Жума, 22 Июнь 2018

Кутилмаган саёҳат

Азиз хотини Диёрани бир ойдан буён чет элга саёҳатга чиқиш ҳақидаги хархашасини эшитавериб қулоғи том битди.

“Аёл кишига бир нарсани айтиб бўлмайди. Қаердан ҳам ваъда берибман”, деб ўзини ўзи койиб юрган Азизнинг қаршисида хотини пайдо бўлди-ю, шўрлик эрнинг пешонаси тиришди.

— Яхши келдингизми, дадаси? — Диёра эрининг қўлидан пакетни олиб, курткасини ечишга ёрдамлашди.

— Ҳа, яхши ўтирибсизларми?

— Ўтирибмиз, дадаси. Ҳар куни кун санайвериб тинкам қуриди. Қачон бизни дадамиз таътилга чиқар экан, деб…

— Уфф! Яна ўша дардингни кўчасига буриляпсанми?

— Нима бўпти?! Ахир ўзингиз ваъда бергансиз. Таътилга чиқсам сизларни чет элга саёҳатга олиб бораман, деб. Эсингиздан чиқдими?

— Йўқ. Ҳаммаси эсимда, миямда елимланиб турибди, — Азиз жаҳл аралаш пешонасига урди.

Диёра лабини буриб, ошхона томон юрди:

— Жаҳл қилманг! Олиб борсангиз хотинингиз билан болангизни олиб борасиз. Йилда бир марта ҳордиқ чиқарсак, нима бўлибди?

— Хўп дедим-ку, инсон! Сабр қилинглар, борамиз ўша саёҳатга.

Азизнинг бир парда кўтарилган овози Диёрани жарангдор товушини ўчирди. Жувон жимгина дастурхон ёзиб, чойнак-пиёлаларни олиб келиб қўйди. Агар эрига бир оғиз гапирса, фикридан қайтиб қолиши мумкинлигини Диёра жуда яхши билади.

Орадан уч кун ўтиб, Азизга ишхонасидан таътил берилди. Ҳамма берилган таътилдан қувонса, Азизнинг афти бужмайди. Энди ҳотамтойлик қилиб бериб қўйган ваъдасини бажариши керак.

Азиз — табиятан шўх, саёҳатларни севадиган йигит. Диёрага уйланмасдан олдин ҳам бир неча марта Туркия, Франция, Лондонларга бориб келган. Топиш-тутиши яхши. Турли давлатлар билан ҳамкорлик қиладиган, нуфузли савдо  фирмасида иш юритувчи бўлиб ишлайди. Уйлангач, Диёрага қаерларга борганини мақтаниб, суратларини кўрсатди. Диёрани ҳам ичи қизиди. Қараса, эрининг иши кўп. Сабр қилди. Фарзандли бўлди. Ўғилчаси  тўрт ёшга кирди. Диёра ҳамон чет элга бориш орзусидан воз кечмади. Бир куни Диёра Азизни маҳкам “ушлади”  ва эрининг ваъдасини олди. Азиз: “Бўлди, ишхонамдан таътилга чиққан куним, Лондонга учамиз” деб юборганини ўзиям сезмай қолди. Диёрани оғзи қулоғига ёпишди. Ҳамма дугоналарига мақтаниб чиқди. Ўзи яшаб турган вилоятдан нарига чиқмаган аёл Лондонга боришини тасаввур қилиб ҳаяжонланиб кетарди.

Азиз  таътилга чиққанини хотинига айтиб, бир пиёла чой ичмасданоқ, сайёҳлик компаниясига жўнади. “Тезда бориб чипта олиб қўйинг, ҳозир мавсум, яна шундан ҳам қуруқ қолмайлик”, деб Диёра эрини оёғини ерга теккизмай жўнатди.  Азиз йўлда кетиб борар экан,  миясига бир фикр келди.  Чўнтагидан телефонини олиб кимгадир рақам тера бошлади.

***

Азиз  сайёҳлик компаниясига бормади. Ортига қайтди.  Чиптасиз келган эрини Диёра савол назари билан кутиб олди.

— Чипта қолмабди. Тошкентдан кетамиз.

— Ана айтгандим сизга, вақтида ҳаракат қилинг, деб.

— Нима фарқи бор?! Бу ердан кетсанг ҳам борасан, Тошкентдан кетсанг ҳам. Баҳонада довонларни кўриб кетасан.

Диёра индамай уйга кирди. Ортидан Азиз ҳам одимлади.

— Ҳамма нарсанг тайёрми?

Диёра тасдиқлаб бош силкиди.

— Бўлмаса, ойим билан дадамнинг олдига бориб келамиз. Дуосини олиб қайтамиз. Ахир узоқ йўлга чиқиб кетяпмиз.

Диёра кулимсираб эрига қараб қўйди. Азиз ота-онасини ҳаж зиёратларига олиб борган. Ҳожи ота, ҳожи онани дуосини олмасдан кетиш Азиз учун  гуноҳ эди.  Неваралар қуршовида ўтирган ҳожи ота-онанинг юзидан нур балқир эди. Азиз билан Диёрани келганини кўрган она ўғлига пешвоз чиқди. Отаси дуога қўл очди.

— Илоҳо омин! Аввало шундай тинчликни бизга ато этган Аллоҳга беадад шукр! Юртимиз янада тинч, осойишта, барча ҳонадонлар хотиржам бўлсин. Доимо юзимиз ёруғ, қадримиз бунданда зиёда бўлсин. Фарзандларим, сизлар ҳам тинч, тотув, ахил-иноқ бўлинглар. Қаторингиздан кам бўлмасин!

Ота юзига фотиҳа тортиб, Азизга юзланди. Азиз юзида шодлик балқиб, гап бошлади.

— Отажон, келинингиз билан бир айланиб келмоқчи эдик.

— Қаерга борасизлар, ўғлим?

— Тошкентга борайлик-чи…

— Ҳа, майли, йўлингиз бехатар бўлсин! Эсон-омон бориб келинглар.

Азиз хотини билан ота-онаси ҳузуридан ярим тунга яқин чиқди. Диёра ҳамон орзулар оғушида, Лондонни кўришга ўзини руҳан тайёрламоқда эди. Диёра ўғлини кийинтирди. Азиз ҳам кийиниб, тонгда учови йўлга тушди. Диёра машинада довонларни, тоғларни ҳайрат билан томоша қилиб борарди. Ўғли ҳам чуғурлаб, дадасига нималарнидир кўрсатиб кетарди.

Тошкенти азим ёш оилани ўзининг гавжум бағрида кутиб олди. Диёра пойтахтни  шунчалик гўзаллашиб кетганини кўриб, оғзи очилиб қолди. Лекин унинг хаёли ҳамон Европада эди. Азиз серқатнов машиналар йўлида такси тўхтатди. Диёра эрининг ҳаракатларини кузатиб ҳеч нарсага тушунмас эди. Ичида “Шу ердан кетсак керак-да аэропортга”, деб  қўйди. Азиз шошиб келди. Юк сумкаларини кўтариб, хотинини эргаштириб оппоқ “Cobalt” олдига олиб келди. Ҳайдовчи ҳам хушхандон экан, дарров сумкаларни юкхонага юклаб, Диёрага машина эшигини очиб берди.

— Мана, ҳозир аэропортга етиб борамиз, — деб қўшиб ҳам қўйди.

Азиз ҳайдовчига қараб кулиб, хотинининг олдидан жой олди. Машина йўлга тушди. Диёра йўл юриб чарчаган эди, эрини елкасига бош қўйиб ухлаб қолди. Текис йўлда кетаётган машина Диёрани аллалаб кетарди. Орадан бир қанча вақт ўтди. Диёра уйқусираб  ёнига қаради. Ҳамон таксида эканини кўриб, Азизга қаради. Ахир шунча ухлади. Бу пайтда  аэропортга келиб бўлиши керак эди-ку. Азиз хотинига қараб кулимсиради.

— Аэропортга етмадикми? — Диёрани саволини ҳайдовчи ҳам эшитди.

— Энди етасиз, янга. Аэропорт нима бўлибди, ундан зўр жойга кетяпсиз, — деб ҳайдовчи пешона ойнасидан Азизга кўз қисиб қўйди.

— Қаерга кетяпмиз? — Диёра машина ойнасидан қаради: ҳаммаёқ  бийдай дала.

— Жим кетавер, етганда кўрасан.

Азизнинг гапи Диёрага ғалати туйилди. Лекин бошқа гапирмади. Улар Самарқанд шаҳрига етиб келишди. Регистон майдонига келиб тўхтаган такси ҳайдовчиси эр-хотинга тушиш учун ёрдам берди. Диёра қаршисидаги улкан минораларга, обидаларга қараб, бир зум оғзи очилди. Бу кўҳна шаҳарни телевизорда кўрган ва боришни роса орзулаган эди. Азиз хотинининг маҳлиё бўлиб қолганини кўриб секин туртди.

— Мана сенга, Лондон, Париж…

— Ёлғончи! — лабини чўччайтирди Диёра. — Бу ерларни кейин кўрсак ҳам бўларди.

— Анавиларни қара, — Азиз майдонда айланиб юрган чет эллик сайёҳларга ишора қилди: — ўшалар европалик. Бири Лондон, бири Франциядан келган. Улар бу ерда юрса, биз уларни юртида нима қиламиз? Улар ҳайратланиб томоша қилаётган  нарсалар — бизники. Биз ҳайратланишга улардан-да ҳақлироқмиз. Сен ҳам ҳайратлан, истганча завқлан!

Диёра эрини қучоқлаб олгиси келди. Мижжаларига ёш қалқиб, майдон томон юра бошлади. Шердор, Бибихоним, Гўри Амир мақбараларини кўзларига суриб зиёрат қилди. Азизнинг таржимонлигида европаликлар билан танишди. Улар Самарқандни оғизларидан бол томоб мақташди. Бу ерга келиш уларнинг азалий орзуси эканлигини эшитган Диёра, ичига сиғмай кетди.

Азиз хотини билан ўғлини Бухорога олиб кетди. Диёра умрида кўрмаган, ўз юртининг шундай бебаҳо бойликлари, боболаридан мерос қолган ёдгорликларни кўриб, севиниб, худди ёш боладек энтикиб кетди. Диёра эрининг ақлига тасаннолар ўқиди. Шундай турмуш ўртоғи борлигидан фахрланиб ҳам қўйди. Азиз бир чеккага ўтиб, онасига қўнғироқ қилди

— Онажон, айтганингиздай, келинингиз ёш боладек хурсанд. Лондонни эсидан чиқарди.

Она ўғлига нимадир деди, шекилли, Азиз қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.

Ёш оиланинг саёҳати Хоразмда тугади. Олам-олам таассурот билан қайтган Диёра, сафар суратларини кўрсатиб, оғзини тўлдириб барча дугоналарига мақтанди.

 

Мансурбек РЎЗИЕВ тайёрлади.