаган миллатнинг куйини чала олишади, қўшиқларини айта олишади. Аммо ҳеч бир миллат санъаткори бизнинг қўшиқларни айта олмайди, куйларимизни чала олмайди. Ёшларимиз мана шуни ҳис қилган ҳолда ижод қилишса, яхши бўларди…


Томошабин бир сатрни эшитиб, давомини интиқлик билан кутарди

Рустам УБАЙДУЛЛАЕВ:

— Устозимиз билан доим бирга эдим. Минг-минглаб одамларга берган концертларида ёнларида юрганимдан фахрланаман. У пайтларда микрофонлар йўқ. Катта-катта жойларда ҳам фақат ашулачига қўйилган биттагина микрофон бўларди. Биз бор кучимиз билан, қўлларимиз қонаб кетганигаям парво қилмай чалардик. Доирадан қон оқиб кетган пайтлари бўлган, аҳамият бермасдик. Концертлар 5-6 соатга чўзилиб кетарди, тонг отиб ҳам кетардики, одамлар Фахриддин акани қўйиб юборишмасди. Атрофларини ўраб олиб, ўртадан чиқаришмасди. “Фалон ашулангизни айтиб беринг!” деган илтимослар кетма-кет ёғиларди. “Илтимос, озгина овқатланиб олай?” деганларигаям қарамай, “Гапирсангиз ҳам, ўзингиз гапиринг”, деб туришарди. Фахриддин ака ширинзабон инсон эдилар. Биз ёшлик қилиб, бирор хатога йўл қўйганимизда ҳам, “Бу нима деган гап?” — деб қўпол гапирмасдилар. Аксинча:  “Фалон ишни бундай қилибсиз-ку! Унақа бўлмайди-да…” — деб мулойимлик билан айтган гапларининг таъсир кучи етарли бўларди.

Саҳна олдида минг-минглаб одам йиғилган, ўртада биттагина микрофон бўлишига қарамай, шовқин-сурон бўлмасди. Негаки, устоз ашуланинг сўзларини дона-дона қилиб айтардилар. Томошабин бир сатрни эшитиб, давомида нима деркин, деб кутиб ўтирарди. Саҳналарга ярашардилар, устознинг чиқишлари, табассум қилишларининг ўзига қарсакларга кўмиб ташлашарди. Ҳозирги қўшиқчилар худди овқат еб туриб ашула айтаётганга ўхшайди. Нима деяётганини тушунолмай, қийналасиз.

Яхши одатлари — ҳар бир концертда албатта янги қўшиқ ижро этардилар.  Бир сафар Ўткир ака парда ортида: “Фахриддин ака, бугун қанақа янги қўшиқ айтасиз?” деб сўраб: “Соғмисиз, омонмисиз? деган қўшиқни айтаман”, деган жавобни олдилар. Ва саҳнага чиқиб:  “Бугун севимли санъаткоримиз, ҳар доимгидек ўз мухлисларига “Соғмисиз, эсон-омонмисиз?” деган янги қўшиқни туҳфа этадилар”, — деб эълон қилиб юборганларида, анчагача эслаб, кулишиб юрганмиз.


Бағрикенг инсон эдилар

Мунаввара ЗОКИРОВА, жияни:

— Фахриддин аканинг холаcини набираси бўламан. Мени “Онамга ўхшайсан”, деб яхши кўрардилар. Тошкентга ўқишга келиб, у кишининг уйларида яшаганман. Бағрикенг инсон эдилар, кўп моддий ёрдам берганлар. Жуда кўп китоб ўқиганларига ҳавасим келарди. Дунёвийми, фалсафийми, динийми, барча масалаларда ўша соҳанинг вакили билан бемалол баҳслаша оладиган даражадаги кучли билимга эга инсон эдилар. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!

  Туҳфа НАЗАРОВА ёзиб олди.