Жума, 14 Декабрь 2018

Кулгуга нима етсин (Хандалар)

Кўп қаватли иморатнинг томидан учиб келаётан ғиштлардан бири иккинчисига сўз қотди:

— Бекор учяпмиз! Ҳаво ёмон, учмаган маъқул эди.

— Ҳавони қўй! Яхши одамнинг бошига тушишнинг ташвишини қилсанг-чи?!

***

— Яхши қўшиқни ёмон қўшиқдан ажратиш жуда осон, мен сенга айтсам.

— Қандай қилиб?

— Буни билишнинг йўли осон: яхши қўшиқ — биз ёшлигимизда мазза қилиб эшитганларимиз, ёмони — бугунги ёшлар мазза қилиб эшитаётганлари…

***

Ўйлаган нарсаларинг амалга ошмагани ёмон… Аммо ўйламаганларинг амалга ошгани даҳшат…

****

Оёқда зўрға турадиган аҳволда уйга келган эрга хотин бақирди:

— Сизни маст аҳволда кўришни истамайман, деб неча марта айтдим?!

— Унда нега ярим кечагача ухламай, мени кутиб ўтирибсан?!

***

Башарангни ақлли қилдингми, ундан фойдаланишни ҳам уддала!

***

Ишлашга вақтим йўқ, пул топишим керак!

***

Катта харажатдан эмас, кичкина даромаддан қўрқ!

***

Ибтидоий одамнинг ўғли ўқишдан қайтиши билан отасининг олдига кундалик дафтар ўрнида ишлатиладиган мармар тахтачани қўйди. Баҳоларни кўрган отанинг фиғони фалакка чиқди:

— Она тилидан баҳоинг “тўрт” эканлигини тушунса бўлади, ўзи яқиндан бери гапира бошладик. Ҳисоб фанидан “тўрт” олганингга ҳам чидаса бўлади. Негаки ҳали миямиз унчалик ривожланган эмас. Лекин тарихдан “тўрт” олганинг нимаси, каллаварам?! Ахир тарихимиз бор-йўғи бир ярим саҳифа-ку!

***

Суҳбат — бу уч аёлнинг  ҳовлидаги ўриндиқда гаплашиб  ўтириши. Улардан бири туриб кетиши билан эса суҳбатнинг ғийбатга айланиб кетиш эҳтимоли ошади…

***

Йирик корхона раҳбари солиқларни нотўғри кўрсатганликда айбланди. У ўзини оқламоқда:

— Бор-йўғи анча юрилган, эски машина сотиб олдим, холос.

— Шаҳар марказидаги катта квартира-чи? Икки қаватли дала-ҳовли-чи? Улар осмондан тушдими?

— Машинанинг қайтимига олганман!

***

Бажарилган ишдан роҳатланишни истасанг… уни бажаришни бошқа бировга топширишнинг ўзи кифоя.

***

— Қани, айтинглар-чи, қушларга пул керакми?!

— Йўқ, қушлар пулни бошига урадими?

— Шуни айтаман-да… Лочинларим, бу ой ҳам сизларга мукофот пули тўлай олмайдиганга ўхшаяпман?!..

***

— Дадаси, сизга тарвуздан кейин асал еманг, улар бир-бирига тўғри келмайди, дегандим-ку?

— Аксинча, улар топишиб олиб, мени ҳалок қилишмоқчи. Вой, жоним…

****

Афандининг қўшниси чакаги очиқ хотинидан шикоят қилиб чиқиб қолди.

— Э, ука, ўзи нимагаям уйландинг-а? Бир ўзинг мазза қилиб беташвишгина яшаб юраверсанг бўларди-ку?

— Тўғри, хотин — ташвиш. Лекин керакли ташвиш-да!..

***

— Айбланувчи, айтинг-чи, автоҳалокат қандай содир бўлди?

— Қайнанам “чапга бурилинг” деди, хотиним “ўнгга буриласиз” деди. Мен икковининг ҳам айтганини қилдим. Ахир оилавий жанжалга йўл қўёлмайман…

***

Ишдан қайтаётган эр уни кўчада кутиб олаётган хотинига деди:

— Бой бўлар экансан, жоним! Ўлай агар, сени танимадим!

— Тўғри, бугун ростдан бой бўладиган куним, қани, маошни чўзинг-чи!

***

— Азизим, менга мана шу тилла узукни олиб беринг?

— Норкадан тикилган пўстиннинг ўрнигами?

— Йўқ, гулдастанинг ўрнига!

***

Аёл эридан шубҳалана бошлади:

— Ҳозир ўз кўзим билан газетада ўқидим. Мунажжимлар башоратида аллақандай сариқ сочли қиз билан танишишингизни ёзиб қўйишибди!

— Яхшилаб ўқи-чи! Балки манзили билан қўл телефонининг рақами ҳам ёзилгандир?!..

***

Узоқ сукут сақлаш қийин — тил айтилмаган сўзлар остида қолиб, қаттиқ азоб чекади…

***

Рашкчи йигит ва қиз бир ниятда турмуш қуришди: бир-бирларини кузатиб юриш учун…

***

Дунёда энг қаттиқ асаббузарлик келтирган фикр, ўзинг истамаган тарзда тасдиқлашингга мажбур бўлган фикрдир!

***

Дам олиш кунлари худди пулдай гап, қанча бўлса ҳам, ортиқчалик қилмайди!

***

Икки марта уйландим, иккаласиям омадсиз никоҳ бўлди — биринчи хотиним кетиб қолди, иккинчиси кетмаяпти!

Дилдора НАЗАРОВА тайёрлади.